• Пт. Ноя 7th, 2025

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Envirol Ўзбекистонда оқова сувларни тозалаш ва ёғларни қайта ишлаш лойиҳасига 50 млн доллар инвестиция киритади


Ўзбекистонда оқова сувларни қайта ишлаш ва ёқилғи маҳсулотлари ишлаб чиқариш бўйича лойиҳа амалга оширилиши режалаштирилмоқда. Бу ҳақда 7 октябрь куни Қонунчилик палатаси мажлисида Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазири Шерзод Ҳидоятов маълум қилди.

50 миллион доллар қийматидаги лойиҳани БААнинг Envirol компанияси амалга оширади. Вазирнинг сўзларига кўра, лойиҳанинг асосий мақсади — ошхоналардан чиқаётган оқова сувлардаги ёғларни ушлаб қолиш учун фильтрлар ўрнатишдир.

«Амалдаги тартибга кўра, бир литр оқова сувда бир миллиграмм ёғ оқизилиши мумкин бўлиб, лекин ошхоналардан чиқаётган оқова сувлар ёғларини ушлаб қолиш бўйича тизим мавжуд эмаслиги сабабли, меъёрлардан ортиқ ёғ моддалари тармоқларга ва иншоотлар фаолиятига жиддий зарар етказмоқда», — деди Шерзод Ҳидоятов.

Компания махсус фильтрлар ўрнатади, улар орқали оқова сувлардаги ёғлар ушлаб қолинади. Бу хом ашё кейинчалик қайта ишланиб, совун ва ёқилғи-мойлаш материаллари ишлаб чиқаришда қўлланилади.

2025 йил январь ойида «Ўзсувтаъминот»АЖ раиси вазифасини бажарувчи Аҳмад Сувонқулов оқова сувларни тозалаш, нефтни қайта ишлаш ва биоёқилғи ишлаб чиқариш бўйича Envirol компанияси билан ҳамкорлик тўғрисидаги келишувни имзолаган эди.

Май ойида Инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Қудратов Envirol вакиллари билан Марказий Осиёдаги биринчи чиқиндидан биёёқилғи ишлаб чиқарувчи заводни Ўзбекистонда қуриш истиқболларини муҳокама қилганди.

Envirol компанияси 2006 йилда Дубайда ташкил этилган бўлиб, Дубай ҳукумати билан кунлик қуввати 500 000 литрдан ортиқ бўлган чиқинди мойларни қайта ишлаш бўйича ташкил топган қўшма корхонадир. У Alserkal Group’нинг шўъба корхонаси ҳисобланади.

Эслатиб ўтамиз, ҳукумат қароригамувофиқ, 2026 йилнинг 1 июлидан бошлаб фақат оқова сувлардаги ёғ-мой маҳсулотлари ажратиб олинишини таъминлайдиган ёғ-мой тутгич ускуналари мавжуд бўлган умумий овқатланиш корхоналарига марказлашган оқова сув тизимларига уланишга рухсат берилади. Улар ҳар ойда камида бир маротаба ускуналарни чиқинди ёғ-мойлардан тозалаши, ушбу чиқиндиларни қайта ишлаши ва утилизация қилиши керак бўлади. Хусусан, чиқинди ёғ-мойлардан хўжалик совунлари, ҳайвон озуқалари ва бошқалар ишлаб чиқарилиши йўлга қўйилади.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *