Чирчиқ шаҳридадаги Республика ихтисослаштирилган она ва бола саломатлиги илмий-амалий тиббиёт марказининг Тошкент вилояти филиалида чақалоқ сиам эгизаклари операция орқали ажратиб олинди, дея хабар бермоқда Соғлиқни сақлаш вазирлиги.
Қайд этилишича, сиам эгизаклари ҳомиладорликнинг 33−34-ҳафтасида кесарча кесиш йўли билан муддатидан аввал дунёга келган. Улар туғуруқдан 9 соат ўтиб, шошилинч равишда ва маҳаллий шароитда мураккаб амалиёт орқали ажратиб олинган.
Беш соат давом этган технологик операция Республика перинатал маркази қошидаги Неонатал хирургия маркази раҳбари, тиббиёт фанлари доктори, профессор Бахтиёр Эргашев бошчилигидаги бир гуруҳ малакали мутахассислар томонидан бажарилган, дейилади ССВ хабарида.
Соғлиқни сақлаш вазири Асилбек Худаяров ушбу чақалоқлар ҳолидан хабар олди. Операцияда иштирок этган бир гуруҳ мутахассислар «Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш аълочиси» кўкрак нишони билан тақдирланди.


«Бундай ўта мураккаб амалиётлар ҳамма давлатларда ҳам амалга оширилавермайди. Ҳатто, тиббиёти тараққий этган мамлакатларда ҳам узоқ муддатли таҳлиллар ва катта тайёргарликдан сўнг бажарилади. Чунки бу — ўта ноёб операция. Мана шундай муддатидан аввал туғилган сиам эгизакларининг шошилинч равишда ҳамда вилоят даражасида муваффақиятли ажратиб олиниши мамлакатимиз тиббиёти янги босқичга кўтарилганининг ёрқин далилидир», — деди вазир.
Вазирликка кўра, саломатлиги яхшиланган чақалоқлар ва уларнинг онасига бугун шифохонадан уйига жавоб берилган.


