Тошкент шаҳрида ва Сурхондарё вилоятида жиноят иши бўйича айбланувчиларга жазони ўзгартириб бериш эвазига улардан пул талаб қилган адвокатлар қўлга олинди, деб хабар бермоқда Давлат хавфсизлик хизмати.
Тошкентдаги адвокатлик фирмаси адвокати 36 ёшли фуқародан 3700 доллар олган вақтида ДХХ ва Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент ходимлари томонидан ашёвий далиллар билан ушланди.
У фуқарога нисбатан Яшнобод тумани ИИО ФМБ Тергов бўлими томонидан Жиноят Кодексининг 168 (Фирибгарлик) ва 211-моддалари (Пора бериш) билан қўзғатилган жиноят ишида унга нисбатан танланган эҳтиёт чорасини ўзгартириб бериш эвазига ундан пул талаб қилган.
Ҳозирда адвокатга нисбатан Жиноят Кодексининг 168-моддаси 3-қисми «а» банди (Кўп миқдорда фирибгарлик) ва 28,211-моддаси (Пора бериш) 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Шунингдек, Сурхондарё вилояти Денов туманида фаолият юритувчи адвокатлик фирмаси адвокати ноқонуний равишда фуқародан 60 млн сўм олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.
Аниқланишича, адвокат ўзининг суд тизимидаги танишлари орқали ЖИБ Денов туман судида кўриб чиқилаётган жиноят иши бўйича айбланувчига нисбатан енгил турдаги жазо тайинланишида ёрдам беришни ваъда қилган.
Ҳозирда унга нисбатан Жиноят Кодексининг 168-моддаси 3-қисми «в» банди (хизмат мавқеидан фойдаланган ҳолда содир этилган фирибгарлик) ва 28,211-моддаси (Пора бериш) 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилди. Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
