Навоий вилояти Қизилтепа туманида эркак ажрашиш учун ариза берган ва алиментдан воз кечмаган турмуш ўртоғини 14 август куни Damas автомашинасида уриб кетгани ҳақида хабар қилгандик. Хабарда эркакка нисбатан енгил айблов — Жиноят кодексининг 266-моддаси (Транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш / 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш) билан жиноят иши қўзғатилгани айтилганди.
Бош прокуратуранинг Gazeta’га маълум қилишича, 19 сентябь куни жиноят иши Жиноят кодексининг 104-моддаси 2-кисми «л» бандига (Совуқ қурол сифатида фойдаланилиши мумкин бўлган ашёларни ишлатиб содир этилган қасддан баданга оғир шикаст етказиш / 5 йилдан 8 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади) қайта малакаланган.
Қайд этилишича, 14 август куни соат тахминан 09:00 ларда Ш. А. ўзининг бошқарувида бўлган Damas автомашинасида Қизилтепа туман «Ўзбекистон» МФЙ ҳудудидан ўтувчи ички йўлдан ҳаракатланиб, ушбу йўлнинг ўнг томонидан ҳаракатланаётган фуқаро З.C.ни автомашинасининг олд қисми билан уриб юбориб, йўл-транспорт ҳодисаси содир қилган.
Оқибатда пиёда З.C. Қизилтепа тумани тиббиёт бирлашмасининг тиббий маълумотномасига кўра кўра «оғир тан жароҳати» олган.
18 сентябрь куни фуқаро З.С. гувоҳ сифатида сўроқ қилиниб жабрланувчи ва фуқаровий даъвогар деб топилган.
19 август РСЭИАМ Навоий филиали Қизилтепа туман бўлимининг тиббий экспертиза хулосасига кўра қўшма оғир травма, бош мия чайқалиши, энса соҳасида лат яра, чап томон 6-қовурға синиши, вертебро-спенал травма, 1-бел умуртқа танаси синиб силжиши, 1-бел умуртқа танаси синиб чиқиши ва орқа мияни босиши эпидурал гематомаси, орқа мия бел соҳасидан лат ейиши, орқа мия функцияси бузилиши каби ҳаёт учун хавфли бўлган оғир тан жароҳатларини олгани аниқланган.
