• Пт. Ноя 7th, 2025

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Бешта хорижий компания Тошкент шаҳрида ва вилоятларда оқова сувларни тозалаш лойиҳаларини амалга оширади


Ўзбекистон қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазири Шерзод Ҳидоятов 7 октябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасида бўлиб ўтган мажлисда оқова сувларни тозалаш соҳасида амалга оширилиши режалаштирилаётган давлат-хусусий шериклик лойиҳалари ҳақида маълумот берди.

Энг йирик лойиҳалардан бири Тошкент шаҳрининг Сергели туманида «Салор» оқова сув иншоотидан чиқаётган бадбўй ҳид муаммосини ҳал қилишга қаратилган.

«Ушбу муаммони тизимли ҳал этиш, шу билан бирга йил сари ортиб бораётган аҳолини оқова сув хизматлари билан таъминлаш, янги Тошкент ҳудудига оқова сув чиқариш хизматларини кўрсатишни ташкил этиш мақсадида бир суткада 1 миллион метр куб оқова сув тозалаш иншоотини қуриш бўйича Бирлашган Араб Амирликларининг TAQA компанияси билан қиймати 1 миллиард доллар бўлган лойиҳани амалга ошириш режалаштирилган», — деди Шерзод Ҳидоятов.

Лойиҳага кўра, Тошкент шаҳрининг «Салор» ва «Бектемир» иншоотларидан келаётган сув «Сурум» маҳалласи ҳудудида қуриладиганянги объектга юборилади. 42 км узунликдаги канализация коллекторини қуриш режалаштирилмоқда. Ишга туширилганидан кейин янги мажмуа оқова сувлар тўлиқ тозаланишини таъминлайди, иккита эски иншоот фаолияти эса тўхтатилади.

«Лойиҳа ҳозирги кунда Янги Тошкент шаҳрини қуриш дастури билан параллел равишда бошланиши айни муддао бўлиб, келгусида Янги Тошкент ҳудуди ҳам мазкур иншоотга уланади», — деди вазир.

Яна иккита лойиҳа БАА компаниялари билан амалга оширилиши режалаштирилган. Etihad компанияси иштирокида Қашқадарё вилоятида оқова сув тизими 600 миллион долларга модернизация қилинади. Envirol билан эса қиймати 50 миллион доллар бўлган оқова сувларни қайта ишлаш ва ёқилғи маҳсулотларини ишлаб чиқиш, шунингдек ошхоналардан чиқаётган ёғларни ушлаб қолиш учун фильтрлар ўрнатиш лойиҳасини амалга ошириш режалаштирилган.

Бундан ташқари, Саудия Арабистонининг Miahona компанияси иштирокида Фарғона ва Жиззах вилоятларида оқова сув чиқариш тизимини жорий этиш, БААнинг Metito компанияси билан эса Наманган вилоятида таъмирталаб бўлган иншоотни тўлиқ таъмирлаш орқали унинг қувватини бир суткада 100 минг метр куб оқова сувларни тозалаш имкониятига етказиш режалаштирилган.

Лойиҳа оқова сувни тозалаш учун зарур бўлган «актив ил»ни гранула тарзида етиштириш, оқова сувни кислородга тўйинтириш орқали оқова сув тозалаш самарадорлигини ошириш имконини берувчи Nereda технологиясидан фойдаланишни кўзда тутади. Шерзод Ҳидоятовнинг сўзларига кўра, лойиҳанинг амалга оширилиши қўшимча 200 минг нафар аҳолига хизмат кўрсатишни яхшилаш имконини беради.

2025 йилда бюджет ва халқаро молия институтлари иштирокида амалга оширилаётган ишлар натижасида аҳолини марказлашган оқова сув хизматлари билан қамраб олиш даражасини 20,5% дан 22,3% га етказиш режалаштирилмоқда.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *