Жорий йилнинг ноябрь-декабр ойларида Ўзбекистонда атом электр станцияси қурилиши бўйича жамоатчилик эшитувлари ўтказилиши режалаштирилган. Бу ҳақда 6 октябрь куни Жиззах вилоятининг Фориш туманидаги қурилиш объектига пресс-тур чоғида АЭС қурилиши дирекцияси раҳбари Абдужамил Калмуратов маълум қилди, деб ёзмоқда Spot.
Эшитув қоидаларини Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ишлаб чиқади. Уларда Жиззах вилояти ҳокимлиги вакиллари иштирок этиши мумкин.
Жамоатчилик муҳокамаси савол-жавоб, сўнгра овоз бериш тарзида ўтказилади. Иштирок этишга барча, жумладан, журналистлар ва хорижий давлатлар вакиллари таклиф этилади.
Дирекция раҳбари жамоатчилик эшитувлари натижаларига кўра «Росатом» билан АЭС қурилиши бўйича шартномани бекор қилиш эҳтимоли ҳақидаги саволга жавоб берар экан, ҳужжатга ўзгартиришлар киритиш мумкинлигини билдирди.
«Гап шартномани бекор қилиш ҳақида кетмаяпти. Эшитувларда лойиҳанинг атроф-муҳитга таъсири муҳокама қилинади. Шартнома ёки лойиҳага ўзгартиришлар киритиш мумкинми — ҳа, нега энди йўқ?», — деди у.
АЭС ҳудуди 2018 йилдан буён экологик экспертизадан ўтказилиб келинмоқда. Лойиҳа доирасида флора ва фауна ҳолати, ерости сувлари, атмосфера ҳавоси бўйича хулосалар олинган, деб ёзди нашр. Метеорологик ва сейсмик маълумотлар таҳлил қилинган.
«Ўзатом» атроф-муҳитга таъсирни баҳолаш учун лойиҳа институтларини ҳам жалб қилган.
Шунингдек, Абдужамил Калмуратов АЭС ҳудудида кичик электр станцияси учун котлован қазишга тайёргарлик кўрилаётганини ҳам маълум қилди. Иш 9−10 октябрь кунлари бошланади. Унинг қўшимча қилишича, баъзи ишлар белгиланган муддатдан икки, уч ва ҳатто беш ой олдинда.
Аввал хабар қилинганидек, Enter Engineering компанияси Ўзбекистондаги биринчи АЭС қурилишига субпудратчи этиб белгиланган. Абдужамил Калмуратов мазкур қарор танлов асосида қабул қилингани, бу борадаги ишлар республика бюджети ҳисобидан молиялаштирилаётганини таъкидлади. У ишчиларнинг маошларини тўлашда ҳеч қандай муаммо бўлмаслигини айтди.
Ўзбекистон Атом энергияси агентлиги («Ўзатом») директори Азим Ахмедхаджаев сентябрь охирида жамоатчилик муҳокамаларини ўтказиш режалари ҳақида гапирганди. Шунингдек, Жиззах вилояти аҳолиси АЭС қурилишини қўллаб-қувватлаётгани ва ишлар бошланишини кутаётганини таъкидлаганди.