• Пт. Ноя 7th, 2025

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

9 октябрь куни эълон қилинган энг муҳим янгиликлар дайжести – Ўзбекистон янгиликлари – Gazeta


Нодир Ғаниев Ўзбекистоннинг Монакодаги биринчи элчиси бўлди

Нодир Ғаниев Ўзбекистоннинг Монакодаги биринчи элчиси этиб тайинланди. У бир вақтда мамлакатнинг Франция ва Португалиядаги элчиси вазифасида ҳам фаолият юритади.


дайжест

Ўзбекистон ва АҚШнинг кўплаб халқаро масалалар бўйича позициялари яқинлашмоқда — Абдулазиз Камилов

Тошкент ва Вашингтоннинг қатор минтақавий ва глобал масалалар бўйича қарашлари тобора яқинлашиб бормоқда, деди Ўзбекистон президентининг ташқи сиёсат бўйича маслаҳатчиси Абдулазиз Камилов. Шунингдек, у АҚШнинг Ғазодаги урушни тўхтатиш режасини қўллаб-қувватлади.


дайжест

Инсон ҳуқуқлари ташкилотларининг анъаналаримизга тўғри келмаган насиҳатини қабул қилмаймиз — Абдулазиз Камилов

Ўзбекистон Европа инсон ҳуқуқлари ташкилотларига доим очиқ. Абдулазиз Камилов улар мамлакатга келиб, маслаҳат беришлари мумкинлигини айтди. «Агар бизга маъқул бўлса, бирга ишлаймиз. Бизнинг менталитетимизга, анъаналаримизга тўғри келмаса, биз буни қабул қилмаймиз», — деди у.


дайжест

Ўзбекистон президенти — Солженициннинг ўғлига: «Биз сизнинг оилангизни жуда ҳурмат қиламиз»

Нью Йоркда америкалик бизнесменлар билан учрашув чоғида президент Шавкат Мирзиёев McKinsey компаниясининг катта ҳамкори Ермолай Солженицин — ёзувчи Александр Солженициннинг ўғли билан суҳбатлашди. У бўлғуси Нобель совриндори саратон касаллигидан Тошкентда даволанган даврни эсга олди.


дайжест

Шавкат Мирзиёев Тожикистонга етиб борди

Шавкат Мирзиёев МДҲ Давлат раҳбарлари кенгашининг навбатдаги йиғилишида иштирок этиш учун Душанбега етиб борди.


дайжест

Шавкат Мирзиёев Эмомали Раҳмонга «МО — Россия» ва МДҲ саммитлари мезбонлигида муваффақият тилади

Душанбеда «Марказий Осиё — Россия» иккинчи саммити ва МДҲ йиғилиши олдидан Ўзбекистон ва Тожикистон президентлари учрашди. Шавкат Мирзиёев ҳамкасбига бўлажак тадбирларни ўтказишда муваффақият тилади ва МДҲ раислиги самарали бўлгани билан табриклади.


дайжест

«Ўзбекистон Ғазода ўт очишни тўхтатиш бўйича эришилган келишувни олқишлайди» — ТИВ

Ўзбекистон ТИВ Ғазо секторида ўт очишни тўхтатиш ва гаровдагиларни озод этиш бўйича келишувни олқишлаб, АҚШ президентининг кўмагини қайд этди. Тошкент Миср, Қатар ва Туркиянинг саъй-ҳаракатларини ҳам таъкидлади. «Ўт очишни тўхтатиш вақтинчалик чора эмаслигига ишончимиз комил», — дейилади баёнотда.


дайжест

Ўзбекистон углеводород қидириш ва қайта ишлашда МО давлатлари ва Россия ҳамкорлигини кенгайтиришни таклиф қилди

«МО — Россия» саммитида Ўзбекистон президенти углеводород қидириш ва қайта ишлаш, энергия тежаш ва яшил технологиялардаги ҳамкорликни кенгайтириш, минтақа давлатларида «Сколково» филиалларини очиш, Ўзбекистонда атом энергетикаси бўйича Минтақавий компетенциялар марказини ташкил этишни таклиф қилди.


дайжест

Минтақавий хавфсизлик, савдо ва энергетика. Шавкат Мирзиёевнинг «МО — Россия» саммитидаги нутқи

Шавкат Мирзиёев «МО — Россия» саммитидаги нутқида сиёсий мулоқотни тизимли асосда давом эттириш, транспорт ва саноат кооперациясини чуқурлаштириш, рақамли технологиялар ҳамда кадрлар тайёрлаш соҳасида янги форматда ҳамкорлик йўлга қўйишни таклиф этди. Якунда Қўшма ҳаракатлар режаси қабул қилинди.


дайжест

Бешта хорижий компания Тошкент шаҳрида ва вилоятларда оқова сувларни тозалаш лойиҳаларини амалга оширади

Қурилиш вазири Шерзод Ҳидоятов оқова сувларни тозалаш соҳасидаги ДХШ лойиҳаларини тақдим этди. Хусусан, TAQA компанияси билан Тошкентда 1 млрд долларлик тозалаш иншоотлари қурилади, Қашқадарёда канализация тизими модернизация қилинади, Наманган, Фарғона ва Жиззахда янги технологиялар жорий этилади.


дайжест

Ўзбекистонда мис сим экспортига бож жорий этилади — ССП раҳбари

Президент мис сим экспортига бож жорий этиш таклифини қўллаб-қувватлади. Бу мисни қайта ишлаш ва тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришни рағбатлантиришга қаратилган, деди ССП раиси Даврон Ваҳобов. Мис маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиларга 100 млн доллар ажратилади ва ОКМКдан мис сотиб олишга имтиёз узайтирилади.


дайжест

Ўзбекистонда олтин қуймалари нархи илк бор 5 грамм учун 8 млн сўмдан ошди

Ўзбекистонда олтин қуймалари нархи илк бор 5 грамм учун 8 млн сўмдан (кечагидан 122 минг сўм қимматроқ) ошди. Йил бошидан буён маҳаллий бозорда олтин нархи 42 фоизга ўсди. Жаҳон бозорида олтин нархи троя унцияси учун $4000 дан ошди. Таҳлилчилар бозор қизиб кетиши мумкинлигидан огоҳлантирмоқда.


дайжест

Ўзбекистондаги кичик АЭС қиймати $1 миллиарддан ошмайди — дирекция раҳбари

Ўзбекистонда қурилиши кутилаётган кичик қувватли АЭС қиймати 1 млрд доллардан ошмайди. Лойиҳанинг якуний қиймати шартнома имзолангандан сўнг маълум бўлади. АЭС қурилиши дирекцияси раҳбари Абдужамил Қалмуратов лойиҳа давлат бюджети маблағлари ҳисобидан амалга оширилаётганини таъкидлади.


дайжест

Қорақалпоғистонда 2 млрд долларлик 27 та лойиҳани ишга тушириш режалаштирилмоқда — Саида Мирзиёева

Президент Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева маълум қилишича, Қорақалпоғистонда 2 млрд долларлик 27 та лойиҳа амалга оширилиши режалаштирилган. Ушбу лойиҳалар саноат, логистика, қишлоқ хўжалиги ва соғлиқни сақлаш соҳаларини қамраб олади ҳамда қарийб 10 мингта иш ўрни яратилади.


дайжест

Кредитни қайтариш жадвалидаги ҳар қандай ўзгаришлардан банкларнинг ўзи мижозни хабардор қилиши керак — МБ

Марказий банк қонунчиликка кўра кредитни қайтариш жадвалидаги ҳар қандай ўзгаришлардан банкларнинг ўзи мижозни хабардор қилиши кераклигини эслатди. Банкларга кредит шартномаларига истеъмолчилар ҳуқуқларини чекловчи бандларни киритиш амалиётига чек қўйиш топширилди.


дайжест

«Ҳаётнинг ҳамма неъматларидан баҳраманд бўлиш керак» — Шимолий қутбга борган тошкентлик ўқувчи қиз

Тошкентлик 16 ёшли Алина Чембаева атом музёрарида тўққиз кун вақт ўтказиб, Шимолий қутбда бўлди. Ўқувчи қиз Gazeta билан суҳбатда халқаро экспедициядаги иштирокидан кейинги таассуротлар билан ўртоқлашди ва бу тажриба унинг келгусидаги режаларига қандай таъсир кўрсатгани ҳақида сўзлаб берди.


дайжест

Тошкент вилоятида чақалоқ сиам эгизаклари операция орқали ажратиб олинди

Тошкент вилоятида муддатидан олдин туғилган сиам эгизаклари шошилинч ва мураккаб операция орқали ажратиб олинди. Амалиёт улар туғилгандан тўққиз соат ўтгач амалга оширилган ва беш соат давом этган. ССВга кўра, уларга шифохонадан уйларига жавоб берилган.


дайжест

Тошкент ва Сурхондарёда айбланувчиларнинг жазосини ўзгартириб бериш учун пул олган адвокатлар ушланди

Тошкент шаҳрида ва Сурхондарё вилоятида жиноят иши бўйича айбланувчиларга жазони ўзгартириб бериш эвазига улардан пул талаб қилган адвокатлар қўлга олинди. Тошкентда адвокат фуқародан 3700 доллар, сурхондарёлик адвокат эса 60 млн сўм олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.


дайжест

Навоийда алиментдан воз кечмаган хотинини машинада уриб кетган эркакка нисбатан очилган жиноий иш қайта малакаланди

Қизилтепа туманида алиментдан воз кечмаган хотинини машинада уриб кетган эркакка нисбатан очилган иш Жиноят кодексининг 266-моддасидан 104-моддаси 2-кисми «л» бандига қайта малакаланган.


дайжест

«Фақат адолат кутяпман». Фурқат тумани ИИБ ходимлари таҳқирлаган аёл иши бўйича суд бошланди

Жиноят ишлари бўйича Қува тумани суди Фурқат тумани ИИБ ходимлари таҳқирлаб, калтаклаган аёл ишини кўриб чиқмоқда. Судда аудио-видеога рухсат берилмади. «Фақат адолат кутяпман… Ҳеч қайси аёлга бу кунни тиламайман, ноҳақликдан додлаб йиғламасин, кўчада юзшувут бўлмасин», — деди Гулираъно Қосимова.


дайжест

Ўзбекистондаги хорижий фуқаролар виза муддатини узайтириш учун энди онлайн мурожаат қилиши мумкин

Ягона интерактив давлат хизматлари порталида Ўзбекистонда бўлиб туриш учун визалар муддатини узайтириш функцияси пайдо бўлди. Ариза берувчи керакли маълумотларни тўлдириб, виза муддатини узайтириш учун асос ҳужжат ва паспорт нусхасини илова қилиши керак. Аризалар 15 иш куни ичида кўриб чиқилади.


дайжест

Газ билан иситиш ускуналарини қишга қандай тайёрлаш ва унинг хавфсизлигига қандай ишонч ҳосил қилиш мумкин? ФВВ маслаҳатлари

Ўзбекистонда сўнгги йилларда ёнғинлар сони камаймоқда, бироқ совуқ мавсумда ис газидан заҳарланиш ва газ-ҳаво аралашмасининг портлаш хавфи юқорилигича қолмоқда. ФВВ ва бошқа хизматлар мутахассислари иситиш мавсуми бошланишидан олдин ҳодиса сабаблари ва уларнинг олдини олиш чораларини эслатди.


дайжест

Оҳангаронда пул эвазига ҳокимлик балансидаги уйни фуқаро номига ўтказмоқчи бўлган бош юрисконсульт ушланди

Оҳангарон туман ҳокимлиги бош юрисконсульти пора олишда гумонланиб ушланди. У ҳокимлик балансидаги уйни танишлари орқали фуқаро номига расмийлаштириб бериш эвазига 1500 доллар талаб қилган. У муқаддам бир неча маротаба судланган. Жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.


дайжест

Тошкентда кўкрак бези саратонига қарши кампания доирасида уч кунлик бепул скрининглар ўтказилади

Ўзбекистонда октябрь бошида кўкрак бези саратони ҳақида хабардорлик ойлигига бағишланган акция бошланди. Ташаббус доирасида аёллар учун бепул кўриклар, тиббий форум ва фотокўргазма ташкил этилади. Шунингдек, акция аёллар учун онкопсихологик ёрдам кўрсатишни ривожлантиришга ҳам қаратилади.


дайжест

Футбол: Ўзбекистон Каннаваро қўл остидаги биринчи ўйинида Кувайтни мағлуб этди (видео, фото)

Ўзбекистон футболчилари Кувайт билан ўртоқлик учрашувида ғалаба қозонди. Голларга Элдор Шомуродов ва Ҳожимат Эркинов муаллифлик қилди. Бу янги бош мураббий Фабио Каннаваро қўл остидаги илк ўйин бўлди.


дайжест

Исроил ва ҲАМАС тинчлик режасининг биринчи босқичига рози бўлди

АҚШ президенти Дональд Трамп Исроил ва ҲАМАС Ғазода тинчлик ўрнатиш режасининг биринчи босқичини амалга оширишга рози бўлганини маълум қилди. Бу босқич барча исроиллик гаровга олинганларни озод қилиш ва Исроил қўшинларини келишилган чизиққа олиб чиқишни ўз ичига олади.


дайжест

Адабиёт бўйича Нобель мукофоти венгер ёзувчиси Ласло Краснахоркаига берилди

2025 йилда адабиёт бўйича Нобель мукофоти венгер ёзувчиси Ласло Краснахоркаига «қиёмат даҳшати шароитида санъатнинг кучини яна бир бор тасдиқлаган ишончли ижоди учун» берилди.


дайжест

Франция президенти 48 соат ичида янги бош вазирни тайинлайди

Франция президенти Эммануэль Макрон 48 соат ичида 27 кундан кейин истеъфога чиққан Себастьен Лекорнюнинг ўрнига янги бош вазир тайинламоқчи. Мухолифат Макронни муддатидан олдин парламент сайловлари ўтказишга чақирган.


дайжест

Путин Azerbaijan Airlines самолёти ҳалокати учун Россия жавобгар эканини тан олди

Владимир Путин 2024 йил декабрь ойида ҳалокатга учраган Azerbaijan Airlines (AZAL) самолётига Россиянинг ҳаво ҳужумидан мудофаа ракеталари зарар етказганини тан олди. У Россия «барча [тегишли] мансабдор шахсларнинг хатти-ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо бериши»ни ваъда қилди.


Бизни ўқиётганингиз учун раҳмат!



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *