Ҳукумат қарори билан «Ўзбекистон Республикаси Ёшлар ишлари агентлиги ҳузуридаги «Яшил ташаббуслар»ни қўллаб-қувватлаш жамғармаси тўғрисида»ги низом тасдиқланди.

Низом Ёшлар ишлари агентлиги ҳузуридаги «Яшил ташаббуслар»ни қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағларини шакллантириш ва улардан фойдаланиш, жамғарма фаолиятини бошқариш, унинг маблағларини тақсимлаш, ҳисоби ва ҳисоботини юритиш тартибини белгилайди.

Жамғарма маблағлари ҳисобидан унинг тасдиқланган даромадлар ва харажатлар сметаси асосида фойдаланилади. Жамғарма агентликнинг Ёшларга оид давлат сиёсатини қўллаб-қувватлаш жамғармасига ҳар йили ажратиладиган маблағлар доирасида ҳар йили 10 млрд сўмгача миқдорда шакллантирилади.

Бошқа молиялаштиришлар халқаро молия институтлари, хорижий ҳукумат молия ташкилотлари, хорижий банклар ва бошқа халқаро молия ташкилотларининг грантлари, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик хайриялари, қонунчилик ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади.

Жамғарма маблағлари қатор мақсадларга, жумладан, ёшларда табиатга муҳаббат ҳиссини уйғотиш, уларнинг атроф-муҳитни муҳофаза қилишга қаратилган лойиҳаларни амалга оширишга кўмаклашишга йўналтирилади.

Шунингдек, улар ёшларнинг экологик тоза технологияларни жорий этиш, чиқиндиларни қайта ишлаш, яшил энергия манбаларидан фойдаланиш каби экологик лойиҳаларини қўллаб қувватлаш учун ҳам ишлатилиши мумкин.

Мамлакатда экологик барқарорликни таъминлашда ёшлар иштирокини кучайтиришга қаратилган лойиҳаларни амалга ошириш, ёшларнинг дарахт кўчатларини экиш ва парваришлаш каби экологик лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш ҳам маблағлардан фойдаланиш мақсадларидан ҳисобланади.