Президент Шавкат Мирзиёев 8 октябрь куни бўлиб ўтган йиғилишда электротехника саноатини ривожлантириш ва унинг экспорт салоҳиятини ошириш масалаларини муҳокама қилди.
Ўзбекистонда яқин йилларда мис ишлаб чиқаришни 250 минг тоннага, 2030 йилга бориб эса 500 минг тоннага етказиш кўзда тутилган. Соҳа раҳбарлари ушбу хомашё базасидан юқори қўшимча қийматга эга юқори технологияли маҳсулотлар ишлаб чиқаришга йўналтирилган лойиҳаларни тақдим этди. Серверлар, саноат электроникаси, кондиционерлар, қуёш панеллари, назорат-ўлчов асбоблари, автоматика воситалари, смарт-карталар ишлаб чиқариш устувор йўналишлар жумласидан. Умуман, бу йўналишда 2,1 миллиард долларлик 157 та лойиҳа шакллантирилган бўлиб, улар орқали 14,5 минг янги иш ўрни яратилади.
Давлат раҳбари маҳаллий маҳсулотларни халқаро бозорларга чиқариш имкониятларини кенгайтириш, электроника ва яримўтказгич саноатини фаол ривожлантириш бўйича топшириқлар берди.
Ўзбекистон стандартлар институти Халқаро электротехника комиссияси баҳолаш схемасига аъзо орган сифатида қабул қилинди. Бу мамлакатимизда ишлаб чиқарилган маҳсулотлар сертификатларининг 53 давлатда тан олинишини таъминлайди.
Бундан ташқари, Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги европалик ҳамкорлар билан мувофиқликни баҳолаш тизимини йўлга қўймоқда. Бу орқали Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларга Евроиттифоқ талабларига мосликни тасдиқловчи «CE» белгиси берилади. Бу эса Европага экспорт ҳажмини камида икки баробар ошириш имконини яратади.
«Ўзэлтехсаноат» бошқаруви раиси Мирзиёд Юнусов.
«Ўзэлтехсаноат» бошқаруви раиси Мирзиёд Юнусов президентга 110−220 кВ қувватга эга, импорт ўрнини босувчи кабель маҳсулотларининг янги турларини ўзлаштириш лойиҳалари тақдим этилганини маълум қилди. Шунингдек, у Ўзбекистон Саудиянинг Riyadh Cables компанияси билан ҳамкорлик йўлга қўйишни режалаштираётганини билдирди.
Унга кўра, Шавкат Мирзиёев йирик лойиҳаларда маҳаллий контент улушини ошириш бўйича кўрсатма берган.
«Жуда яхши мисол сифатида кабель маҳсулотларининг камида 70 фоизини маҳаллий ишлаб чиқарувчилардан олиш талаби белгиланган эди. Бу тажриба ўз натижасини оқлаганлиги сабабли бу тажрибани трансформаторлар, шитлар ва бошқа маҳсулотларга ҳам кенгайтириш юзасидан топшириқларни бердилар», — деди у.
Давлат раҳбари «йирик лойиҳалар доирасида маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни импортёрларга тенглаштириш», хусусан, маҳаллий ишлаб чиқарувчилар учун қўшилган қиймат солиғи (ҚҚС) тўлаш шартларини бир хиллаштириш бўйича таклифларни ҳам маъқуллади. «Ўзэлтехсаноат» уюшмасининг Gazeta’га маълум қилишича, йирик лойиҳаларни амалга оширишда хориждан келтирилган ускуналар ҳозирда ҚҚСдан озод қилинган. Шу боис маҳаллий етказиб берувчиларга ҳам худди шундай имтиёзлар бериш ёки импорт қилувчилар учун солиқ имтиёзини бекор қилиш таклиф қилинмоқда.
«Бунинг натижасида дастлабки ҳисоб-китобларимизга қараганда 120 миллион долларлик маҳсулотларни қўшимча равишда шу маҳаллий контент орқали етказиб бериш имконияти бўлади», — дея қўшимча қилди «Ўзэлтехсаноат» раҳбари.
Президентнинг 2024 йил 10 январдаги қарори билан Ўзбекистонда электротехника ишлаб чиқарувчилари йиллик 7% ставкада имтиёзли кредитлар ва 2027 йилгача солиқ имтиёзлари олган. Бунда ўз ишлаб чиқариш эҳтиёжлари учун олиб кирилаётган хомашё, бутловчи буюмлар ва Ўзбекистонда ишлаб чиқарилмайдиган асбоб-ускуналар божхона тўловларидан озод этилган.
