Марказий банк қонунчиликка кўра кредитни қайтариш жадвалидаги ҳар қандай ўзгаришлардан банкларнинг ўзи мижозни хабардор қилиши кераклигини эслатди. Тижорат банклари кредит шартномаларига мижозлар ҳуқуқларини чекловчи шартлар киритилаётгани юзасидан огоҳлантирилди. Бу ҳақда регулятор ахборот хизмати хабар қилди.
Маълум қилинишича, сўнгги вақтларда айрим тижорат банклари томонидан кредит шартномаларига кредитни қайтариш жадвалида кўрсатилган тўловларни амалга ошириш саналари ва муддатлари ёки оралиқ кредит тўловларининг миқдори кредитдан фойдаланиш давомида ўзгарган тақдирда, янгиланган жадвал қарздорга унинг сўровига асосан берилади, деган бандни киритиш амалиёти кузатилмоқда.
Бу борада Марказий банк тижорат банкларини қонунчиликка мувофиқ иш тутишга чақириб, жумладан, қуйидагиларни маълум қилган:
- «Банклар ва банк фаолияти тўғрисида»ги Қонуннинг 66-моддасига мувофиқ, банк хизматларининг шартлари ва қиймати ҳақидаги ахборотни мижозга тақдим этишни рад қилишга йўл қўйилмайди, банклар кредит қандай шартлар асосида тақдим этилаётгани ҳақида мижозга ахборот бериши керак;
- «Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Қонуннинг 6-моддасида ижрочи истеъмолчига ўзи реализация қилаётган хизматлар ҳақида ўз вақтида зарур, тўғри ва тушунарли маълумот бериши шартлиги, 21-моддасида эса шартноманинг истеъмолчи ҳуқуқларини чеклаб қўядиган талаблари ҳақиқий эмас деб ҳисобланиши қайд этилган;
- «Банк хизматлари истеъмолчилари билан ўзаро муносабатларни амалга оширишда тижорат банкларининг фаолиятига қўйиладиган минимал талаблар тўғрисида»ги низомнинг 121-бандига асосан банк истеъмолчига банк хизматини кўрсатиш тўғрисида шартнома имзоланган кунда шартноманинг битта асл нусхасини тақдим этиши керак.
Таъкидлаш жоизки, кредитни қайтариш жадвали кредит шартномасининг ажралмас қисми ҳисобланади ва қарздор учун муҳим аҳамиятга эга маълумотларни — кредит қолдиғи, асосий қарз ва фоиз бўйича тўлов миқдорлари ҳамда уларнинг амалга оширилиш саналарини ўз ичига олади. Шу билан бирга, кредитни қайтариш жадвалидаги ўзгаришлар — бу кредит шартларининг ажралмас қисми ҳисобланади.
Бунда, истеъмолчига кредитни қайтариш жадвалини янгидан расмийлаштириб берилмаслиги қарздор тўлов миқдорини ва санаси ҳақида хабардор бўлмаслиги натижасида қарздорликни ўз вақтида ва тўлиқ сўндирмаслик хатолари юзага келиши, бу эса ортиқча фоизлар ҳисобланишига, жарималар қўлланишига, кредит тарихи салбий томонга ўзгаришига, шунингдек банк ва қарз олувчи ўртасида низолар келиб чиқишига сабаб бўлиши мумкин.
Юқорида қайд этилган қонунчилик талабига кўра, кредит шартномасини бир нусхасини қарздорга бериш — бу банкнинг мажбурияти. Шу боис, истеъмолчининг сўровидан қатъий назар истеъмолчи учун муҳим бўлган маълумотлар — кредит қолдиғи, тўловни амалга ошириш санаси, асосий ва фоиз қарзи бўйича тўлов миқдорлари — акс эттирилган кредитни қайтаришнинг актуал жадвали банклар томонидан тақдим этилиши таъминланиши лозим.
Марказий банк тижорат банклари кредит шартномасини тузишда устунлик кучига эга бўлиб, кредит шартномаларига жавобгарликни ўзидан олиб, истеъмолчига юкланган ҳолда истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини чекловчи шартларни (талабларни) киритилишини қонунчилик талабларига зид деб ҳисоблайди.
Шу муносабат билан, барча тижорат банкларидан:
- кредит шартномаларига бундай шартларни киритиш амалиётини тўхтатиш ва аввал тузилган кредит шартномаларига бундай шартни бекор қилишга доир ўзгартириш киритиш орқали бартараф этишни;
- кредитни қайтариш жадвалида кредит қолдиғи, тўловни амалга ошириш санаси, асосий ва фоиз қарзи бўйича тўлов миқдорларига доир ҳар қандай ўзгаришлар бўлган тақдирда, банк қарздорга янгиланган жадвални тақдим этилишини таъминлаш талаб этилади.
Аввалроқ Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси тижорат банкларининг кредит карта амалиётларида истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш юзасидан Марказий банкка сўров юборгани хабар қилинганди.
Хабарда айрим тижорат банклари тақдим этган кредит карталаридан коммунал хизматлар, ўқиш, тиббиёт ва суғурта ҳамда солиқ каби тўловлар ҳам нақд пулга ечишга тенглаштирилиб, улардан фоиз ва комиссиялар ундирилаётгани аҳолининг ҳақли эътирозларига сабаб бўлаётгани айтилган.
Шу муносабат билан қўмита регулятордан банклари фаолиятини ўрганиб чиқиш ва кредит карталари фоиз масалаларини қайта кўриб чиқиш ҳамда асоссиз олинган хизмат ҳақи пулларини истеъмолчиларга қайтариш чораларини кўришни сўраган.
