Фарғона вилояти Қува туманида йўл ҳаракати қоидаларига амал қилмаган ҳайдовчи 9 ёшли боланинг ўлимига сабабчи бўлди. Бу ҳақда Zo‘r TV телеканалининг «Бу кун» дастурида хабар берилди.

Қайд этилишича, ҳолат тумани ҳудудидан ўтган Д-105 автомобиль йўлининг 182-километрида, бола эрталабки соат 7:30 атрофида мактабга кетаётганида содир бўлган. 21 ёшли ҳайдовчи ўзига ишонч қоғози билан бириктирилган Damas билан пиёдалар йўлагидан ўтаётган 66-мактабнинг учинчи синф ўқувчисини уриб юборган.

йтҳ, болалар иштирокидаги йтҳлар, қува

Бола биринчи ёрдам кўрсатиш учун туман марказий шифохонасига юборилган. Бироқ кўрилган муолажаларга қарамасдан у шифохонада вафот этган.

«Йўл чеккасидан кетаётгандим. Кейин буёққа ўтдим. Ўтиб кетаётганимда бир машина бу томондан бурилаётган эди. Ана шу машинага қараб пешеходга қарамай қолдим. Кейин битта бола югуриб чиқиб қолди, уриб юбордим», — дейди ҳайдовчи.

Ҳолат юзасидан Қува тумани ички ишлар бўлими ҳузуридаги тергов бўлинмаси томонидан Жиноят кодексининг 266-моддаси иккинчи қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатларига киришилган. Ҳозирда айбланувчига нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланган.