Россия 2025 йил бошидан бери Ўзбекистон, Қозоғистон ва Қирғизистонга табиий газ етказиб беришни 15 фоизга оширди. Бу ҳақда 9 октябрь куни Санкт Петербург халқаро газ форумининг ялпи мажлисида «Газпром» бошқарув раиси Алексей Миллер маълум қилди, деб ёзади Spot.
Миллернинг таъкидлашича, Хитойга лойиҳалаштирилаётган «Сибирь кучи-2» магистрал газ қувури Россия газини Марказий Осиё мамлакатларига, жумладан Ўзбекистонга етказиб бериш ҳажмини оширишга туртки берувчи омиллардан бири бўлади.
Унинг сўзларига кўра, Марказий Осиё давлатлари иқтисодиёти жадал ривожланмоқда. Келаси беш-олти йил ичида Ўзбекистон, Қозоғистон ва Қирғизистон иқтисодиётининг умумий ҳажми 60 фоизга ўсиши мумкин. Бу, ўз навбатида, энергия ва газ истеъмолининг ошишига олиб келади.
«Биз 2025 йилнинг саккиз ойлик натижаларини 2024 йилнинг шу даври билан таққослаяпмиз. Марказий Осиёга, яъни айнан шу уч давлатга — Ўзбекистон, Қирғизистон ва Қозоғистонга Россия гази етказиб бериш ҳажми 15 фоизга ошди. Бу катта ҳажм», — деди «Газпром» раҳбари.
Шу билан бирга, Ўзбекистон 2025 йилнинг дастлабки саккиз ойида Туркманистон ва Россиядан табиий газ импортини 27,9 фоизга қисқартириб, $885,9 миллионга етказган. Апрелдан бошлаб ойлик етказиб бериш $100 миллиондан ошмоқда, июнь ойида эса рекорд даража — $286,3 миллионга етган.