Жиззах вилояти Фориш туманидаги тўртта давлат боғчасида 40 нафарга яқин бола овқатдан заҳарлангани аниқланди, дея хабар бермоқда туман ҳокимлиги матбуот хизмати.
Қайд этилишича, 9 октябрь куни соат 9:00 дан 16:00 га қадар 1, 3, 5 ва 7-сонли мактабгача таълим муассасаларининг жами 37 нафар тарбияланувчиси иситма кўтарилиши, кўнгил айниши, қорин оғриғи, ич кетиш ва ҳолсизлик каби шикоятлари билан туман тиббиёт бирлашмасига мурожаат қилган. Улар 3 ёшдан 7 ёшгача бўлган.
Шифокорлар томонидан ўтказилган эпидемиологик суриштирувда болалар 8 октябрь куни боғчадаги биокефир, пишлоқ ва сариёғ каби маҳсулотлар истеъмол қилишгани аниқланди. Уларга анамнез ва биринчи текширувлар асосида ўткир диарея ташхиси қўйилиб, стационар равишда тиббий ёрдам кўрсатилган.
Жиззах вилояти санитария эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бошқармасининг дастлабки хулосасига кўра, ушбу боғчаларда оммавий заҳарланиш юзага келишида озиқ-овқат маҳсулотларини ташиш, сақлаш, ишлов бериш жараёнларидаги санитария қоида ва нормаларининг бузилиши ҳолатлари мавжудлиги сабаб бўлган. Бу инсон организмида ошқозон ичак ҳазм қилиш тизимининг бузилишига олиб келиши мумкинлиги аниқланган.
Ҳолат юзасидан Фориш туман прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 205-моддаси 1-қисми (Ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, суриштирув ишлари олиб борилмоқда, дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, 24 сентябрь куни Тошкент вилоятининг Бўка, Пискент, Оққўрғон ва Қуйи Чирчиқ туманларидаги давлат боғчаларида ҳам жами 1922 нафар бола овқатдан заҳарланганди.
Воқеа бўйича Жиноят кодексининг 257−1-моддаси 1-қисми (Cанитарияга оид қонунчиликни ёки эпидемияга қарши кураш қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилган ва 7 нафар шахс ушланган. Уларнинг 3 нафари маҳсулот ишлаб чиқарувчи корхона, қолгани аутсорсинг компаниялари мансабдор шахслари.
Бош прокуратура заҳарланиш юзасидан қўзғатилган жиноят иши бўйича бир нечта аутсорсинг компаниялари устидан тергов ҳаракатлари олиб борилаётганини маълум қилган. Жиноят иши Бош прокуратура томонидан назоратга олиниб, бош прокурор биринчи ўринбосари раҳбарлигида махсус ишчи гуруҳ тузилган.
