9 октябрь куни ҳукуматнинг «Гўдаклар ва кичик ёшдаги болаларни она сути билан озиқлантиришни қўллаб-қувватлаш дастурини тасдиқлаш тўғрисида»ги қарор қабул қилинди.
Қарор билан Гўдаклар ва кичик ёшдаги болаларни она сути билан озиқлантиришни қўллаб-қувватлаш дастури, Гўдаклар ва кичик ёшдаги болаларни она сути билан озиқлантиришни қўллаб-қувватлаш масалалари бўйича республика кенгаши таркиби ва Гўдаклар ва кичик ёшдаги болаларни она сути билан озиқлантиришни қўллаб-қувватлаш дастурини амалга оширишнинг мақсадли кўрсаткичлари тасдиқланди.
Дастурнинг асосий йўналишлари этиб қуйидагилар белгиланди:
- она сути билан озиқлантириш ва болалар овқатланиши соҳасидаги норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштириш, Халқаро стандартлар ва тажрибаларни жорий этиш, хусусан, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг «Она сутининг ўрнини босувчи маҳсулотларни сотиш бўйича халқаро қоидалар тўплами» талабларини тўлиқ жорий этиш;
- она сутининг ўрнини босувчи маҳсулотларни тарғиб ва реклама қилиш чекловига қаратилган қоидаларнинг бузилиши ҳолатларини камайтириш;
- она сути билан озиқлантириш ва болалар овқатланиши жараёнларини доимий мониторинг қилиш ва назорат механизмларини кучайтириш;
- она сутининг ўрнини босувчи сифатсиз маҳсулотларни аниқлаш ва уларнинг айланмасини чеклаш бўйича таъсирчан чоралар кўриш;
- болалар озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқариш, импорт ва экспорт қилиш, сақлаш, сотиш ва етказиб бериш жараёнларига оид талаб ва стандартларни такомиллаштириш;
- она сути билан озиқлантириш ва болаларни овқатлантириш бўйича малакали тиббиёт ходимларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизимини йўлга қўйиш;
- она сути билан озиқлантиришнинг аҳамияти ҳақида аҳолининг хабардорлик даражасини ошириш.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, Миллий контент ишлаб чиқарувчи марказ, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари билан биргаликда:
- она сути билан озиқлантиришнинг аҳамияти, унинг бола ривожланиши ва оналар саломатлигига ижобий таъсири, шунингдек, сунъий озиқлантиришнинг эҳтимолий хавфлари ҳақида турли мақсадли гуруҳлар учун (ёш ота-оналар, ҳомиладор аёллар) телевидение, радио, Интернет жаҳон ахборот тармоғи ҳамда босма оммавий ахборот воситалари орқали узлуксиз ва кенг қамровли ахборот кампанияларини ташкил этади;
- тиббиёт ва таълим ташкилотлари ҳамда маҳаллаларда она сути билан озиқлантиришнинг аҳамиятини тарғиб этувчи махсус баннерлар ва маълумот стендларини ўрнатади;
- ахборот кампаниялари доирасида жамоатчилик ўртасида қизиқиш уйғотувчи ижодий ёндашувлардан фойдаланиш, жумладан, етакчи соҳа мутахассисларининг фикрлари, мисоллар ва ҳаётий воқеалар асосида видеоматериаллар яратиш, она сути билан озиқлантиришнинг аҳамияти бўйича ижтимоий видеороликлар тайёрлаш ва уларни мунтазам намойиш этиб бориш чораларини кўради.
Шунингдек, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг «Она сутининг ўрнини босувчи маҳсулотларни сотиш бўйича халқаро қоидалар тўплами» (The international code of marketing of breast milk substitutes) талаблари, илғор хорижий тажриба ҳамда халқаро ташкилотларнинг хулосалари ва тавсиялари асосида қуйидагиларни назарда тутувчи таклифларни Вазирлар Маҳкамасига киритилади:
- Тиббиёт ходимларининг гўдаклар ва кичик ёшдаги болаларни она сути билан озиқлантириш бўйича амалга оширадиган мажбуриятлари, ҳуқуқлари ва жавобгарлигини белгиланаш.
- гўдаклар ва кичик ёшдаги болалар ҳамда оналар билан ишлашга масъул бўлган тиббиёт ходимларини она сути билан озиқлантириш бўйича малака талабларини қонуности ҳужжатлар билан белгилаш бўйича модда киритиш.
- гўдаклар ва кичик ёшдаги болаларни она сути билан озиқлантириш бўйича ота-оналарнинг мажбуриятларини
белгилаш.
Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитасига она сутининг ўрнини босувчи маҳсулотларни (ОСУБМ) тарғиб қилиш борасида назорат ва жавобгарлик кучайтириш бўйича «Реклама тўғрисида»ги қонунга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш юзасидан Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритиш юклатилди.
Бунда гўдаклар ва кичик ёшдаги болалар ОСЎБМларини ишлаб чиқарувчилари ва етказиб берувчиларига шахсан ёки бошқа шахслар орқали ҳомиладор аёллар ёки эмизикли оналар, гўдаклар ва кичик ёшдаги болаларни озиқлантириш муаммолари ҳамда болалар саломатлиги билан боғлиқ тадбирлар, кампаниялар, конференциялар ва илмий-амалий анжуманларда ҳамда шу каби масалаларга алоқадор бошқа тадбирларда ҳомийлик қилишни тақиқлашни инобатга олинади.
Бундан ташқари, ССВ томонидан ЖССТ ва ЮНИСЕФ тавсиялари асосида «Гўдаклар ва кичик ёшдаги болаларни озиқлантириш масалалари бўйича маслаҳат бериш» миллий услубий қўлланмасини ишлаб чиқилади.
Гўдаклар ва кичик ёшдаги болаларни озиқлантириш масалалари бўйича акушер-гинеколог, неонатолог ва педиатрлар ҳамда тиббиёт бригадалари ходимлари учун ўқув-тренинглар ташкил этилади.
