• Ср. Ноя 12th, 2025

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Евроиттифоқ ва ҳамкорлар Қамбарота ГЭС-1 учун янги инвестицияларни эълон қилди


Европа Иттифоқи ҳамкорлар билан биргаликда Марказий Осиёдаги гидроэнергетика инфратузилмасига янги инвестициялар ҳақида эълон қилди. Бу ҳақдаги қарорлар 9−10 октябрь кунлари Брюсселда бўлиб ўтган Global Gateway форумида тақдим этилди, деб хабар берди Европа комиссияси матбуот хизмати.

Ўзбекистон, Қирғизистон, Қозоғистон, Европа Иттифоқи ва Европа инвестиция банки (ЕИБ) Камбарота ГЭС-1 лойиҳаси бўйича умумий қиймати 900 миллион еврони ташкил этувчи англашув меморандумларини имзолади.

Бундан ташқари, лойиҳа учун Европа Иттифоқи томонидан молиялаштирилган ва Жаҳон банки томонидан амалга оширилаётган техник-иқтисодий асос тақдим этилди.

Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ) ҳам иштирокчи томонлар билан шунга ўхшаш меморандумларни имзолади ва Қамбарота ГЭС лойиҳаси учун 1,3 миллиард евро миқдоридаги молиялаштиришни кўриб чиқмоқда.

Халқаро ҳамкорлик бўйича еврокомиссар Йозеф Сикела янги келишувларни қўллаб-қувватлаб, шундай деди: «Гидроэнергетикага оқилона инвестициялар ишончли ва ҳаммабоп электр энергиясидан фойдаланиш имкониятини яратиши, маҳаллий аҳоли учун даромад келтириши, барқарор қишлоқ хўжалигини рағбатлантириши ҳамда инсон соғлиғини ва атроф муҳитни ҳимоя қилиши мумкин. Биз Марказий Осиёда энергия ишлаб чиқаришнинг муҳим объекти бўлган Қамбарота ГЭС-1 лойиҳасини қўллаб-қувватлаётганимиздан фахрланамиз. Янги инвестицияларимиз ЕИ ва минтақадаги давлатлар ўртасидаги стратегик ҳамкорликни мустаҳкамлайди».

«Европа комиссияси кафолатлари туфайли ЕИБ иқлим банки сифатида Марказий Осиёдаги минтақавий энергетик ҳамкорликни мустаҳкамлайдиган инфратузилмани қўллаб-қувватламоқда. Биз Қамбарота ГЭС-1 лойиҳасини қайта тикланувчи энергия савдосини кенгайтириш, иқтисодий ўсишни рағбатлантириш ва энергетик хавфсизликни оширишнинг асосий элементи сифатида кўрамиз», — деди ЕИБнинг Марказий Осиёдаги фаолиятини бошқарувчи вице-президенти Кириакос Какурис.

«Қамбарота ГЭС-1 — Марказий Осиёнинг энергетика ва сув хавфсизлигига ҳамда қайта тикланувчи энергия ривожига хизмат қиладиган намунавий (флагман) лойиҳа ҳисобланади. ЕТТБ, барча иштирокчи мамлакатларда етакчи инвестор сифатида, ЕИ ва ҳамкорлар билан биргаликда минтақавий боғланишни ва сув ресурсларини самарали бошқаришни қўллаб-қувватлашдан мамнун», — деди ЕТТБ президенти Одиль Рено-Бассо.

Европа Иттифоқи, унга аъзо давлатлар, молия институтлари ва хусусий секторни бирлаштирувчи Team Europe («Европа жамоаси») ёндашуви доирасида ЕИ Марказий Осиё мамлакатлари билан сув ресурсларини бошқариш соҳасида минтақавий мувофиқлашувни кучайтириш устида ишламоқда.

Форумда ЕИ Team Europe’нинг Марказий Осиёда сув, энергия ва иқлим ўзгариши бўйича ташаббуси доирасидаги минтақавий «яшил» ўтиш ва энергетика соҳасидаги ислоҳотлар натижаларини тақдим этди. Шунингдек, иштирокчилар Global Gateway’нинг минтақадаги иккита йирик лойиҳаси — Қамбарота ГЭС-1 ва Роғун ГЭС бўйича кейинги қадамларни муҳокама қилди.

Қамбарота ГЭС — Қирғизистоннинг Жалолобод вилоятидаги Норин дарёсида жойлашган энг йирик энергетик лойиҳа. Бўлажак ГЭСнинг қуввати 1860 МВтни ташкил қилади. ГЭСнинг сув омбори ҳажми 5,4 миллиард куб метр, тўғон баландлиги 256 метр. Станция йилига ўртача 5,6 миллиард кВт/соат электр энергияси ишлаб чиқаради. ГЭСнинг қурилиши 10 йил давом этиши кутилмоқда.

ГЭС қурилиши Ўзбекистон ва Қозоғистон иштирокидаги минтақавий лойиҳа сифатида кўрилмоқда. Дастлабки келишувларга кўра, унда Қирғизистон улуши 34 фоиз, Қозоғистонники 33 фоиз ва Ўзбекистонники 33 фоиз бўлади. Қурилишнинг умумий қиймати 5−6 миллиард доллар деб баҳоланган.

Ўзбекистон энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов, Қозоғистон энергетика вазири Болат Акчулаков ва Қирғизистон энергетика вазири Таалайбек Ибраев 2023 йил январь ойида Бишкек шаҳрида Қамбарота ГЭС-1 қурилиши лойиҳасини амалга ошириш бўйича йўл харитасини имзолаганди. Бирмунча вақт ўтгач, қурилиш бўйича инвестиция шартномаси имзоланган.

2024 йил июнь ойида эса Ўзбекистон, Қирғизистон ва Қозоғистон Энергетика вазирликлари Қамбарота ГЭС-1 қурилиши ваэксплуатацияси лойиҳасини амалга оширишга тайёргарлик бўйича учтомонлама битим имзолаганди. Молиялаштиришни мувофиқлаштириш учун Жаҳон банки, Осиё тараққиёт банки, ЕТТБ ва бошқа халқаро ҳамкорлар кирган донорлар қўмитаси тузилган.

Биринчи гидроагрегат асосий қурилиш босқичи бошланганидан тўрт йилдан сўнг фойдаланишга топширилиши режалаштирилган. Келишув шартларига кўра, Лойиҳа амалга оширилгач, Қамбарота ГЭС-1 акциялари ваактивлари тўлиқ Қирғизистон мулкига айланади. Томонларнинг улушлари ўзгаришсиз қолади, уларни бирлаштириш, бошқага ўтказиш васотиш тақиқланади.

Global Gateway форуми Европа Иттифоқи ва дунёнинг бошқа мамлакатлари етакчиларини, шунингдек, хусусий сектор, фуқаролик жамияти, молия институтлари, халқаро ташкилотлар вакилларини ва экспертларни бирлаштиради. Форумнинг мақсади — барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш ва бутун дунёда барқарор ўсишни таъминлаш учун инфратузилмага — ҳам жисмоний, ҳам институционал жиҳатдан — глобал инвестицияларни илгари суришдир.

Global Gateway ташаббуси — бу ЕИнинг глобал инвестиция камомадини қисқартириш ҳамда дунёда рақамли, энергетика ва транспорт соҳаларини ривожлантириш бўйича таклифи ҳисобланади. Шунингдек, ташаббус доирасида соғлиқни сақлаш, таълим ва фан тизимларини мустаҳкамлаш кўзда тутилган. Global Gateway доирасида 2021−2027 йилларда 300 миллиард евро миқдорида давлат ва хусусий инвестицияларни жалб этиш режалаштирилган.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *