Тошкентнинг Шота Руставели кўчаси ўртасидан автобуслар учун махсус йўл қурилиб, синов тариқасида ишга туширилди. Мазкур йўлак ўз йўналишида Ўзбекистондаги биринчи лойиҳа сифатида эътироф этиляпти. Gazeta аҳоли ва автобус ҳайдовчиларининг фикрларига ўрганган ҳолда ушбу янги транспорт иншоотидан репортаж тайёрлади.
Тошкент шаҳар транспорт бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари Оллоёр Норбўтаевнинг Gazeta мухбири билан суҳбатда айтишича, Шота Руставелида кўплаб автобус йўналишлари ҳаракатланиши, автомобиллар тўхтаб туриш жойларига бўлган талаб юқорилиги ҳамда бу ерда туризм кўчалари ташкил қилинаётганлиги сабабли кўчанинг 7 километр бўлагида реконструкция ишлари амалга оширилди.

«Шундан 5 километр қисмида Ўзбекистонга янгилик бўлган, яъни кўчанинг ўртасида автобуслар учун махсус тезкор яшил йўлак ташкил қилинди. Унда жами 22 та автобус йўналиши ҳаракатланиши белгиланган. Биринчи босқичда 7 октябрдан учта автобус йўналиши — 38-, 57- ва 58-автобуслар ҳаракатланяпти. Ҳозирда ушбу кўчада реконструкция ишларининг охирги босқичи — пардозлаш, тозалаш, йўл белгиларини ўрнатиш ва йўл чизиқларини чизиш ишлари амалга оширилмоқда. Шундан сўнг қолган автобуслар ҳам мазкур яшил йўлак бўйлаб ҳаракатлана бошлайди», — деди Норбўтаев.
Мутахассиснинг қўшимча қилишича, автобус йўналишлари махсус жойлар ва светофорлар орқали умумий оқимга осон қўшилади. «Мазкур йўлак бўйлаб автобусларнинг ҳаракатланиш тезлиги ўртача 11−14 фоизга ошиши ҳамда ҳаракатланиш вақти 7 дақиқага қисқариши ҳисоблаб чиқилган», — деди у.

Норбўтаевнинг сўзларига кўра, Шота Руставели кўчасида 500 га яқин йўлбўйи автомобиль тўхташ жойлари, 21 та пиёдалар ва велосипедлар учун хавфсиз ўтиш жойлари, 17 та бекат ташкил қилинди.
Gazeta суҳбатлашган йўловчиларнинг айримлари мазкур йўлак туфайли ҳаракат вақти анчага қисқаргани, автобуслар аввалгидек тирбандликларда қолиб кетмаётганини таъкидлади. Аҳолининг баъзи вакиллари эса енгил автомобиллар учун ноқулайликлар туғилгани, энди улар тирбандликларда аввалгидан-да узоқроқ қолиб кетаётганини қайд этди. Айни вақтда, автобус ҳайдовчилари Шота Руставели кўчасининг бу қисмида эркин, тирбандликлардан холи ҳаракатланаётганидан мамнунлигини, шаҳарнинг бошқа кўчаларида ҳам шундай транспорт ечимларини қўллаш кераклигини қайд этиб ўтди.
Шота Руставели кўчасидан тайёрланган репортажни Gazeta’нинг YouTube’даги саҳифасида ёки қуйида томоша қилиш мумкин: