10 октябрь куни Тошкентда BYD ўзининг янги Seal 6 DM-i модели тақдимотини ўтказди. Янги моделнинг бошқа автомобиллардан асосий фарқи сифатида унинг тўхталишларсиз жуда узоқ масофани босиб ўта олиши кўрсатилмоқда.
364 миллион 400 минг сўм нарх билан сотувга чиқарилган автомобиль тўла бак ёнилғи ва тўла қувват билан 2020 километргача юра олади. Қуйида Gazeta мухбири янги Seal 6 DM-i ҳақида батафсил маълумот беради.
BYD Central Asia’нинг ҳудудлар бўйича менежери Учқун Сайфиддиновнинг таъкидлашича, автомобилнинг олд қисми BYD Han’ни ёдга солади. Мазкур гибрид Dragon face (аждарҳо юзи) дизайни асосида ишлаб чиқилган бўлиб, олд томондан автоматик ёнувчи, қоронғиликка мослашувчан LED фаралар билан жиҳозланган.
Бу кечаси ҳаракатланаётган ҳайдовчига йўлни аниқ ва қулай кўриш имконини беради, натижада хавфсизлик даражаси ошади, бошқарувдаги чарчоқ камаяди. Олд бампернинг икки ён томонидаги махсус ҳаво каналлари шамол қаршилигини пасайтиради ва аэродинамикани яхшилайди.
Автомобиль узунлиги 4830, кенглиги 1900, баландлиги 1495 миллиметр, олд ва орқа ғилдираклар орасидаги масофа 2790 миллиметрни ташкил этади. Seal 6’нинг орқа қисмига футуристик услубдаги ёрқин ва ингичка чироқлар ўрнатилган бўлиб, уларнинг дизайни Хитой миллий нақшлари асосида ишлаб чиқилган. Шунингдек, автомобилнинг орқа қисмига ёнувчан логотип ўрнатилган.

Янги модель 18 дюмли махсус қора дисклар билан жиҳозланган.

Автомобиль мижозларга 4 хил рангда тақдим этилади: ҳаворанг, оқ, кулранг ва қора (тақдимотда кулранг тусдаги модель кўрсатилмади, қолган 3 рангдаги моделни қуйидаги суратларда кўришингиз мумкин). Ички безак учун юқори сифатли экоматодан фойдаланилган.
15,6 дюмли адаптив, айланувчан, сенсорли дисплейга эга мультимедиа тизими Apple CarPlay, Android Auto ва навигация каби тизимлардан фойдаланиш имконини беради. Мультимедиа тизими ва овозли ёрдамчи ўзбек ва рус тилларида ишлайди. Олд ўриндиқларда иситиш ва совитиш тизими мавжуд. Орқа ўриндиқлар фақат иситиш функцияси билан таъминланган.

Ҳайдовчи ўриндиғи 6, йўловчи ўриндиғи эса 4 йўналишда автоматик созланади. Декоратив ёритиш тизими мусиқага мос равишда 31 хил рангда тусланади ва салон ичида динамик муҳит ҳосил қилади. Автомобиль юкхонаси оилавий саёҳатлар ва кундалик харидлар учун жуда қулай — 504 литр.

Автомобиль BYD компанияси томонидан ишлаб чиқарилган юқори сифатли 8 та динамик колонкалар билан жиҳозланган. Seal 6’даги яна бир янгилик ва қулайлик автомобиль узатмалар бошқарув тизими руль чамбараги ёнидаги тутқичга ўтказилгани ҳисобланади. Бу салон ичидаги бўш жойни тежайди ва ҳайдовчининг қўл бошқарувини соддалаштиради.
Seal 6’нинг бошқа моделлардан яна бир афзаллиги унинг совитиш функциясига эга, 50 ваттлик симсиз қувватлагич билан жиҳозланганлигидир. Шунингдек, автомобиль рулни иситиш функцияси, 360 даражадаги панорама кўриш тизими, Head up проекцион дисплейи билан жиҳозланган.

Head up функцияси ҳайдовчига автомобиль тезлиги ва зарурий маълумотларни ён-атрофга чалғимаган ҳолда тўғридан-тўғри кўриш имконини беради. Seal 6 янгиланган бешинчи авлод супергибрид тизими асосида ишлаб чиқилган двигателга эга.
«У нафақат кучли ва тежамкор, балки маҳаллий ёнилғига мослаштирилгани билан бошқа гибрид автомобиллардан кескин фарқ қилади. Юқорида санаб ўтилган бир қанча янги функциялар фақат Ўзбекистон бозори учун ишлаб чиқилган махсус Seal 6 автомобилида мавжуд», — дейди BYD Central Asia’нинг ҳудудлар бўйича менежери Учқун Сайфиддинов.

Автомобиль Blade батареяси билан жиҳозланган (бу BYD 2020 йилда ишлаб чиққан, мих билан тешиш синовларидан ўта олган хавфсиз батарея). Seal 6’да 7 та хавфсизлик ёстиқчаси ва NFC технологиясини қўллаб-қувватлаш имконияти мавжуд. Бу функция орқали машинани мобил калит орқали очиш ва қулфлаш мумкин.
Шунингдек, янги моделда BYD булутли хизмати ҳам мавжуд бўлиб, бу ҳайдовчига автомобилни масофадан бошқариш имконини беради. BYD’нинг бошқа автомобиллари каби Seal 6 ҳам V2L функциясига эга. Аввалги моделлар бу функция орқали ташқи қурилмаларга 3,3 киловаттгача қувват бера олган бўлса, янги модель 6,6 киловаттгача қувват узата олади.
Автомобилни тез қувватлаш станцияларида 30 фоиздан 80 фоизгача қувватлаш учун 23 дақиқа етарли. 100 километр соат тезликкача чиқиш учун Seal 6 га 7,5 сония керак бўлади.
BYD’нинг Ўзбекистондаги фаолияти ҳақида
Seal 6 тақдимотида BYD Central Asia’нинг сотув бўйича директори Рокки Янг ҳам иштирок этиб, компания Ўзбекистонда маҳаллий ишлаб чиқаришга катта сармоя киритиш бўйича мажбуриятини изчил адо этиб келаётганини таъкидлади.
«Сентябрь ойида биз Song Plus DM-i UzPride версиясини муваффақиятли тақдим этдик. Бугунгача Ўзбекистонда 70 мингдан ортиқ оила BYD’ни танлади. Бу бизнинг технология ва қадриятларимизга бўлган кучли ишонч намунасидир. Бу ишонч бизга янада кўпроқ масъулият юклайди. Айнан шу бизни Ўзбекистон аҳолиси учун доимий янгилик киритиш, такомиллаштириш ва жаҳон даражасидаги маҳсулот ҳамда хизматларни тақдим этишга ундайди», — дейди у.
Рокки Янг.
Шунингдек, компания вакили BYD янги автомобиль харид қилиш муҳим қарор эканини тушунишини, компания шунинг учун маҳаллий банклар билан ҳамкорликни кенгайтириб, маҳсулотлари учун мослашувчан ва қулайроқ молиявий ечимларни бераётганини айтди.
«BYD ҳамкорлари доирасини кенгайтириб, OFB ва „Ипотекабанк“ билан бир қаторда NBU ва „Ипак йўли“ банклари билан ҳам ҳамкорликни йўлга қўйди. Банклар орасидаги ҳамкорларимиз ҳар бир мижозга қулай ва сифатли хизмат кўрсатади. Биз мамлакат бўйлаб яшил ва ақлли технологияларни кўпроқ оилаларга етказишни мақсад қилганмиз», — деди у.
Шунингдек, Рокки Янг янги Seal 6 DM-i BYD’нинг супергибрид технологияси билан жиҳозланганини, автомобиль харидорларга сокин ва хотиржам саёҳат, ёқимли бошқарув ҳисси ҳамда аъло даражадаги ёнилғи тежамкорлигини тақдим этишини қайд этди.

«У 100 километрга 3,4 литр ёнилғи сарфлайди, бак тўла ёнилғи ва тўла қувват билан NEDC цикли бўйича 2020 километрдан ортиқ юриш масофасига эга. Агар сиз Андижондан Нукусга қараб йўлга чиққан бўлсангиз, ёнилғи ва электр энергия захираси сизга тўхталишсиз манзилга етиб олиш имконини беради», — дейди BYD Central Asia’нинг сотув бўйича директори Рокки Янг.
Маълумот ўрнида, NEDC цикли бўйича натижалар одатда реал ҳаётдагидан юқорироқ бўлади. Тест шароитлари жуда «идеал» бўлгани учун кундалик ҳаётда автомобиль бундан камроқ масофа юриши мумкин.

Рокки Янг, шунингдек, Seal 6 DM-i автомобиль саноатида ўйин қоидаларини ўзгартирувчи янги авлод автомобили бўлишини таъкидлади.
«Seal 6 — технология ва ҳашамат уйғунлашган мукаммал гибрид. Бу автомобиль ички совиткичи, HUD ва махсус қишки тўплам билан жиҳозланган бўлиб, барча фаслларда қулай саёҳат имкониятини беради. Seal 6 DM-i тақдимоти BYD’нинг Ўзбекистондаги фаолиятида навбатдаги муҳим босқичдир. Бу инновация, барқарорлик ва маҳаллийлаштиришга бўлган садоқатимизнинг яққол ифодасидир. Биз биргаликда нафақат автосаноат ривожланишига гувоҳ бўляпмиз, балки уни ўзимиз ҳам олдинга ҳаракатлантирмоқдамиз», — деди у.
Тақдимотда, шунингдек, BYD Central Asia бошқарув директорининг ўринбосари Иван Сао ҳамда «Ўзавтосаноат» бошқарув раисининг инновация ва инвестициялар бўйича ўринбосари Даврон Хидоятов («Ўзавтосаноат» BYD Uzbekistan Factory қўшма корхонасининг 60 фоиз улушига эгалик қилади) ҳам иштирок этди.




