• Пт. Ноя 7th, 2025

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Андижонда Instagram’да жиҳод ҳақида гуруҳ очган мактаб ўқувчиларига жиноий иш очилди


Андижон вилояти Шаҳрихон туманида ижтимоий тармоқларда шаҳидлик ва жиҳод қилиш масаласида суҳбатлар ташкил этган гуруҳ фаолиятига чек қўйилди, деб хабар бермоқда вилоят ички ишлар бошқармаси.

Маълум бўлишича, Сегаза маҳалласида яшовчи 2007 йилда туғилган шахс Сурия ва бошқа нотинч давлатлардаги халқаро террорчилик ташкилотларининг медиа маркази ёлловчилари таъсирига тушиб қолган. Хабарга кўра, бунга унинг «ижтимоий тармоқларга кириши ва турли Ўзбекистонда тақиқланган сайтлардаги материаллар билан танишиши» сабаб бўлган.

ИИБнинг хабар қилишича, унинг диний қарашлари ўзгариб, Instagram ва Telegram’да Ahli Sunna Editlar гуруҳини яратган ва ўзига Абубакр тахаллусини қўйиб фаолият юритган.

Шундан кейин у мазкур гуруҳга саккиз нафар ўзи билан тенгдош мактаб ўқувчиси, жумладан, синфдошларини қўшиб, улар билан шаҳидлик, жиҳод қилиш масаласида суҳбатлар олиб борган.

«Улар ҳатто ўзларига диний тахаллуслар ҳам қўйишиб, бугунги кунда нотинч бўлган чет давлатларга чиқиб кетишни режалаштиришган», — дейилади хабарда.

Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар мазкур жамоат фаолиятига чек қўйиб, гуруҳ аъзоларининг террорчилик ҳаракатлари содир этилаётган хорижий давлатларга чиқиб кетишининг олдини олди.

«Instagram орқали тақиқланган, жиҳодга чорловчи видеоларни кўрардим. Ahli Sunna Editlar гуруҳини очганман ва у ерга 2−3 та синфдошларимни қўшганман. Гуруҳда ўша тақиқланган жиҳод тўғрисидаги видеоларни ташлардим. Видеоларни кўриб, шерикларим билан Сурияга жиҳодга чиқиб кетмоқчи бўлганмиз. Бу йўл хато экан. Қилган ишимдан пушаймонман», — дейди айбланувчилардан бири.

Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 244−1-моддаси учинчи қисми «г» банди (Оммавий ахборот воситаларидан ёхуд телекоммуникация тармоқларидан, шунингдек, интернет жаҳон ахборот тармоғидан фойдаланиб жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш, сақлаш, тарқатиш ёки намойиш этиш — 5 йилдан 8 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади) ҳамда 244−2-моддаси иккинчи қисми (Вояга етмаган шахсни жалб этган ҳолда диний экстремистик, сепаратистик, фундаменталистик ёки бошқа тақиқланган ташкилотлар тузиш, уларга раҳбарлик қилиш, уларда иштирок этиш — 15 йилдан 20 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *