Сентябрь ойи бошида Тошкент марказидаги Ўзбекистон овози кўчаси қарийб бир йил давом этган тўлиқ реконструкциядан сўнг қайта очилди. Кўчани (Ўзбекистон шароитида) тубдан ўзгартириш бўйича мамлакатдаги биринчи бундай турдаги лойиҳа шаҳар ҳокимлиги ҳузуридаги «Ташкент инвест» компанияси буюртмасига биноан Россиянинг Ludi Architects архитектура бюроси томонидан ишлаб чиқилди. Республика болалар кутубхонаси ва унинг олдидаги майдон реконструкцияси лойиҳаларини ҳам айнан шу бюро ишлаб чиққан эди.
Республика болалар кутубхонаси.
Кутубхона олдидаги жамоат макони туманнинг диққатга сазовор жойларидан бирига айланди.
Gazeta аввалроқ ёзганидек, лойиҳа муаллифлари тор ва ноқулай пиёдалар йўлаклари, тартибсиз қолдириб кетилган машиналарга тўла кўчани ям-яшил, кишида сайр қилиш ва вақт ўтказиш истагини уйғотувчи, болалар йўлни хавфсиз кесиб ўтиши мумкин бўлган жамоат маконига айлантиришни мақсад қилган эди. Ушбу фоторепортажда биз лойиҳа қандай амалга ошганини кўрсатишга қарор қилдик. Мақолада ижобий ўзгаришлар ҳам, унчалик муваффақиятли чиқмаган (лекин тузатишга ҳали имкон бўлган) ечимлар ҳам тилга олинган.
Лойиҳа муваффақиятли чиқдими?
Шубҳасиз. Кўча чиройли ва қулай, умуман олганда, Европанинг қайсидир бир бўлагида юргандек ҳиссиёт уйғотади. Пиёдалар йўлакларидаги асфальт ва уваланиб кетган бетон ўнлаб йиллар хизмат қиладиган гранит плиталар билан алмаштирилди.
Кекса дарахтлар сафига (кўп бўлмаса-да) ёш ниҳоллар, буталар ва кўп йиллик гуллар қўшилди. Кузнинг илиқ кунларида гуллар узра капалаклар ўйнайди. Ўриндиқлар, чиқинди қутилари ва ёритгичлар ўрнатилган.
Бу ерда баландликнинг кескин ўзгариши ва тик зинапоя ўрнига қурувчилар текис йўлак қурди.


Уйлар деразаларида бир хил панжаралар ўрнатилди, пешлавҳалар ягона услубга келтириляпти.
Гуллар кўчани безаб, капалакларни ўзига жалб қиляпти.
Эҳтимол, Ўзбекистонда биринчи марта тўлиқ (деярли) тўсиқсиз муҳит яратилди. Тарас Шевченко кўчасининг яқиндагина реконструкция қилинган қисмида бунга муваффақ бўлинмаган эди. Барча ўтиш жойлари пиёдалар йўлаги даражасида қилинган, машиналар учун улар кўтарилган, бу уларни тезликни пасайтиришга ундаши кўзда тутилган.
Асфальт ўрнига ётқизилган брусчатка ҳам ҳайдовчиларга тезликни оширишга йўл қўймаслик учун мўлжалланган — бундай қоплама устида соатига 20 км дан юқори тезликда ҳаракатланиш ноқулай.
Кўчадан ўтиш жойлари пиёдалар йўлаги даражасида.
Тартибсиз тўхташ жойлари ва ноқонуний тўхташ жойи эгалари ўтмишда қолди.
Дарахтлар атрофидаги ҳимоя панжаралари.
Пиёдалар йўлаклари кенгайтирилиб, автомобиллар ўтиши учун битта йўлак, кўчанинг икки четида пуллик тўхташ жойлари қолдирилди. Кўча торлиги туфайли бу ерда автомобилларни кўндаланг ва бурчак остида қўйиш тўхтатилган, баланд бордюр ва устунлар эса уларнинг пиёдалар йўлагига киришига йўл қўймайди.
Пиёдалар йўлаги билан бирлаштирилган велойўлак ўрнига кўчанинг бир томонида алоҳида икки томонлама велойўлак ташкил этилган.


Болалар кутубхонаси чорраҳасида светофорлар ўрнига айланма ҳаракат ташкил этилган. Аҳолининг бир қисми қурилиш пайтида айланма ҳаракат туфайли бу ерда тартибсизлик бўлиши мумкинлигидан норозилик ва хавотир билдирган эди.
Лекин ҳаммаси режадагидек ишлаяпти — ҳайдовчилар айланадагиларни ўтказиб юбориб, чорраҳадан хотиржам ўтяпти, машиналар аввалгидек яшил чироқни кутиб турмаяпти.


Кўча бўйлаб жойлашган кафе ва ресторанлар янги мижозларни жалб қилиш имкониятидан унумли фойдаланиб, кўчага стол-стуллар олиб чиққан. Ўриндиқ (скамейка)ларнинг аксарияти деярли ҳар доим одамлар билан банд, гарчи улар ҳамма жойда ҳам қулай ўрнатилмаган бўлса-да. Кўпинча ёшларнинг яшил ва ободонлаштирилган зоналар фонида бир-бирини суратга олаётганининг гувоҳи бўлиш мумкин.
Деярли барча ўриндиқлар одамлар билан банд.
Кафелардан бирининг стол-стуллари.
Лойиҳа шуни кўрсатдики, яхши лойиҳа ва масъуллар томонидан тушуниш бўлган тақдирда, Ўзбекистонда «одамлар учун» — кенг пиёдалар йўлаклари, тўсиқсиз муҳит, яшилликка бурканган ва сокин автомобиль қатновига эга кўчаларни яратиш мумкин экан. Ҳайдовчилар дуч келган жойда эмас, фақат мумкин бўлган жойларда тўхтайдиган кўчалар қуриш мумкин экан, илгаригидек йўл хизмати ходимлари томонидан вақти-вақти билан назорат ўтказишга ҳожат йўқ экан (доимий назорат қилиш барибир имконсиз).
Экопарк олдидаги майдонда ўриндиқлар ўрнатилиб, дарахтлар экилди.
Кўча, ўйланганидек, намунали бўлиб чиқди — келинг, ўрганинг, ўзлаштиринг, энг яхши ечимларни қабул қилинг ҳамда уларни шаҳар ва мамлакатнинг бошқа кўчаларига жорий этинг. Шундай қилинадими ёки йўқ — бу нафақат сиёсий ирода ва молиялаштиришга, балки замонавий кўчалар қандай бўлиши кераклигини тушунишга ҳам боғлиқ.
Кўчани қандай қилиб янада яхшилаш мумкин?
Қуйидаги қисқа — атиги бир неча сониялик видеони томоша қилишни таклиф этамиз.
Машиналар люк устидан ўтаётганда чиқаётган шовқин бутун атрофга эшитилади, айниқса, кечаси жуда кучли. Бундай люклар ўтиш жойларида бир нечта. Улар тротуарлардаги пиёдалар оёғи остида ҳам гумбурлайди. Бу кичик мисол яхши лойиҳа ҳар доим ҳам мукаммал ижрони англатмаслигини тасдиқлайди. Яхшиямки, бу ерда қайд этилган бу ва бошқа камчиликларни тез фурсатда ва кам харажат билан тузатиш мумкин.
Ўзбекистонда тез-тез учраб турганидек, лойиҳада ахборот кампанияси ва аҳолининг иштироки етишмади. Мамлакатда бундай кўчалар деярли бўлмагани учун, кўчани бошидан охиригача қамраб олган бундай кенг кўламдаги реконструкция саволлар, шубҳа ва хавотирларни келтириб чиқарди. Шаҳар ҳокимлиги ҳам ахборот кампанияси етарли бўлмаганини тан олди.
Даҳа аҳолисининг ҳозирги хавотири шундаки, лойиҳа бошланишида шаҳар ҳокимлиги фақат кўчани замонавий жаҳон тенденцияларига мувофиқ ободонлаштириш ҳақида гапирган бўлса, ҳозирда туман ҳокимлиги уни урфга кирган атамалар билан «24 соатлик» ва «гастрономик» кўча деб атаяпти.
Амалга оширилган лойиҳа тақдимотда кўрсатилганидан айрим жиҳатлари билан фарқ қилади. Масалан, айланма ҳаракат яқинидаги ўтиш жойларида (Болалар кутубхонаси ёнида) хавфсизлик оролчалари йўқ. 64-мактаб олдидаги чорраҳада ҳам йўқ, бу эса ўтиш жойларини хавфлироқ қилади. Йўлнинг қатнов қисми баъзи жойларда кенглигича қолган.
Хавфсизлик оролчалари кўрсатилган тақдимот лавҳаси. Амалга оширилган лойиҳада улар йўқ, Яҳё Ғуломов кўчасидаги қатнов қисми эса икки қатордан кенгроқ.
ЙҲХБнинг кўчани реконструкция қилишдаги иштироки тушунарсиз. Светофорлар, йўл торайган бўлса-да, ўз ўрнида қолган, Шастри ёдгорлиги томонида эса пиёдалар учун светофор 10 йилдан ортиқ вақтдан бери йўқ.
Кўплаб реконструкция қилинаётган кўчалардаги каби, йўл белгилари кўп. Бу кўчанинг қиёфасига путур етказади ва ҳайдовчиларни чалғитади. Шу билан бирга, одамларни бутунлай тўсиб қўядиган даражада катта йўл белгилари туфайли ўтиш жойлари хавфли бўлиб қолган. Пиёдалар белгилар ортидаги автомобилларни, шунингдек, бурилаётган ёки орқага қайрилаётган ҳайдовчилар пиёдани кўрмаслиги мумкин.

Одамларни хавф остига қўймаслик учун вертикал кўрсаткичлар олиб ташланиши керак эди. Нафақат бу кўчада, балки параллел равишда реконструкция қилинган Содиқ Азимов кўчасида ҳам.
Баланд ва кенг белгилар болалар у ёқда турсин, ҳатто катталарни ҳам тўсиб қўяди.
Катта ёшли пиёда белгилар ортида кўринмаяпти.
Содиқ Азимов кўчасидаги белгилар ҳам кўринишни тўсиб қўяди ва кўчанинг қиёфасига путур етказади.
Тақдимот слайдларида белгилар шундай (кичик) кўринишда эди.
Кичик ўлчамдаги белгилар ривожланган мамлакатларда кўп вақтдан бери одатий ҳол ҳисобланади. Суратда — Лондондаги кўча.
Кўчада ва чорраҳалар олдида тезликни чеклаш белгилари йўқ. Кўпчилик ҳайдовчилар, айниқса, бу ерга биринчи марта келган ҳайдовчилар одатдаги тез юради, кўтарилган ўтиш жойлари олдида секинлашмайди, шу сабабли уларнинг машиналари сакраб кетади. Баъзи ҳайдовчилар айланани чапдан кесиб ўтишади. Тўхташ чизиқлари ва белгилар йўқлиги сабабли, чорраҳалардаги ҳайдовчилар кўтарилган ўтиш жойларига чиқиб, орқага қайрилиб, ўзларига қулай жойда тўхтайди.
Машиналар пиёдалар ўтиш жойигача ёки шу жойда орқага қайрилади. Бу ерда тўхташ чизиғи йўқ ва ўтиш жойи белгиланмаган.
Ҳайдовчилар ўтиш жойига чиқиб кетмаслиги учун чорраҳалардан бирида тўхташ чизиқлари чизилган.
Ўтиш жойларининг кўтарилганлиги қарама-қарши элементлар йўқлиги сабабли етарлича сезилмайди. Сунъий нотекислик белгилари йўқ, ўтиш белгилари эса баъзи жойларда яхши кўринмайди.
64-мактаб олдидаги ўтиш жойида сариқ ва оқ чизиқлар чизилган. Бироқ оқ рангнинг ўзи етарли бўларди — ўтиш жойи кўзга янада яққолроқ ташланарди.
Кўтарилган ўтиш жойи ёки чорраҳани оддий усулда қандай белгилаш мумкинлиги — Лондондан бир мисол.
Кўчада бироз турсангиз, пиёдалар кўчани асосан велойўлакдан кесиб ўтаётганини кўришингиз мумкин. Эҳтимол, велойўлакнинг ранг билан ажралиб туриши пиёдаларга ҳимояланганлик ҳиссини берар.
Одамлар кўчани ўтиш жойидан эмас, балки велосипед йўлагидан кесиб ўтяпти.


Светофорли ўтиш жойининг аниқ ва кўзга ташланмайдиган белгилари. Лондондан мисол.
Йўлғишт ётқизилган йўлда белги чизиш одатий ҳол. Муҳими, у керагидан ортиқ бўлмасин. Эдинбургдан мисол.
Кўчага эътибор етишмайди. Гап ўз ишини виждонан бажарадиган ободонлаштириш ходимлари ва автотураргоҳ назоратчилари ҳақида эмас. Гап камчиликларни пайқаб, уларни бартараф этиш чораларини кўриши мумкин бўлган одамлар ҳақида. Сентябрда бош прокурор келиши кутилаётганда кўчаларни машина билан супуриб, сув сепишди, велосипед йўлагини махсус восита билан ювишди. Бу кўчада вақти-вақти билан туман ҳокими ва унинг ўринбосарлари сайр қилишади.
Лекин бундай кўчаларнинг мавжудлиги ва уларни бошқариш тажрибаси йўқлиги сабабли камчиликлар ҳеч кимнинг эътиборини тортмаяпти.
Инфратузилма элементлари ташқи таъсирларга чидамли бўлиши лозим.
Тахтачалар ўрнатиш орқали бу юзаларни ўтириш учун қулайроқ қилиш мумкин.
Ҳайдовчилар машиналарини пиёдалар ўтиш жойларида ва уларнинг шундоққина олдида қолдиради. Буни ҳеч ким назорат қилмайди.
Устунни скутер ҳайдовчиси уриб кетганидан сўнг, тротуарга автомобиллар кира бошлади. Буни ҳам ҳеч ким назорат қилмаяпти.
Такси тўхташ жойи доимо бошқа автомобиллар билан банд. Бошқа томондан, бу ер такси тўхташ жойи эканлиги ҳақида ҳеч қандай белги мавжуд эмас.
Тўхташ жойларида чизиқлар йўқлиги сабабли, кўплаб ҳайдовчилар ҳаддан ташқари кўп жой эгаллаб тўхтайди.
Айланма йўлдаги ўтиш жойида тор макон бор, у ерда самокатлар урилиши ёки пиёдалар юриши натижасида ариқ панжаралари ағдарилиб кетади.
Ҳайдовчилар ҳатто «Ҳуқуқ-тартибот маскани» деб ёзилган қора ойнали бино олдида ҳам қоидабузарлик билан тўхтайди. Бинода ҳуқуқ-тартибот идоралари логотиплари ва тунда ўткинчилар кўзини қамаштирувчи улкан экран мавжуд. Бироқ ўзбек тилини билмайдиганлар учун бу ерда нима жойлашганлиги ҳақида тушунтириш ҳам, телефон рақамлари ҳам йўқ.

Юқорида таъкидланганидек, ўриндиқлар ҳамма жойда ҳам қулай ўрнатилмаган: баъзилари велосипед йўлагига жуда яқин, баъзилари қуёшда, баъзилари эса тўғридан-тўғри чорраҳада жойлашган. Чиқинди қутилари ўриндиқларнинг ёнгинасига қўйилган бўлиб, бу чиқиндиларнинг ҳиди ва кўриниши туфайли ноқулайлик туғдириши мумкин. Чиқинди қутилари ўтиш жойларига ўрнатилгани маъқул. Чорраҳаларда ахлат қутилари йўқлиги сабабли пиёдалар ахлатни велосипедчилар учун мўлжалланган қутиларга ташламоқда.

Ғамхўрлик масаласида. Велосипедчилар учун мўлжалланган таянч бир неча кун давомида носоз ҳолатда турди, сўнгра бутунлай олиб ташланди.
Томчилатиб суғориш ўрнига, ўсимликлар фавворалар ёрдамида суғорилади. Натижада тротуарларнинг бир қисмига сув тошиб, сайр қилиш майдонини камайтиради. Бундан ташқари, фавворалар керакли ҳудудни тўлиқ қамраб олмайди ва қолган жойлар шланглар ёрдамида қўлда суғорилади.

Самокатлар ва велосипедларнинг тўғридан-тўғри тротуар ёки велосипедчилар йўлагига қўйилиши ноқулайлик туғдиради, лекин буни ҳам ҳеч ким назорат қилмайди. Фақатгина Шастри ҳайкали олдидаги тўхташ жойи махсус белгиланган.
Етказиб берувчилар тротуарларни эгаллаб, пиёдалар ҳаракатига халақит бермоқда.
Йўлнинг қатнов қисмидаги тўхташ жойи четидан махсус жой ажратиш мақсадга мувофиқ бўларди.
Самокатларни ижарага бериш хизмати ходимлари уларни тротуарларнинг қоқ ўртасига қолдириб кетмоқда, бу эса пиёдаларга халақит беради.
Ниҳоят, кўча четларига келиб ободонлаштириш ишлари тугаб қолгани ачинарли. Бу ерда тик зинапоя ва тор пандус, машиналар билан тўлиб кетган тротуар, уйларга кириш қисми (подъездлар) олдидаги чуқурликлар бор. Аҳоли бу чуқурликларда ёғингарчилик пайтида сув тўпланишидан хавотирда. Уларнинг айтишича, бу камчиликларни туман ҳокимига ҳам, унинг ўринбосарига ҳам, пудратчига ҳам кўрсатишган, лекин улар фақат тузатишни ваъда қилган, холос.
Перпендикуляр кўчадаги (Содиқ Азимов) тик зинапоя ва пандус. Зинапояни янада қияроқ қилиш мумкин эди.
Бобур кўчасидаги қия зинапоя намунаси. Бу зинапоя юқоридагига қараганда пиёдалар ва болалар аравачалари билан юрувчилар учун қулайроқ.
Кўчанинг охири — «Ўзбекистон» меҳмонхонаси олдида шундай кўринишга эга.
Тротуар сатҳи кўтарилиши натижасида ёғингарчилик пайтида турар-жой биносига кириш йўлагини сув босиши мумкин.
Кириш эшиги олдидаги чуқурлик. Аҳоли бу ерда сув тўпланиши мумкинлигидан хавотирда.
Хулоса
Ўзбекистон овози кўчаси нафақат Тошкент ва унинг туманлари, балки Ўзбекистоннинг барча ҳудудлари ҳокимликлари интилиши керак бўлган намуна ҳисобланади. Баъзи камчиликларга қарамай, бу нафақат ҳайдовчилар, балки барча учун қулай шаҳар яратиш йўлидаги улкан қадамдир.
Шаҳарсозлик бўйича мутахассис Бобур Сирожевнинг фикрича, Ўзбекистон бўйлаб кўчаларни ободонлаштириш лойиҳаларини кенгайтиришдан олдин, амалга оширилган ишларни, улар қаерда муваффақиятли ва қаерда муваффақиятсиз чиққанини таҳлил қилиш мақсадга мувофиқ.
Чекловчи устунлар кўчаларни ободонлаштиришда эндигина қўлланила бошланди. Эътибор бериш керакки, паст устунлар одамларнинг қоқилиб кетиши ва йиқилишига сабаб бўлиши мумкин (ва бу ҳолат юз бермоқда).
Таҳлил натижаларига кўра, асосий элементлар эътибордан четда қолмаслиги ва хатолар лойиҳадан-лойиҳага такрорланмаслиги учун лойиҳачилар ва ҳокимликлар учун аниқ мезонлар ёки «услубий қўлланма» ишлаб чиқиш мумкин, деб ёзди у ўзининг Urban Metrics каналида.