«Алоҳида туман (шаҳар) ва маҳаллаларни аҳолининг яшаши ва тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиши учун намунали ҳудудга айлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги президент қарори қабул қилинди.
Қарорга кўра, алоҳида туман ҳамда шаҳарлар, шунингдек, маҳаллалар намунали ҳудудга айлантирилади. «Янги Ўзбекистон қиёфасидаги туман (шаҳар)» лойиҳаси доирасида ҳар йили бир қатор ишлар амалга оширилади.
Жумладан, камида 50 миллион доллар эквиваленти миқдорида инвестицияларни жалб қилган ҳолда озиқ-овқат, мебелчилик, қурилиш материаллари, тикувчилик ва бошқа ихтисослашган йўналишларда камида 10 тадан йирик инвестиция лойиҳалари ишга туширилади.
Илгари ўз маҳсулоти билан ташқи бозорларга чиқмаган камида 3−5 тадан корхона экспорт фаолиятига жалб қилинади. Хорижий давлатлардан технолог, маркетолог, бренд-менежер каби мутахассисларни жалб қилган ҳолда камида 1 та корхонада миллий бренд маҳсулотлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилади.
Бундан ташқари, 10 нафардан тадбиркорларни хорижий давлатларда ўтказиладиган ихтисослашган саноат кўргазмаларига тажриба алмашиш учун юбориш режалаштирилган.
«Яшил» ва энергия самарадор ҳудудларни ривожлантириш доирасида 2026 йил 1 январдан бошлаб барча давлат идоралари ва ижтимоий соҳа муассасалари бинолари фақат энергия самарадорлик тамойиллари асосида қурилади ва модернизация қилинади.
2027 йил 1 январга қадар давлат идоралари, давлат иштирокидаги корхоналар ва ижтимоий соҳа муассасалари энергия самарадор ускуналар билан тўлиқ жиҳозланади.
2026 йил 1 мартдан бошлаб эса биттадан ижтимоий соҳа муассасаси биноларини «Ноль энергия сарфли бинолар» концепцияси асосида модернизация қилиш бўйича пилот лойиҳалар бошланади.
