Президентнинг 6 октябрдаги истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоялашга оид қарори билан Рақобат қўмитасининг яроқлилик муддати ўтган, шунингдек, ишлаб чиқарилган санаси ва яроқлилик муддати кўрсатилмаган озиқ-овқат маҳсулотларини сотганлик учун маъмурий жавобгарликни кучайтириш ҳақидаги таклифи маъқулланди.
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 178-моддасига кўра, «яроқлилик муддати ўтган товарларни, шунингдек ишлаб чиқарилган санаси ва яроқлилик муддати кўрсатилиши шартлиги қонунчиликда назарда тутилган товарларни уларнинг ишлаб чиқарилган санаси ва яроқлилик муддатини кўрсатмаган ҳолда реализация қилиш ҳамда сотиш учун қабул қилганлик учун» фуқароларга БҲМ (у ҳозирда 412 минг сўм)нинг 3 бараваридан 10 бараваригача (1 млн 236 минг сўмдан 4,2 млн сўм), мансабдор шахсларга эса 7 бараваридан 10 бараваригача (2 млн 884 минг — 4,2 млн сўм) миқдорида жарима белгиланган.
Эндиликда жариманинг юқори чегараси БҲМнинг 30 баравари — 12 млн 360 минг сўмгачани ташкил этади.
Қарорга кўра, Рақобат қўмитаси истеъмолчилар шикоятларини қабул қилиш учун «Истеъмолчи мурожаати» ахборот тизимини ишга туширади. Бу тизим орқали мурожаатларни кўриб чиқиш жараёни барча босқичларда назорат қилинади. Тизим Солиқ қўмитасининг шахсий кабинети билан интеграция қилинади, бу эса тадбиркорларга шикоятлардан тезкор хабар топиш имконини беради, дейилади хабарда.
Дастлаб мурожаатлар тадбиркорлар томонидан Рақобат қўмитаси назорати остида 10 кун ичида кўриб чиқилади. Агар тадбиркор мурожаатни ижобий ҳал қилмаса, ариза берувчи уни Рақобат қўмитасига ёки истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича жамоат ташкилотига юборишга ҳақли. Жамоат ташкилотлари ҳуқуқбузарликларни ихтиёрий равишда бартараф этиш бўйича кўрсатмалар беришга ваколатли бўлади.
Агар тадбиркор 10 кун ичида қоидабузарликни бартараф этмаса, ташкилот тизим орқали ваколатли давлат органига ёки судга мурожаат қилиши мумкин.
Бундан ташқари, қарор билан озиқ-овқат ва техник этил спиртига бўлган эҳтиёжни ҳисобга олиш ҳамда улардан мақсадли фойдаланилишини назорат қилиш ваколати Бош прокуратуранинг Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ҳузуридаги Алкоголь ва тамаки бозорини тартибга солиш инспекциясига ўтказилмоқда. Илгари бу вазифа Рақобат қўмитаси зиммасида эди.
Бундан ташқари, 2026 йил 1 мартдан рақамли маркировка тизими жорий қилинган товарларнинг яроқлилик муддати ўтган бўлса, уларнинг савдоси ушбу тизим орқали автоматик равишда чекланади. Бундай товарларга назорат-касса техникаларида харид чеки чиқарилмайди.
Шунингдек, 2025 йил 15 октябрдан 2027 йил 1 январга қадар синов тариқасида нодавлат нотижорат ташкилотлар томонидан истеъмолчилар мурожаатларини кўриб чиқиш ҳамда «сирли мижоз» ва назорат хариди тадбирларини ўтказиш тартибини жорий этиш кўзда тутилган.
