• Ср. Ноя 12th, 2025

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Ғазода ўт очишни тўхтатиш тўғрисидаги битим кучга кирди. Энди нима бўлади? – Gazeta



Исроил ҳукумати 10 октябрь куни Ғазо секторида гаровга олинганларни ҲАМАС асирлигидан озод қилишни назарда тутувчи ўт очишни тўхтатиш келишувини маъқуллади, деб ёзмоқда Reuters.

«Ҳукумат ҳозиргина барча гаровга олинганларни — тирикларни ҳам, ҳалок бўлганларни ҳам озод қилиш тўғрисидаги ҳадли ҳужжатни маъқуллади», — дейилади Исроил бош вазири Биньямин Нетаньяҳу идораси баёнотида.

ҲАМАС ҳам АҚШнинг тинч йўл билан ҳал қилиш режасини маъқуллади. Қувғиндаги ҲАМАС етакчиси Халил Ал-Хайя АҚШ ва бошқа воситачилардан уруш тугагани ҳақида кафолат олганини айтди, деб ёзди Reuters.

Энди нима бўлади?

Исроил мудофаа армиясининг маълум қилишича, ўт очишни тўхтатиш режими маҳаллий вақт билан 12:00 да бошланди.

«Соат 12:00 дан бошлаб Исроил мудофаа армияси қўшинлари ўт очишни тўхтатиш ва гаровга олинганларни қайтариш бўйича келишувга тайёргарлик кўриш доирасида янгиланган жойлашув чизиқлари бўйлаб позицияларни эгаллашни бошлади», — дейилади ЦАХАЛ баёнотида.

Исроил мудофаа армиясининг қўшимча қилишича, Жанубий қўмондонлик қўшинлари «ҳар қандай бевосита таҳдидни бартараф этишда давом этади».

Исроил мудофаа армияси ҳарбийларга Ғазо ҳудудининг қарийб 53 фоизини назорат қилиш имконини берадиган чизиққа кўчирилмоқда.

Шундан сўнг ҲАМАС гаровга олинганларни Исроилга қайтариш учун 72 соат вақтга эга бўлади. 48 киши ҳамон асирликда қолмоқда. Исроилнинг ҳисоб-китобларига кўра, улардан 20 нафари тирик.

АҚШ президенти Дональд Трамп Исроил ҳукумати овоз беришидан олдинроқ гаровга олинганлар душанба ёки сешанба куни озод этилиши кутилаётганини айтганди.

Исроил бунга жавобан умрбод қамоқ жазосини ўтаётган 250 га яқин фаластинлик маҳбусни ва Ғазонинг ҳибсга олинган 1700 нафар фуқаросини озод қилади.

АҚШ режасига кўра, Исроил ҳар бир исроиллик гаровга олинган одамнинг жасади эвазига 15 нафар Ғазо аҳолисининг жасадини ҳам қайтаради.

Бундан ташқари, Исроил ҳар куни Ғазо секторига гуманитар ёрдам юкланган 400 та юк машинасини ўтказади.

Ғазо секторида ўт очишни тўхтатиш бўйича келишувни мониторинг қилиш учун АҚШ Исроилга 200 га яқин аскарини юборади. Associated Press нашрининг манбаларга таяниб ёзишича, АҚШ Марказий қўмондонлиги Исроилда ўт очишни тўхтатиш режимини назорат қилиш ва Ғазо секторида фуқаролик ҳукуматига ўтишга ёрдам берадиган «ҳарбий-фуқаролик мувофиқлаштириш маркази»ни яратишни режалаштирмоқда.

AP манбаларига кўра, мувофиқлаштириш марказида транспорт, режалаштириш, хавфсизлик, логистика ва муҳандислик соҳаларида тажрибага эга 200 га яқин АҚШ ҳарбийси иш олиб боради. Шу билан бирга, Америка қўшинлари Ғазо секторига бормайди.

Дональд Трамп сентябрь ойи охирида АҚШнинг Ғазодаги урушни тўхтатиш режасини тақдим этганди. У 20 банддан иборат бўлиб, барча исроиллик гаровга олинганларни озод қилиш, Исроил қўшинларини олиб чиқиб кетиш, агар ҲАМАС аъзолари секторни тарк этса, уларга амнистия эълон қилиш, шунингдек, халқаро кучларни киритиш ва ташқи маъмурият тузишни назарда тутган.

9 октябрь куни Трамп Исроил ва ҲАМАС Мисрдаги музокаралар натижасида Ғазо секторида тинчлик ўрнатиш режасининг биринчи босқичини амалга оширишни бошлашга келишиб олганини эълон қилди.

Исроил Ғазода 2023 йил октябрь ойидан — Фаластиннинг ҲАМАС гуруҳи ҳужуми туфайли камида 1200 исроиллик ҳалок бўлган, яна 200 га яқин киши гаровга олинганидан бери — уруш олиб бормоқда. Ғазодаги уруш даврида, маҳаллий ҳокимият маълумотларига кўра, 67 мингдан ортиқ одам ҳалок бўлган. Анклавнинг бир қисмида оммавий очарчилик расман тасдиқланган.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *