Аввалроқ Жиззах вилояти Фориш туманидаги тўртта давлат боғчасида 40 нафарга яқин бола овқатдан заҳарлангани хабар берилган эди. Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълум қилишича, барча болаларнинг аҳволи барқарор бўлиб, ҳозирда фақат 2 нафар бола шифокорлар кузатувида қолмоқда.
Қайд этилишича, Фориш туманидаги бир нечта мактабгача таълим ташкилотларининг айрим тарбияланувчиларида «енгил нохушлик, ҳароратнинг кўтарилиши, кўнгил айниши ва қисқа муддатли овқат ҳазм қилиш бузилиши белгилари кузатилган».
«Уларга ўз вақтида зарур тиббий ёрдам кўрсатилган. Ҳозирги пайтда барча болаларнинг аҳволи барқарор, соғлиғига хавф йўқ. Ҳозирда фақат 2 нафар бола профилактика мақсадида шифокорлар кузатувида қолмоқда», — дейилади хабарда.
Нохушлик ҳолатининг аниқ сабаби лаборатория таҳлиллари натижаларига кўра белгиланади. Дастлабки маълумотларга кўра, у озиқ-овқат омиллари билан боғлиқ бўлиши эҳтимол қилинмоқда. Мутахассислар томонидан озиқ-овқат маҳсулотлари ва сувдан намуна олинган бўлиб, айни пайтда тадқиқотлар олиб борилмоқда.
«Соғлиқни сақлаш вазирлиги фуқароларни хотиржамликни сақлашга ҳамда тасдиқланмаган маълумотларни тарқатмасликка чақириб, вазият тегишли хизматлар томонидан тўлиқ назоратга олинганини маълум қилади», — дейилади баёнотда.
Эслатиб ўтамиз, Жиззахнинг Фориш туманидаги тўртта давлат боғчасида 37 нафар бола овқатдан заҳарланди. Улар бир кун олдин биокефир, пишлоқ, сариёғ каби маҳсулотлар истеъмол қилган. Вилоят СЭСга кўра, озиқ-овқат маҳсулотларини ташиш, сақлаш нормалари бузилган. Ҳолат бўйича жиноий иш очилди, суриштирув кетмоқда.
