Андижон вилояти Марҳамат тумани ҳокими ўринбосари пора олишдп гумонланиб қўлга олинди, дея хабар қилди ДХХ.

У мансаб мавқеидан фойдаланиб, туман ҳудудидан ўтган катта йўл бўйида 400 метр узунликдаги зовурни ёпиқ тизимга ўтказган ҳолда, бунинг ҳисобига юзага келадиган 60 сотих ер майдонида ҳар бири 30 кв метр бўлган жами 8 та савдо дўкони қуриш учун ер ажратиш ва тегишли ҳужжатларни юқори лавозимда ишловчи танишлари орқали расмийлаштириб беришни ваъда қилган.

У бунинг эвазига фуқародан 15 минг АҚШ доллари талаб қилиб, олдиндан 200 АҚШ доллари олган.

Давлат хавфсизлик хизмати ва Бош прокуратура ҳузуридаги департамент ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда ҳоким ўринбосари қолган 14 800 АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.

Мансабдор шахсга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми «а, в» бандлари (Хизмат мавқеидан фойдаланган ҳолда кўп миқдорда фирибгарлик) ва 28,211-моддаси 2-қисми «б» банди (Кўп миқдорда пора олиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, «қамоқ» эҳтиёт чораси қўлланилди. Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.