Амитабҳ Баччан 1942 йил 11 октябрда Ҳиндистоннинг Аллоҳобод шаҳрида туғилган. У кинода 1969 йили «Етти ҳиндистонлик» («Saat Hindustani») фильмидаги иштироки билан дебют қилган, аммо илк муваффақият ва шуҳрат 1971 йили суратга тушган «Ананд» фильми орқали келган — айнан шу фильмдаги роли учун у биринчи Filmfare мукофотини ҳам қўлга киритган.
Ҳақиқий муваффақиятга 1973 йили экран юзини кўрган «Занжир» («Zanjeer») фильмидан кейин эришган актёр 1970-йиллардаги «Девор» («Deewar»), «Қасос ва қонун» («Sholay»), «Муҳаббат бу ҳаёт демакдир» («Khabhi Kabhie») фильмларида бир-биридан фарқли қаҳрамонларни гавдалантирган. Бу орада Ўзбекистонда ҳам севиб томоша қилинадиган «Амар, Акбар, Антони» фильмида қатнашган. 1980-йилларда «Ҳаммол» («Coolie») ва тўртта категория бўйича Filmfare мукофотига лойиқ топилган «Шакти» ва «Шаҳаншоҳ» («Shahenshah») фильмларида суратга тушган.
Эски авлод ўзбек томошабини Баччаннинг деярли барча муҳим фильмлари билан яхши таниш, янги авлод ўзбек томошабинлари эса уни асосан «Муҳаббат қиссалари» («Mohabbatein»), «Гоҳи шодлик, гоҳи ғам» («Kabhi Khushi Kabhie Gham»), «Боғбон» («Baghban»), «Зулмат» («Black») ва «Қайнота» («Baabul») фильмлари орқали танийди. Умуман, Амитабҳ Баччан фаолияти давомида 200 дан ортиқ фильмда суратга тушган.
Сана муносабати билан Gazeta Амитабҳ Баччан фильмографияси асосида тест тайёрлади.