• Ср. Ноя 12th, 2025

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Ўзбекистонда скутер ва мопедлар учун янги тартиб кучга киргач вазият қандай? Gazeta ўрганиши


Ўзбекистонда 1 октябрдан мопед ва скутер ҳайдаш учун авторақам ва ҳайдовчилик гувоҳномасини талаб қилувчи тартиб кучга кирди. Gazeta ушбу тартиб кучга киришидан аввалги вазиятни ўрганган эди, ўшанда ушбу транспорт воситаларидан энг кўп фойдаланадиган касб эгалари — курьерлар бу тартибдан норози экани маълум бўлганди.

Октябрь бошидан пойтахт йўлларида скутер ва мопед минган курьерлар камайди. Ижтимоий тармоқларда эса гувоҳнома ва рақамсиз мопед ҳайдовчилари жаримага тортилиб, улови жарима майдончасига олиб кетилаётгани ҳақида хабарлар кўпайди.

Фото: Мурод Юсуф / Gazeta

Gazeta мухбирлари янги тартиб кучга кирганидан кейинги аҳволни ўрганди, хусусан, курьерлар билан суҳбатлашди, етказиб берувчи компаниялар ҳамда мопед ва скутер ҳайдаш ҳуқуқини берувчи «А» тоифа ҳайдовчилик гувоҳномасига ўқитадиган автомактаблардаги вазият билан танишишга ҳаракат қилди.

Курьерларнинг фикрлари

«Скутердан велосипедга ўтдим, аммо велойўлаклар йўқ»

Азизбек Олимжонов, Андижондан пойтахтга келиб курьерлик қилади

Ўтган йил ноябрдан бери курьерлик қиламан. Ўзи скутер минардим. «Права»м йўқлиги учун 1 октябрдан велосипедга алмаштирдим. Бу ҳам ижара, скутеримни ҳам ижарага олгандим. Ҳозир йўлларда скутер, мопедчилар анча камайиб қолган. Дастлабки кунларда жаримага тортишаётганига ҳам кўп дуч келдим.

Буюртмалар аввал ҳам яхши эди, ҳозир ундан ҳам кўпайган. Талаб юқорилигидан велокурьерларга бонуслар бериб рағбатлантиришяпти. Шунга тинмасдан ишлаяпмиз.

Битта буюртмани етказиб берганимиз учун 40 фоиз бонус беришяпти. Етказиб бериш нархи 20 минг сўм бўлса, бонус билан 32 минг сўмга айланяпти. Велосипед ижараси учун бир ҳафта 380 минг сўм тўланади. Биринчи октябрдан кейин бир ҳафтада 100 та буюртма етказсангиз, 280 минг сўм бонус берадиган тизим қилишди. Шунда ижара учун 380 минг эмас, 100 минг сўм тўлаяпмиз.

Бу яхши, аммо шаҳар «велодорожка»лар билан яхши таъминланмаган. Машина йўлга чиқишга мажбур бўламиз, аммо у ерда ҳам велосипедда юриш қийин. ЙПХ ходимлари кўриб қолса, жаримага тортади.

Қолаверса, велосипед билан скутернинг тезлиги фарқ қилади. Скутерда юриш «комфорт»роқ, қийналмайсиз. Велосипедда ўтириш ҳам ноқулай. Скутернинг эса каттагина ўриндиғи бўларди. Бемалол ўтириб, бемалол ҳайдайсиз. Шунинг учун ҳам скутерлар «права» олишни осонлаштиришса яхши бўларди.

«Велокурьерларга буюртмалар икки баробар кўпайган»

Муҳаммад Норов, қашқадарёлик, велокурьер

Уч ойдан бери курьерлик қиламан. Ўзимнинг велосипедим бўлгани учун шундан фойдаланардим. Сал ҳаракат қилиб, скутер олмоқчи эдим, мана бунақа ташвишлари чиқиб қолди.

1 октябрдан бери буюртмаларимиз икки баробар кўпайган. Масалан, олдин кунига 30 та бўлган бўлса, ҳозир 60 тага етяпти. Ўзи Экобозор тарафда ишлардим, курьер етишмаганидан шу ергача келяпман (тахминан 4−6 километрлик масофа назарда тутиляпти — таҳр.).

Мана буни қаранг, (харитани кўрсатади — таҳр.) олдин шу ерлар сап-сариқ бўларди. Бу ҳамма буюртмаларнинг эгаси борлигини билдирарди. Энди қаранг, буюртма кўплигидан қип-қизил бўлиб ётибди. Жуда кўпайган-да. Мижозларга иложи борича тез етказиб беришга ҳаракат қиляпмиз. Лекин шунча курьер ишсиз қолди.

«Права»ни «отмен» қилиш керак-да. Қолганларга ҳам яхши бўлади, ишчи кўпаяди. Бу ишга шу камбағаллар йиғилади-да. Камбағаллар энди кўтарилиб, ишли бўламан деганда, «права» қилиб қўйишди. Шу одамлар ҳам кўтарилсин. Буларга «права» нимага керак? Энди уларнинг бола-чақасини ким боқади? Ҳамма бадбахтлар вилоятлардан, бола-чақамни боқай, деб келади.

«Узоқ масофаларга етказиб берувчилар етишмаяпти»

Талаба, велокурьер (исми сир қолишини хоҳлади — таҳр.)

Октябрда курьерлик қилаётганимга бир йил бўлди. Ўзим талабаман, ўқишдан кейин ишлайман. Ҳозир кўчада 70 фоиз курьер йўқ ҳисоби. Рақам тақиб, «права» олганлар камчиликни ташкил қилади. Шунинг учун буюртмалар кўпайган. Аввал бир кунда тахминан 9−10 соат ишласам, 400 мингча топардим, ҳозир 500−600 минг сўмга етяпти.

Компаниялар кўпинча скутерларга имтиёзлар таклиф қиляпти. Чунки скутерчилар йўқ-да. Бизда пиёда, вело, электро, скутер, автокурьер тарифлари бор. Тарифингизга қараб, сизга «линия» тузиб беради. Узоқроқ, 10−20 километрлик масофалар машина, скутер курьерларига тушарди. Бизга эса энг узоғи 6 километрлик жой тушади. Шунинг учун узоқ масофаларга етказиб берувчилар етишмаслиги муаммоси пайдо бўлган.

«Скутерда юрардим, ишга чиқмаяпман»

Зайниддин Чориев, талаба, велокурьер

Бир йилдан бери курьерлик қилардим. Биринчи ишимни велосипедда бошлагандим. 7−8 ой олдин 6 миллион сўмга скутер олгандим. 1 октябрдан бери ишга чиқмаяпман. Шунча пулга олган скутерим жарима майдончасига тургандан кўра, ўзимнинг олдимда тургани яхши, деб ҳисобладим. Ўзи «Б» тоифа «правам» бор. «A» тоифа олишга ҳам битта скутернинг пули кетаркан. Талабаман, шунинг учун буни тўлашга, тўғриси, ортиқча пулим йўқ.

Яна бир муаммо рақам билан бўляпти. Рақам учун скутерни рўйхатдан ўтказиш керак бўларкан. Мен скутеримни 2024 йилда олганман. Қонун бўйича 2024 йилда олинган скутерлар 30 cентябргача рўйхатдан ўтказиш керак экан. Афсуски, улгурмай қолдим. Рўйхатдан ўтишга борсам, қанақадир счёт-фактура сўраркан, менда йўқ эди. Шу билан рўйхатдан ҳам ўтолмадим.

Энди нима қилишга ҳам ҳайронман. Қолаверса, рақам билан рўйхатдан ўтказиш рақамини ҳам вилоятга бориб олишим керак экан. Бу скутерни 8−10 соатлик узоқ йўлга олиб бориб, олиб келиш ҳам қўшимча харажат. Амаллаб, рақам олган тақдирда ҳам «права»лар ўта қиммат. Арзонроқ қилишса яхши эди.

Биз ишлайдиган компаниялар ҳам ечимлар беришга ҳаракат қиляпти. Масалан, олдин скутерда юрганлар учун электровелосипедлар таклиф қиляпти. Лекин бизга унинг фойдаси йўқ-да. Бизнинг скутер тарифимизда 15−20 километрга ҳам буюртма етказардик. Тошкентнинг у четидан бу четига ҳам буюртмалар бўларди. Афсуски, велосипедда ундай етказиш имконсиз.

Тўғриси, скутерчиларнинг велосипедга ўтишни ҳам қийин. Одам скутернинг қулайлигига ўрганиб қоларкан. Дарсларим эрталаб бошланади. Шунинг учун мен куннинг иккинчи ярмидан тунги 1:00—2:00 гача ишлардим. Агар велосипедда шунақа ишласам, анча чарчаб кетаман ва тонг 7−8 да туришда қийналиб, дарслардан ҳам қолиб кетаман, деб қўрқаман.

Ўғил бола бўлгандан кейин уйдан ҳадеб пул ололмайсиз, бир кунда 200−300 минг бўлса ҳам ижарамиз, озиқ-овқтатимиз учун топиб турганимиз яхши эди-да. Рақам бўлишига розиман. Қоидабузарликлар бўлса, жарималар келиб туради. Лекин «права» ортиқча ва қиммат. «Права» нархини пасайтириб, имтиҳонини осонлаштиришни сўраб қолардим.

Шунингдек, Gazeta’нинг янги тартиб кучга киришидан аввал тайёрлаган мақоласининг изоҳлар қисмида шу муаммо билан юзлашган бошқа фуқаролар ҳам ўз фикрларини билдирган. Улардан айримларини қуйида келтирамиз:

Элбек Исмоилов

Мен ҳам скутер ҳайдардим, лекин 1 октябрдан Фарғона ва Марғилон шаҳарларида рейдлар ўтказилиб, гувоҳнома ва рақами йўқ скутерлар йиғиштирилди. Мен ҳам «қўлга» тушган эдим, рақамим ва техпаспортим борлиги учун биринчи мартасига огоҳлантириш олдим.

Гувоҳномани суриштирсам, унга 1,5 ой ўқиш керак экан, нархи 2,5 млн сўм, амалий имтиҳон — 500 минг сўм, тест — 650 минг сўм, тиббий кўрик — 150 минг сўм, онлайн ариза топшириш — 350 минг сўм, жами 4 млн сўм керак экан.

Бунча ортиқча пул ҳамма скутер ҳайдовчиларида ҳам бўлмаса керак. Шуни ҳеч йўғи 1,5 млн сўм қилишса, мақсадга мувофиқ бўлар, оила бюджетига ҳам унчалик билинмас эди.

Атайлаб қоидаларни ўрганиб, тирикчилик қилаётганларга тегманглар, ахир уларни нони яримта бўлиб қолади-ку!

Муроджон Туманов

Электроскутерни кредитга олганман, икки ярим йил бўляпти.

Олаётганимда маҳалладан ҳоким ёрдамчиси камбағалликни қисқартириш дастури бўйича Халқ банкидан имтиёзли кредитга электроскутерлар бериляпти, ҳеч қанақа ҳужжат сўрамайди, деб ишонтирган. Шу билан ҳам тирикчилик, ҳам кредитни тўлаб келаётган эдим. Кредитнинг яна етти ойлик муддати қолган. Ҳар ой 1,5 миллион сўм кредит тўлайман. Билмадим, энди оила боқаманми, ё кредит тўлайманми?

Тўрт нафар вояга етмаган фарзандим бор. Бозорда шу скутер билан даромад топардим. Мени ҳозир яна ўқиб, «А» тоифа ҳайдовчилик гувоҳномаси олиб, давлат рақамини олишга ҳечам имкониятим йўқ. Агар ўша вақтда шунақа муаммолар бўлишини айтишганида, буни текинга ҳам олмасдим.

Кузатув хулосалари

Курьерлар билан интервью учун кечки маҳал улар кўп тўпланадиган емакхона олдида бир соатдан зиёд бўлдик. Шу вақт ичида фақат икки нафар скутер ҳайдовчи курьерни учратдик. Уларнинг рақам ва гувоҳномаси бор эди, аммо етказиб беришга шошилаётгани учун суҳбатлашишга имкони йўқлигини айтди.

Таққослаш учун — 1 октябрдан аввалги мақолани тайёрлаш жараёнида айнан шу вақтда чамаси 20−30 нафар скутер ва мопедчилар бор эди.

Велокурьерларда ҳам шу аҳвол: яқин манзилларга кетма-кет буюртмалар бўлиб тургани учун, интервью беришга вақт йўқлигини билдиришди. Айримлари интервью бериб, кейинги суҳбатдош билан гаплашиб турганимизда, бир буюртмани етказиб, навбатдагисини олиб кетиш учун қайтиб келаётганди. Биз билан қисқа суҳбат қурган курьерларнинг кўпи буюртмалар аввалгига нисбатан анча кўпайганини маълум қилди.

Telegramʼдаги курьерларнинг гуруҳлари велосипед ижараси ҳақидаги эълонларга тўлган. Ҳатто чегирмали акциялар ҳам бор: «Ҳали рўйхатдан ўтмаган курьерлар учун бир ҳафта текин», «Рўйхатдан ўтмаган курьерлар учун 2 ҳафта бепул», «Электрвелосипед, бунга «права» ё авторақам керак эмас, «скидка»да» ёзувли велосипед ижара эълонлари кўп. Улар билан ёнма-ён «Скутер сотилади» деган эълонларни кўрасиз.

Бундан ташқари, Telegramʼдаги велокурьерлар 1 октябрдан «буюртмалар ёнаётгани» ҳақида кўплаб хабарлар қолдирган. Электровелосипедда курьерлик қилишни бошлаган бир киши эса уни ЙПХ ходими тўхтатиб, ундан ҳайдовчилик гувоҳномаси сўрагани, курьер бу скутер эмаслигини айтса, ЙПХ ходими: «Мотори борми, бўлди — ҳаммаси скутер», деб жавоб берганини, шунга энди ишга чиқолмай ўтиргани ҳақида ёзган.

Жарималар қўлланилиши

1 октябрдан ижтимоий тармоқларда гувоҳнома ва рақамсиз скутер ҳамда мопед ҳайдовчилари жаримага тортилиб, транспорти жарима майдончасига олиб кетилаётгани ҳақида хабарлар тарқала бошлади.

Ҳайдовчилик гувоҳномаси бўлмасдан транспорт бошқарганларга, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс (МЖтК)нинг 135-моддасига кўра, базавий ҳисоблаш миқдори (БҲМ)нинг 5 баравари миқдори (2 миллион 60 минг сўм)да; агар бошқарувдаги транспорт белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилмаган бўлса, МЖтКнинг 125-моддасига кўра, БҲМнинг иккидан бир қисми миқдори (206 минг сўм)да жарима солиниши белгиланган. (Вазиятга алоқадор бошқа ҳолатларлар учун қўшимча жарималар бўлиши мумкин — таҳр.).

Gazeta шу кунгача қанча скутер ва мопед эгасига қай тарзда ва қанча миқдорда жарима қўллангани, умуман, янги тартибга оид бошқа саволлар билан ИИВ Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати матбуот котиби Зойир Йўлдошевга мурожаат қилди.

Зойир Йўлдошев бу мавзудаги саволлар кўплаб журналистлар томонидан берилаётгани сабаб, ЙҲХХ яқин кунларда матбуот анжумани ўтказиши ва барча саволларга жавоб беришини маълум қилди.

«А» тоифага ўқитадиган автомактабларда аҳвол қандай?

Янги тартибнинг кучга кириши «А» тоифага ўқитадиган автомактабларда ўқиш хоҳиши билдирганларни кўпайтирдими ё йўқ? Улардаги ўқиш муддати ва нархлари қандай? Gazeta мухбири интернетдаги очиқ манбаларда келтирилган маълумотлар асосида Тошкент шаҳри, вилоятлар ва Қорақалпоғистон Республикасидаги автомактабларга боғланиб кўрди.

Қайд этиш лозимки, Ўзбекистондаги барча автомактаблар ҳам «А» тоифага ўқитмайди. Аввалроқ ЙҲХХ вакили Зойир Йўлдошев Ўзбекистонда 200 дан зиёд автомактаб «А» тоифага ўқитишини маълум қилган эди. Қуйида маълумотлари келтирилаётган автомактаблар Gazeta мухбирлари тасодифий боғланиб кўрганларидир. Ҳар бир ҳудудда қуйида келтирилганларидан фарқли автомактаблар бўлиши мумкин.

Тошкент шаҳри

«Автолидер» автомактаби вакили:

Автомактабимизда «А» тоифа учун ҳам қабул давом этяпти. Лекин гуруҳ қайси санада очилишини ҳозирдан айтолмаймиз. Худо хоҳласа, гуруҳ тўлса, октябрнинг ўзида очилади. Ўқиш 2 ой давом этади, бутун курс нархи — 2,5 миллион сўм.

1 октябрдан кейин «А» тоифа бўйича талаб сезиларли ошди. Олдин бир ҳафтада 1−2 одам қизиқиш билдирарди, ҳозир деярли ҳар куни сўрашяпти. Шу бир ҳафта ичида 15−20 одам қизиқиш билдирди. Бу аввалигига нисбатан 2−3 баробар кўп.

«Дамал» автомактаби вакили:

Бизда «А» тоифа учун ўқиш муддати 2 ой-у 10 кун, бутун курс нархи — 2,5 миллион сўм. Cентябрь охирларида бир-икки ҳафта давомида сўраб туришди-да, кейин яна жим бўлиб қолишди. Ҳозирча дарсларга хоҳиш билдириб, гуруҳга ёзилганлар сони 12 нафарга етган.

Олдинлари қизиқиш билдирадиганлар бундан ҳам кам эди. Ора-сира ҳаваскорлар, мотоцикл ҳайдамоқчи бўлганлар ёзилиб турарди, 3−4 ой учтагина одам билан ўтирардик.

1 октябрдан скутер ва мопед ҳайдовчиларида ҳайдовчилик гувоҳномаси бўлиши мажбурий қилиб белгиланса, талабгорлар ҳам кўпаяди деб ўйлагандим. Лекин шунда ҳам фақат 7−8 киши ёзилди, жами 12 одам билан кутиб ўтирибмиз.

Ўзи гуруҳ очилиши учун 24 киши бўлиши керак, лекин ҳозирги шароита 20 киши бўлса ҳам очиб юборамиз.

«Стар миг авто» автомактаби вакили:

Хабарингиз бўлса керак, автомактаблар учун янги талаблар қўйилгач, кўпи бир йил танаффус қилиб, кейин қайта очилди. Биз ҳам очилганимизга 3−4 ой бўляпти. «А» тоифа ҳам энди, мажбурий қилиб киритилди. Лекин ҳали бирор марта гуруҳ йиғганимиз йўқ. Бизда ўқиш 3 ой давом этади, бутун курс нархи — 3 миллион сўм.

1 октябрдан кейин «А» тоифани сўраганлар кўпликка кўп-у, лекин фақат сўрашяпти, холос. Охиригача қизиқиб, фақат беш киши ҳужжат топширди. Ҳозирча гуруҳ очганимиз йўқ.

Тошкент вилояти

Юқори Чирчиқ туманидаги автомактаблардан бирининг вакили:

Бизда ўқиш муддати 3 ой, бутун курс нархи — 3,5 миллион сўм. Октябргача 5−6 кишидан ариза олиб қўйгандик, лекин октябрда ҳали ҳеч ким ариза топширмади. Бу билан ҳали гуруҳ тўлади, дегани эмас, балки икки ҳафталардан кейин очиб қолармиз.

Биз ҳам 1 октябрдан кейин гуруҳ тезда тўлади, одам кўпайиб кетади деб ўйлагандик. Йўқ, ҳаммаёқ жим-жит.

Бухоро шаҳри

«Bukhara driver» автомактаби вакили:

Бизда «А» тоифа бўйича ўқиш муддати 2 ой-у 15 кун, бутун курс нархи — 2 миллион сўм. Лекин бу тоифага ҳали-бери талаб йўқ. 1 октябрдан кейин ҳам 4 киши ёзилди, холос.

«Ватанпарвар» автомактаби вакили:

Бизда «А» тоифага ўқиш муддати 2 ой, бутун курс нархи — 2,5 миллион сўм. Янги гуруҳ очиляпти. 1 октябрдан кейин талаб бўляпти, лекин кам. Туманларда кўп-да. Биз шаҳардамиз. 1 октябрдан кейин ҳозирча 10 киши ўқишга хоҳиш билдирди. Ундан олдин «А» тоифага талабгорлар бунақа кўп ва тез мурожаат қилмасди.

Сирдарё вилояти

Гулистондаги автомактаблардан бирининг вакили:

«А» тоифа учун дарсларимиз 15 октябрдан кейин бошланади. Ўтган бир ой ичида 20−30 нафарча одам мурожаат қилди.

Жиззах вилояти

«Дилбек Шер Транс» автомактаби вакили:

«А» тоифамиз учун ўқиш муддати 2 ой-у 15 кун, бутун курс нархи — 3 миллион сўм. Лекин ўқимоқчи бўлганлар жуда бир кўпайиб кетгани йўқ. Ҳозиргача ёзилганлар 10 нафарча бўлса керак. 1 октябрдан кейин фақат бир киши ёзилди.

Ўзи «А» тоифага ўқимасдан туриб ҳам имтиҳон топшириш мумкин-да. «Б», «Б,C» ҳайдовчилик гувоҳномаси борлар шундоқ топшириб, олади. Шунинг учун энди ҳам «А» тоифага қизиқиш билдирадиганлар жуда кўпайиб кетади, деб ўйламайман.

Самарқанд вилояти

«Автомотоҳаваскорлар» автомактаби вакили:

«А» тоифа имтиҳонларимиз 2 ой давом этади, ўқиш нархи — 1,7 млн сўм.

Қизиқиш билдираётганлар жудаям ошиб-тошиб кетаётгани йўғ-у, аммо олдингига нисбатан кўпроқ. Авваллари жуда кам эди.

Навоий вилояти

Навоий шаҳридаги автомактаблардан бири вакили:

«А» тоифа учун ўқиш муддати 2 ой, бутун курс суммаси — 2,5 миллион сўм. Ҳозир «А» тоифани сўрайдиганлар кўпайди. 1 октябрдан кейин 9 киши ёзилди.

Олдин талаб кам бўларди — «А» тоифа учун бир ҳафтада бунча одам йиғилиши аввал бўлмаган.

Қашқадарё вилояти

Қарши шаҳридаги «Авто Ҳавас» автомактаби вакили:

«А» тоифа учун ўқиш муддати икки ярим ой, бутун курс тўлови — 1,8 млн сўм.

Ҳозир «А» тоифага талаб ошди. Янги тартиб кучга киргач, 20−30 нафарча одам ёзилди. Шу бир ҳафта, 10 куннинг ичида иккита гуруҳ очилди. Олдин бунақа кўп бўлмасди, 1 ойда, 25 кунда битта гуруҳ очиларди.

Хоразм вилояти

Боғот туманидаги автомактаблардан бирининг вакили:

«А» тоифа учун ўқиш муддати 2 ой, бутун курс нархи — 2 миллион сўм.

Шу пайтгача бирорта гуруҳ очиб ўқитмагандик, энди мурожаатлар бўляпти, 2−3 киши ёзилиб қўйган.

Шунингдек, Сурхондарё вилояти ва Қорақалпоғистонда очиқ манбалар орқали биз боғланган автомактаблар ўзларида «А» тоифаси ўқитилмаслигини маълум қилди.

Етказиб берувчи компанияларда вазият қандай?

Uzum Tezkor

Uzum Tezkor матбуот хизматнинг Gazeta’ga маълум қилишича, 1 октябрдан янги талаблар кучга киргач, Uzum Tezkor’да курьерлар сони қисқарган. Скутер ва мопед ҳайдовчиларнинг бир қисми вазиятга мослашиб, электровелосипедга ўтган, аммо айрим курьерлар ишлашни вақтинча тўхтатишга мажбур бўлган.

Компаниянинг билдиришича, бугун курьерларнинг айримлари автомактабда ўқиш учун вақт, яна бошқалари пул ажратолмайди.

Гап шундаки, курьерликни асосий бандлик билан бирга қўшимча иш сифатида олиб бориш мумкинлиги сабаб бу ишни кўплаб ўзбекистонликлар қўшимча даромад манбаига айлантирган эди. Ушбу даромад ўқиш учун тўлов, транспорт ижараси ва бошқа харажатларни қоплаш имконини бериши мумкин. Бироқ кўплаб курьерлар учун асосий фаолиятни автомактабда ўқиш билан бирга олиб бориш қийинчилик туғдиради.

Шунингдек, ўқишнинг ўзи ҳам қўшимча харажат талаб қилади. Баъзи курьерлар учун бу тўловларни амалга ошириш молиявий жиҳатдан оғир — курьерлар автомактабда ўқиш ва имтиҳонлар учун ўртача ойлик даромадларининг 80 фоизини сарфлаши керак.

«Шу билан бирга, уларнинг вилоятлардаги ота-оналарига ёрдам бериш каби мажбурий харажатлари ҳам бор. Ҳайдовчилик гувоҳномаси учун ўқиш ўртача 2−3 ой давом этади, шу сабабли курьерлар бу вақт давомида ишлашни тўхтатади ёки бошқа транспорт воситаларига ўтиб, керакли суммани йиғади», — дейилади компания изоҳида.

Таъкидланишича, Uzum Tezkor логистик ҳамкорлари билан бирга янги талаблар кучга кираётган даврда курьерларни қўллаб-қувватлаш учун бир қатор ташаббусларни йўлга қўйган. Курьерларга «А» тоифали ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш учун зарур ҳужжатларни йиғиш ва расмийлаштиришда ёрдам кўрсатилмоқда, шунингдек, чегирма билан ўқиш имконияти тақдим этилган.

Октябрь ойида курьерларга иловадаги турли топшириқларни бажарганлиги учун қўшимча бонуслар жорий этилган, шунингдек, янги курьерларни жалб қилиш дастури ҳам амал қилмоқда. Бу чоралар барқарор даромадни қўллаб-қувватлаш ва ўқиш билан боғлиқ харажатларнинг бир қисмини қоплашга қаратилган (чегирмалар ва бонусларнинг миқдорига аниқлик киритилмади — таҳр).

Компаниянинг маълум қилишича, юқоридаги ҳолатлар буюртмачилар тўлаётган хизмат нархларига таъсир қилмайди.

«Uzum Tezkor фойдаланувчилари учун шартлар ўзгаришсиз қолмоқда: хизмат ҳамон фойдали таклифларни тақдим этмоқда — мавсумий акциялар ва Uzum картаси орқали тўловда чегирмалар мавжуд. Шунингдек, сервис логистик ҳамкорлари билан бирга етказиб бериш сифати ва тезлигини юқори даражада ушлаб туриш бўйича ишларни олиб бормоқда», — дейилади компания изоҳида.

Yandex Uzbekistan

Yandex Uzbekistan’нинг маълум қилишича, компанияда мопедларда ҳаракатланувчи курьерлар сони камайган. Шу билан бирга, 1 октябрдан пиёда, автомобилда, оддий велосипед ва электровелосипедда буюртма етказувчи курьерлар сонида бироз ўсиш кузатиляпти. Мазкур вазият сабаб буюртмаларни етказиб бериш вақти аввалгига нисбатан ўртача 2−4 дақиқага узайган.

«Бу вазиятнинг нархларга таъсирини эса ҳозирча тўлиқ баҳолай олмаймиз, чунки янги қоидалар қўлланила бошлаганига кўп бўлмади. Баъзи курьерлар транспорт турини алмаштиришлари, баъзилари эса ҳайдовчилик гувоҳномаси олиши кутилмоқда», — дейилади компания изоҳида.

Шунингдек, Yandex Uzbekistan скутер, мопедларда етказиб бериш билан шуғулланадиган курьер-ҳамкорлари учун махсус ишлаб чиқилган Yandex электровелосипедларини курьерлик паркларида ижарага олишни таклиф этяпти.

«Электровелосипедни ижарага олиш нархи бир ҳафта учун 420 минг сўм. 1 октябрдан бошлаб, курьерлар ҳафтада 100 та буюртма бажарса, электровелосипедни кунлик 1 сўмга ижарага олиш таклифи берилмоқда. Акция ой охиригача амал қилади, аммо узайтирилиши мумкин», — маълум қилди компания.

Қолаверса, буюртмаларни мопед/скутерда етказишни давом эттирмоқчи бўлган курьерлар Yandex Go ҳамкор автомактабларида ўқишлари ва гувоҳнома олишлари мумкин, бунда уларга чегирма таклиф қилинади (чегирмалар миқдорига аниқлик киритилмади — таҳр).

Wolt Uzbekistan

Wоlt Uzbekistan бош директори Зафар Исхаковнинг таъкидлашича, юзага келган ҳолат кутилган эди — ҳақиқатан ҳам, айрим курьерлар зарур ҳужжатларни олгунларига қадар вақтинча ишлай олмаяпти.

«Ҳозир биз мослашув жараёнини кузатяпмиз: кўплаб курьерлар гувоҳнома ва рақамларни расмийлаштиргач, яна буюртмаларни бажара бошлайди, шунингдек, янги ҳамкорлар ҳам қўшиляпти. Платформанинг барқарор ишлаши учун етарли даражада фаол ҳамкорлар сони сақланиб қоляпти», — дейди у.

Компания етказиб бериш вақтида тизимли ўзгаришларни сезмаган. Дастлабки кунларда янги талабларга мослашиш жараёни сабабли айрим кечикишлар бўлган бўлиши мумкин, бироқ ҳозирча хизматга жиддий таъсир кўрсатаётган ҳолатлар йўқ — иш одатдагидек давом этмоқда.

«Биз хизмат сифатининг тизимли равишда пасайишини кузатмаяпмиз. Буюртмалар ўз вақтида бажариляпти, хизмат даражаси эса барқарорлигича қоляпти. Сифат биз учун доимо устувор йўналиш бўлиб қолмоқда. Бу ҳолат хизмат нархларига таъсир кўрсатмайди. Компания фойдаланувчилар учун рақобатбардош ва қулай нархларни сақлашда давом этади», — деб таъкидлади Исхаков.

Шунингдек, Wolt Uzbekistan’да аллақачон автопарклар билан ҳамкорлик дастури мавжуд бўлиб, у курьерларга вақтинча мототранспортдан фойдалана олмаганда бошқа турдаги транспортни ижарага олиш имконини беради. Хусусан, ҳамкорларнинг электровелосипедларга ўтиши рағбатлантириляпти.

«Бу қулай ва барқарор ечим. Бу курьерларга ишлашни давом эттириш имконини беради, шу билан бирга мамлакатда экологик транспорт ривожига ҳисса қўшади», — дея қўшимча қилди бош директор.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *