Тошкент шаҳри ҳокимлиги ҳузуридаги «Ташкент Инвест» компанияси Дубайнинг DP World компанияси билан пойтахтда замонавий мультимодал логистика терминалини ишлаб чиқиш ва бошқариш учун қўшма корхона ташкил этди. Янги компания DP World Tashkent деб номланди.
DP World хабарига кўра, Янгиҳаёт туманидаги «Янги авлод» махсус саноат зонаси ҳудудида транспорт боғланишини яхшилаш, самарадорликни ошириш ва савдо тартиб-қоидаларини соддалаштиришга қаратилган терминал қурилиши режалаштирилган. Лойиҳа нафақат Ўзбекистонда, балки бутун Марказий Осиёда ҳам савдо алоқаларини ривожлантиришга хизмат қилиши кутилмоқда.
Янги компания устав капиталида «Ташкент Инвест» 15 фоиз, DP World эса 85 фоиз улушга эга бўлади. Уч босқичда ишлаб чиқиладиган лойиҳага жами инвестиция 288 млн доллардан ошади.
Майдони тахминан 82 гектар бўлган халқаро транспорт-логистика маркази таркибига контейнерлар ва ёпиқ юклар учун темирйўл қуруқ порти, божхона расмийлаштируви зоналари, транспорт воситалари сақланадиган майдончалар, юк машиналари учун автотураргоҳ, шунингдек, А тоифали омборлар ва киради.
Биринчи босқич доирасида йилига 150 минг TEU (20 футли стандарт контейнер ҳажмига тенг) қувватга эга темирйўл терминали ҳамда 63 минг квадрат метр майдонли омбор мажмуаси қурилиши кўзда тутилган. Лойиҳанинг кейинги босқичларида талабга қараб умумий майдони 163 минг квадрат метр бўлган қўшимча омбор биноларини ишга тушириш режалаштирилган.
Терминалга қарашли махсус юк темирйўл станцияси юкларни қайта ишлаш ва етказиб бериш жараёнларини тезлаштиради, шу билан бирга логистика харажатларини қисқартиришга ёрдам беради. Хабарда таъкидланишича, хаб Ўзбекистоннинг миллий темирйўл тармоғи, асосий автомобиль йўллари ва Тошкент халқаро аэропортига тўғридан-тўғри чиқиш имконига эга бўлади. Бу эса юкларни автомобиль, темирйўл ва ҳаво транспорти орқали самарали тарзда мультимодал ташишни таъминлайди.
«Бу келишув транспорт-логистика хабини ривожлантиришнинг бошланишини англатади. Лойиҳа пойтахтнинг ишлаб чиқариш ва экспорт салоҳиятини сезиларли даражада оширади. Логистика ва портлар бошқаруви соҳасида жаҳонда тан олинган эксперт — DP World компанияси билан ҳамкорлик Тошкентда замонавий технологияларни жорий этиш ва йирик инвесторларни жалб этиш имконини беради. Жаҳон даражасидаги инфратузилма туфайли Тошкент маҳаллий ҳамда халқаро бизнес учун янада қулай шаҳарга айланади», — деди пойтахт ҳокими Шавкат Умурзоқов келишувни имзолаш маросимида.
«Тошкент мультимодал логистика терминали Марказий Осиё минтақасига жаҳон даражасидаги инфратузилма ва илғор логистика имкониятларини тақдим этади. Бу таъминот занжирлари самарадорлигини оширишга ва турли соҳалардаги бизнесни қўллаб-қувватлашга хизмат қилади», — деди DP World гуруҳи раҳбари ва бош директори Султон Аҳмад бин Сулайим.
DP World компанияси Тошкентдаги терминал юкларни ўзининг глобал тармоғи орқали самарали ташишни таъминлаб, Марказий Осиё, Яқин Шарқ ва Европани боғловчи муҳим ҳалқага айланишини кутмоқда. 1972 йилда Дубайда порт оператори сифатида ташкил этилган компания ҳозирда дунёнинг барча қитъаларидаги қарийб 70 та мамлакатда фаолият юритади.