Миллий почта алоқа оператори UzPost`даги («Ўзбекистон почтаси») давлат улуши хусусийлаштирилди. Бу ҳақда Gazeta`га битимдан хабардор манба маълум қилди.
Манбага кўра, харидор Россиянинг онлайн платформаси ҳисобланади, аммо ҳозирча барча зарур ҳужжатлар расмийлаштирилган ёки йўқлиги номаълум. Интернетда эса инвестор Wildberries бўлиши мумкинлиги ҳақида хабарлар тарқалди. Gazeta компанияга расмий сўров йўллади.
2025 йилги хусусийлаштириш дастурига мувофиқ, «Алоқабанк» мулкида бўлган UzPost акцияларининг 29,4 фоизи оммавий кимошди савдосига чиқарилиши режалаштирилган эди.
Июнь ойида UzPost билан боғлиқ тузилмалар рўйхатида ўзгаришлар бўлди. Рўйхатдан «Алоқабанк», Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда ушбу вазирликка 20 фоиздан ортиқ улуши тегишли бўлган юридик шахслар чиқарилди.
Уларнинг ўрнида рўйхатга Давлат активларини бошқариш агентлиги (ДАБА), устав капиталида 20 фоиздан ортиқ улуши ДАБАга тегишли бўлган юридик шахслар ҳамда Ўзбекистон Миллий инвестиция жамғармаси (UzNIF) киритилди. Ушбу янги аффилирланган томонларнинг ҳар бири UzPost акцияларининг камида 20 фоизига эгалик қилади.
Президентнинг 19 сентябрдаги қарори билан Миллий инвестиция жамғармаси балансида бўлган «ЎзПочта» акциядорлик жамиятининг давлат улуши (25 фоиз) Давлат активларини бошқариш агентлигига ўтказилди.
Битим олдидан капитални ошириш
Июнm ойида (аффилирланган шахслар рўйхати ўзгартирилган пайтда) акцияларни ёпиқ обуна тартибида жойлаштириш тўғрисида қарор қабул қилинган. Эмиссия 26 сентябрда рўйхатдан ўтказилган.
Жами 7 615 444 та акция (умумий акциялар сонининг 27,8 фоизи) ҳар бири 1905 сўм номинал қийматда жами 14,5 миллиард сўмлик миқдорда чиқарилди. Шундай қилиб, компаниянинг устав капитали 38,06 миллиард сўмдан 52,56 миллиард сўмгача оширилди.
Бир дона акциянинг жойлаштириш нархи 10 150 сўм этиб белгиланган — бу номинал қийматдан беш баравар кўп. Барча акциялар эмитент ва унинг акциядори — Ўзбекистон Иқтисодиёт ва Молия вазирлиги ўртасида ёпиқ обуна орқали жойлаштирилди.
Қимматли қоғозлар бўйича тўлов устав капиталига бинолар ва иншоотларни (жами 50 та почта бўлими) 77,3 миллиард сўмлик қийматда ўтказиш орқали амалга оширилган. Яъни битимдан олдин устав капитали аввал Муниципал активларни бошқариш маркази балансидан ўтказилган бинолар ҳисобига оширилган.
Янгилик чоп этилган пайтга қадар на Давлат активларини бошқариш агентлиги (ДАБА), на UzPost мазкур битим бўйича расмий изоҳ берди.
«Ўзбекистон почтаси» АЖ (UzPost) — Ўзбекистоннинг миллий почта оператори бўлиб, 1992 йили ташкил этилган ва 2014 йилда акциядорлик жамиятига айлантирилган. Компания ҳозирда 14 та ҳудудий филиал, 1602 та почта бўлими, 3500 дан зиёд етказиб бериш участкаларига эга. UzPost’да 7000 дан ортиқ ходим, шу жумладан 2500 дан зиёд почтальон фаолият юритади. Компания 25 та ҳаво йўналиши ва 300 дан ортиқ автойўллар орқали хизмат кўрсатади. UzPost Бутунжаҳон почта иттифоқи аъзоси бўлиб, халқаро IFS, PNG, RUGBY, IBIS ва PRIME тизимлари билан ҳамкорлик қилади. Почта ва посилкаларни етказишдан ташқари, компания тўловлар, обуна, пул ўтказмалари хизматларини кўрсатади ҳамда почта маркалари чиқариш билан шуғулланади.
Компания 2023 йилни 809,7 миллион сўм, 2024 йилни эса 843,9 миллион сўм соф фойда ва 603,5 миллиард сўм даромад билан якунлаган.