12 октябрдан бошлаб Янги Тошкентни марказ билан боғловчи 197-сонли автобус йўналиши ишга туширилди. Бу ҳақда Транспорт вазирлиги матбуот хизмати хабар бермоқда.
Янги йўналиш «Ўзбекистон меҳмонхонаси» бекатидан «Янги Тошкент» бекатигача ҳаракатланади.
Йўналишда 8 та 9,5 метрли, ўрта сиғимли замонавий оқ рангли Yutong автобуслари йўловчиларга хизмат кўрсатмоқда. Ҳаракат вақти — 05:30 дан 22:50 гача.

Эслатиб ўтамиз, Шавкат Мирзиёев 9 июль кунги йиғилишда энди Тошкент шаҳри ва вилоятлараро қатнов бўйича алоҳида ёндашув бўлиши, хусусан, Тошкент ҳалқа йўлигача келаётган 20 та автобус йўналиши 15−20 километрга узайтирилиб, яна янги 6 та маршрут қўшилишини маълум қилганди. Вазирлик қайд этишича, ушбу топшириқлар ижроси юзасидан Тошкент вилоятининг барча ҳудудларини пойтахт билан боғлаш бўйича амалий ишлар давом этмоқда.
16 сентябрдан Тошкент вилояти «Ифтихор маҳалласи» бекатидан пойтахтдаги «Чорсу метроси» бекатигача қатновчи 177-сонли янги автобус йўналиши ишга тушган эди. Йўналишда замонавий King Long автобуслари ҳар куни соат 05:30 дан 23:17 гача ҳаракатланади.
Транспорт вазирлиги сенатор сўровига жавобан тақдим этган маълумотларга кўра, Тошкент шаҳри атрофи ёндош ҳудудларини шаҳар автобус йўналишлари билан қамраб олиш бўйича режалар доирасида октябрь ойида 200 дона янги электробус (12 метрли) харид қилиниши белгиланган. Тошкент вилоятида ташкил этилган 467, 470, 472, 473, 477-сонли автобус йўналишлари брутто-шартномаси асосида ҳаракатланувчи Тошкент шаҳри йўналишлари ҳисобига ўтказилади. Шунингдек, Тошкент шаҳри ва агломерация ҳудудларини қамраб олиш мақсадида 2026 йилда қўшимча 1000 та автобус олиб келиниши белгиланган.
