• Пн. Ноя 10th, 2025

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Марказий Осиёдаги наркодўкон тарқатувчилари Тошкент ва Андижонда қўлга олинди


2017 йилдан буён Ўзбекистонда фаолият юритиб келаётган ва 4 минг обуначиси бўлган Марказий Осиёдаги йирик Telegram наркодўкон тарқатувчилари қўлга олинди. Бу ҳақда Божхона қўмитаси матбуот хизмати хабар бермоқда.

Наркодўкон тарқатувчилари август-сентябрь ойларида божхона органлари томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа органлар билан ҳамкорликда ўтказилган кўп босқичли тезкор тадбирлар натижасида қўлга олинган.

Хусусан, 31 август куни Андижон вилояти Хўжаобод туманида Қирғизистон ва Ўзбекистон давлат чегарасида Қирғизистондаги наркодўкон ишчисидан 602 г Альфа-ПВП синтетик гиёҳвандлик воситасини қабул қилиб олаётган Ўзбекистон фуқароси ушланган. Қайд этилишича, гиёҳвандлик воситаси наркодўкони куратори «Уоррен Баффет» лақабли шахс топшириғи асосида Қирғизистондан Ўзбекистон ҳудудига улоқтирилган.

Аниқланишича, фуқаро 2023 йилдан буён наркодўкон ишчиси бўлиб, йилига ўртача 20 кг ёки 100 минг доза, сўнгги уч йилда жами 50 кг ёки 250 минг доза синтетик наркотиклар тарқатган.

Бундан ташқари, 10 сентябрь куни Тошкент вилояти Зангиота туманида икки нафар фуқаро муқаддам Тошкент вилоятида жойлашган «Навоий» чегара божхона постида аниқланган аккумулятор ичига хуфёна яширилган 492,2 г Клефедрон синтетик гиёҳвандлик воситасини қабул қилиб олаётганида қўлга олинди.

Ушбу наркотиклар ҳам наркодўкон куратори «Уоррен Баффет» топшириғига асосан Россиядаги наркодўкон ишчиси, омбор мудири томонидан бериб юборилган.

Бу икки нафар шахс олти ойдан буён наркодўкон ишчиси бўлиб, ҳар бири ойига ўртача ярим кг ёки 2,5 минг доза, олти ойда эса 2,5 кг ёки 12,5 минг доза синтетик наркотиклар тарқатгани маълум бўлди.

Қайд этилишича, юқоридаги тарқатувчи шахсларнинг ҳар бирида камида 10 нафардан ортиқ «закладчик»лари, яъни майда тарқатувчилари бўлган. Улар томонидан тарқатиш ва кўмиш нуқталари сифатида Тошкент шаҳрининг Яшнобод, Мирзо Улуғбек, Бектемир ва Тошкент вилоятининг Чирчиқ ва Юқори Чирчиқ туманларидаги истироҳат боғлари ва таълим муассасалари атрофлари танлаб олинган.

Ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан жиноят иши қўзғатилди.

Аввалроқ Фарғона, Андижон ва Тошкент вилоятларида наркотик моддалар савдосида гумон қилинган трансчегаравий уюшган гуруҳнинг олти нафар аъзоси қўлга олинган эди. ИИВ, ДХХ ва божхона ходимлари томонидан 111 кг гиёҳванд моддалар, жумладан, гашиш ва опий мусодара қилинган.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *