Япониянинг Осака шаҳрида бўлиб ўтган Expo 2025 бутунжаҳон кўргазмасидаги Ўзбекистон павильони Халқаро кўргазмалар бюросининг (BIE) «Мавзунинг энг яхши очиб берилиши» номинациясида олтин мукофотига сазовор бўлди. Бу ҳақда павильон концепциясини ишлаб чиққан Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси матбуот хизмати хабар қилди.
Ҳакамлар ҳайъати «Билимлар боғи: келажак жамияти лаборатория» деб номланган павильон концепциясини ўзига хослиги, теран мазмуни ва кўргазма асосий мавзусига замонавий ёндашуви учун юқори баҳолади, дейилади хабарда. Архитектура лойиҳаси Atelier Brueckner томонидан ишлаб чиқилган ва қурилиш Nussli Switzerland Ltd томонидан амалга оширилган.

«Биз тақдим этган „Билимлар боғи: келажакдаги жамият учун лаборатория“ концепциясида анъаналар ва инновациялар уйғунлиги ўз аксини топган. Ғоямиз жаҳон ҳамжамиятида кенг кўламли акс-садо берди», — дея қайд этди Президент администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева.
«Ушбу мукофот нафақат дизайнни, балки павильонимиз руҳини — Ўзбекистонни ўзининг бой меросини асраб-авайлайдиган, шу билан бирга, келажакка замонавий ва илғор разм ташлаш билан интилаётган мамлакат сифатида намоён этишини ҳам эътироф этади», — деди Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси раиси Гаяне Умерова.
Expo 2025 13 апрелдан 13 октябргача Япониянинг Осака шаҳрида бўлиб ўтди. Gazeta кўргазма ва Ўзбекистон павильонидан репортаж тайёрлаганди.
