• Пн. Ноя 10th, 2025

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

UzPost почта оператори хусусийлаштириш ҳақидаги хабарларга изоҳ берди


Миллий почта алоқа оператори UzPost («Ўзбекистон почтаси») логистика ва рақамли ечимларни ривожлантириш учун инвестицияларни жалб этиш имкониятини кўриб чиқмоқда. Бу эълон компаниянинг давлат улуши Россия маркетплейси томонидан хусусийлаштирилиши ҳақидаги хабарлар фонида эълон қилинди.

Компания маълумотларига кўра, бутун дунёда анъанавий почта хизматларига бўлган талабнинг пасайиши ва электрон тижорат ҳамда етказиб бериш ҳажмининг жадал ўсиши кузатилаётган бир пайтда, кўрсатилаётган почта хизматларининг диверсификацияси, қулайлиги ва технологик жиҳатдан такомиллашувига бўлган талаблар ортиб бормоқда.

Шунга кўра, «Ўзбекистон почтаси» АЖ инфратузилмани модернизация қилиш, логистикани ривожлантириш, рақамли ечимларни жорий этиш, почта тармоғини кенгайтириш, жумладан, қишлоқ ва олис ҳудудларда почта жўнатмалари ва посилкаларни қайта ишлаш ҳамда етказиб бериш бўйича замонавий қувватларни яратиш учун инвестицияларни жалб этиш масаласини кўриб чиқмоқда.

UzPost қайд этишича, трансформацияни амалга ошириш ва инвестицияларни жалб этиш компания фаолиятини узоқ муддат барқарорлигини таъминлаш, етказиб бериш бўйича хусусий операторлар ривожланаётган шароитда рақобатбардошликни ошириш, замонавий хизмат кўрсатишнинг сифат стандартларини жорий этиш, шунингдек, узоқ ва олис ҳудудларда универсал почта хизматларининг мавжудлигини таъминлаш имконини беради.

Ушбу тадбирлар янги иш ўринлари яратилишига, электрон тижорат ва бутун мамлакат ҳудудида бу билан боғлиқ хизматларнинг ривожланишига хизмат қилиши кутилмоқда.

«Бугунги кунда «Ўзбекистон почтаси»нинг акциядорлари сифатида давлат ташкилотлари — Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда Давлат активларини бошқариш агентлиги, шунингдек, давлат иштирокидаги бешта корхоналар ва 16 мингдан ортиқ юридик ва жисмоний шахслар иштирок этмоқда», — дейилади хабарда.

Компаниянинг аниқлик киритишича, йирик инвесторни жалб этиш билан боғлиқ ўзгаришлар юз берган тақдирда «Акциядорлик жамиятлари ва акциядорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонун талабларига мувофиқ тегишли маълумот расмий тарзда ошкор қилинади.

Gazeta UzPost`нинг давлат улуши хусусийлаштирилгани ва харидор Россиянинг Wildberries онлайн платформаси бўлиши мумкинлиги ҳақида ёзганди. Келишув тафсилотлари расман очиқланмаган. Аввалроқ 2025 йилга мўлжалланган хусусийлаштириш дастури доирасида UzPost акцияларининг 29,4 фоизи очиқ кимошди савдога қўйилиши режалаштирилган эди. Сентябрь ойида компания Тошкентдаги 50 та почта бўлими биносини устав капиталига ўтказиш ҳисобига устав капиталини оширди. Тахминий баҳоларга кўра, корхонанинг бозор капитализацияси 285,9 млрд сўмни ташкил этади.

«Ўзбекистон почтаси» АЖ (UzPost) — Ўзбекистоннинг миллий почта оператори бўлиб, 1992 йили ташкил этилган ва 2014 йилда акциядорлик жамиятига айлантирилган. Компания ҳозирда 14 та ҳудудий филиал, 1602 та почта бўлими, 3500 дан зиёд етказиб бериш участкаларига эга. UzPost’да 7000 дан ортиқ ходим, шу жумладан 2500 дан зиёд почтальон фаолият юритади. Компания 25 та ҳаво йўналиши ва 300 дан ортиқ автойўллар орқали хизмат кўрсатади. UzPost Бутунжаҳон почта иттифоқи аъзоси бўлиб, халқаро IFS, PNG, RUGBY, IBIS ва PRIME тизимлари билан ҳамкорлик қилади. Почта ва посилкаларни етказишдан ташқари, компания тўловлар, обуна, пул ўтказмалари хизматларини кўрсатади ҳамда почта маркалари чиқариш билан шуғулланади.

Компания 2023 йилни 809,7 миллион сўм, 2024 йилни эса 843,9 миллион сўм соф фойда ва 603,5 миллиард сўм даромад билан якунлаган.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *