11 октябрга ўтар кечаси Афғонистон ва Покистон чегарасида «Толибон» ҳаракати жангарилари ва покистонлик аскарлар ўртасида тўқнашув юз берди, деб хабар бермоқда Reuters. Бу Афғонистонда 2021 йилда толиблар ҳокимият тепасига келганидан буён икки давлат ўртасидаги муносабатлардаги энг жиддий кескинлашув, дея қайд этди агентлик.

Покистон эса можарода ўз томонидан 23 аскар ҳалок бўлганини даъво қилди. «Толибон» тўққиз афғон аскари ҳалок бўлгани ҳақида хабар берди.

«Толибон» 9 октябрь куни Покистон Афғонистон ҳаво ҳудудини бузгани ва Қобул ҳамда мамлакат шарқидаги бозорга ҳаво ҳужумлари уюштирганини даъво қилиб, ўз ҳаракатларини «қасос операцияси» деб атади, деб ёзмоқда BBC News.

Покистон ички ишлар вазири Мохсин Нақви афғон ҳужумларини «асоссиз» деб атади ва уларни тинч аҳолини нишонга олганликда айблади. У Покистон кучлари афғон зарбаларига жавоб қайтариши ҳақида огоҳлантирди.

Покистон ва Афғонистон ўртасидаги иккита асосий ўтиш пункти — шимолда «Торхам» ва жанубда «Чаман» — ёпилди, юк олиб ўтаётган юзлаб юк машиналари чегаранинг икки томонида қолиб кетди.

Покистон узоқ вақтдан бери афғон толибларини Покистон «Толибон»ига ўз ҳудудида ҳаракат қилишга ва қатъий исломий бошқарув тизимини жорий этиш учун Исломободга қарши жанг қилишга рухсат берганликда айблаб келади.