Uzum рақамли экотизими яқин кунларда хусусийлаштирилиши мумкин бўлган UzPost почта оператори ривожига сармоя киритишга тайёрлигини маълум қилди.
Gazeta UzPost’нинг давлат улуши хусусийлаштирилгани, унга Россиянинг онлайн-платформаси харидор бўлиши мумкинлиги ҳақида хабар берганди (интернетда бу компания Wildberries бўлиши мумкинлиги ҳақида хабарлар тарқалди). Келишув расман эълон қилинмаган. 2025 йилгача хусусийлаштириш дастури доирасида UzPost акцияларининг 29,4 фоизи очиқ савдога қўйилиши режалаштирилган. Сентябрь ойида компания Тошкент шаҳридаги 50 та почта алоқаси биносини ўзига ўтказиб, устав капиталини оширди.
UzPost хусусийлаштириш ҳақидаги маълумотларни рад этмаган ва тасдиқламаган ҳолда модернизация ва рақамли трансформация учун инвестицияларни жалб қилиш режаларини тасдиқлади.
«Бугунги кунда «Ўзбекистон почтаси»нинг акциядорлари сифатида давлат ташкилотлари — Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда Давлат активларини бошқариш агентлиги, шунингдек, давлат иштирокидаги бешта корхоналар ва 16 мингдан ортиқ юридик ва жисмоний шахслар иштирок этмоқда», — дейилади почта миллий оператори хабарида.
Компаниянинг аниқлик киритишича, йирик инвесторни жалб этиш билан боғлиқ ўзгаришлар юз берган тақдирда «Акциядорлик жамиятлари ва акциядорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонун талабларига мувофиқ тегишли маълумот расмий тарзда ошкор қилинади.
Аввалроқ UzPost Миллий инвестиция жамғармаси — O‘zbekiston pochtasi’нинг энг йирик акциядорларидан бири — 25% улушини Давлат активларини бошқариш агентлиги балансига ўтказгани ҳақидаги маълумотни ошкор этмаганди. Ушбу муҳим факт компаниянинг корпоратив сайтида ёки Корпоратив ахборот ягона порталида эълон қилинмаган.
«Миллий хавфсизлик ва суверенитет масаласи»
Uzum логистика жараёнларини рақамлаштириш ва буюртмаларни қабул қилиш пунктлари тармоғини яратиш бўйича почта оператори билан фаол ҳамкорлик қилмоқда.
Uzum бош директори Жасур Жумаевнинг таъкидлашича, ушбу ҳамкорлик ҳаттоки мамлакатнинг чекка ҳудудларига ҳам юкларни етказиб бериш имконини беради.
«Бутун дунёда айнан электрон тижорат миллий почта операторларининг драйвери ва асосий ҳамкорига айланмоқда ва биз бу тажрибани Ўзбекистонга олиб келишга тайёрмиз», — дея Жумаевнинг сўзларини келтиради компания матбуот хизмати.
Gazeta сўровига жавобан компания 2026 йилга мўлжалланган стратегияси доирасида Uzum UzPost негизида буюртмаларни топшириш пунктлари (БТП) сонини ҳозирги 650 тадан 1050 тагача оширишни режалаштираётганини маълум қилди. Ҳозирда Uzum Market 1250 та БТП орқали товар етказиб бермоқда, уларнинг 52 фоизи — почта бўлимлари.
UzPost инфратузилмаси орқали ҳар йили камида 2 миллион буюртма етказиб берилиши тахмин қилинмоқда, яқин йилларда буни икка карра ошириш имконияти мавжуд. Компания почта операторининг нафақат филиалларидан, балки логистика ва тўлов инфратузилмасидан ҳам фойдаланади.
Шунингдек, компания UzPost’ни модернизация қилиш доирасида IT инфратузилмасини модернизация қилиш, логистика ечимларини ишлаб чиқиш, филиаллар тармоғини кенгайтириш ва замонавий рақамли хизматларни жорий этишга қаратилган лойиҳаларга сармоя киритишга тайёрлигини билдирди. Uzum мазкур ҳамкорлик жаҳон тенденцияларига мос келишини таъкидлади: қатор мамлакатларда хусусий маркетплейслар миллий почта хизматларининг асосий ҳамкорларига айланиб, ижтимоий функциясини сақлаб қолган ҳолда технологик барқарорлигини мустаҳкамламоқда.
«Келгуси 3−4 йил ичида биз мамлакатга 1,5 миллиард доллардан ортиқ сармоя киритишни режалаштирмоқдамиз ва логистика инфратузилмасини ривожлантириш, шу жумладан, „Ўзбекистон почтаси“ АЖ билан ҳамкорликда амалга ошириш устувор вазифаларимиздан биридир», — деди Жасур Жумаев.
UzPost’ни хусусийлаштиришда иштирок этиш имконияти ҳақидаги саволга жавобан Uzum «турли сценарийлар»ни кўриб чиқаётгани ва ўзини «почта хизматининг энг муҳим ҳамкорларидан бири» сифатида кўраётганини таъкидлади.
Gazeta компания электрон тижорат бозори етакчиларидан бири миллий почта оператори раҳбарларидан бирига айланишида манфаатлар тўқнашуви хавфини кўриши ё кўрмаслигини сўради. Бу рақобат муҳитининг бузилиши ва UzPost инфратузилмасидан фойдаланадиган бошқа ўйинчилар (Ozon, Aliexpress, Wildberries) учун дискриминацион шартларни юзага келтириши мумкин.
Uzum бу саволга аниқ жавоб бермади ва «таъкидлаш жоизки, почта хизматлари қисман хусусий инвесторлар томонидан хусусийлаштирилган мамлакатларда ҳам уларни назорат қилиш миллий хавфсизлик ва суверенитет масаласи сифатида кўрилади», деб таъкидлади.
Давлат активларини бошқариш агентлиги ва Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳозирча вазиятга изоҳ бермади.