Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 13 октябрь куни мамлакатда ташриф билан бўлиб турган Бирлашган кураш дунёси раҳбари Ненад Лаловични қабул қилди.
Давлат раҳбари матбуот хизмати хабарига кўра, учшарувда ушбу глобал тузилма билан Ўзбекистонда спортнинг яккакураш турларини ташкилий-эксперт жиҳатдан қўллаб-қувватлаш ва оммалаштириш соҳасида амалий ҳамкорликни кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди.
Президент мамлакатда анъанавий тарзда юнон-рум кураши, эркин кураш, аёллар кураши, шунингдек, аралаш жанг санъатлари фаол ривожланаётганини айтди. Кейинги йилларда ўзбекистонлик яккакурашчилар нуфузли мусобақаларда 45 та олий совринни, жумладан, Олимпия ўйинлари ва жаҳон чемпионатида олтин медалларни қўлга киритди.
«Музокаралар чоғида халқаро бирлашма раҳбари Ўзбекистонда оммавий спорт соҳасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларни, жумладан, ҳаммабоп ва замонавий инфратузилмани кенгайтириш, нуфузли турнир ва мусобақаларни мунтазам ўтказиш орқали ёшларни спорт ҳаракатига кенг жалб этиш борасидаги ишларни юқори баҳолади», — дейилади хабарда.
Мамлакатда йирик қитъа ва жаҳон чемпионатларини ташкил этиш, ташкилот шафелигида Минтақавий кураш академиясини таъсис этиш, спорт тиббиёти, диетологияси, психологияси ва бошқа устувор йўналишларда шериклик масалалари муҳокама қилинди.
Президент болалар ва ёшлар ўртасида спорт яккакурашларини оммалаштириш, иқтидорларни саралаш ва тайёрлашнинг замонавий усулларини жорий этиш, маҳаллалардаги тўгарак ва заллардан тортиб спорт маҳорати мактаблари ва ихтисослашган мажмуаларгача бўлган инфратузилмани такомиллаштириш муҳимлигини таъкидлади. Бу чора-тадбирлар, давлат раҳбарининг таъкидлашича, Олимпия ўйинлари ва бошқа йирик мусобақаларда янги муваффақиятларга олиб келиши керак.
Учрашув якунида президент оммавий спорт ва яккакураш турларини ривожлантириш ҳамда қўллаб-қувватлашга қўшган катта шахсий ҳиссаси учун Ненад Лаловичга Ўзбекистон юксак мукофоти — «Дўстлик» орденини топширди.