1 октябрдан Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятининг Янгийўл туманида кам таъминланган ва камбағал оилалар учун ижтимоий карталар орқали амалга оширилган харидлар бўйича қўшилган қиймат солиғини (ҚҚС) қайтаришнинг автоматлаштирилган тизими синовдан ўтказила бошланди. Бу Вазирлар Маҳкамасининг 29 сентябрдаги қарори билан тасдиқланган вақтинчалик низомда назарда тутилган.
Ҳужжатга кўра, Ижтимоий ҳимоя ягона реестрига ёки Камбағал оилалар реестрига киритилган оилалар ойига бутун суммадан базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 бараваригача (4,12 миллион сўм) миқдорда қайтим (12 фоизли ҚҚС) олиши мумкин бўлади. Ҳар бир харид учун максимал қайтариладиган тўлов 494 400 сўмни ташкил қилади.
ҚҚС қайтариладиган товарлар ва хизматлар рўйхатига қуйидагилар киради: қўй гўшти, парранда гўшти, мол гўшти, тухум, ўсимлик мойи, ун, шакар, дори-дармонлар ва тиббий хизматлар.
Кешбэкни молиялаш Иқтисодиёт ва Молия вазирлиги орқали республика бюджети ҳисобидан амалга оширилади.
Тўлов кунида Солиқ қўмитаси ариза тузади ва уни Иқтисодиёт ва Молия вазирлигига юборади. Вазирлик маблағларни ғазначиликка ўтказади, у ерда пуллар қўмита ҳисобрақамига киритилади. Сўнгра маблағлар ваколатли банкка ўтказилади ва бир иш куни ичида олувчининг ижтимоий суғурта картасига ўтказилади.
Тўловлар QR-кодларни сканерлашсиз қайта ишланади, маблағлар эса тўғридан-тўғри ижтимоий суғурта картасига туширилади. Харид қилинган сумманинг 1% қайтарилиши ўрнига, тўланган солиқ суммасининг ҳаммаси қайтарилади.
Солиқ қўмитаси қуйидаги ҳолларда ҚҚСни қайтаришни рад этишга ҳақли:
- чек билан махинация белгилари ёки ноқонуний қайтаришга уриниш аниқланганда;
- сотиб олинган буюм кешбэкига рухсат берилган товарлар рўйхатида бўлмаса;
- товарлар миқдори чегарадан ошиб кетса;
- чекдаги маълумотларда (штрих-кодлар, идентификация кодлари) хатолар бўлса ёки уларни таниб бўлмаса.
Агар харид учун ҚҚС аллақачон қайтарилган бўлса, тадбиркорлар чекни ўзгартира олмайди, ҚҚС суммаси бюджетга қайта ҳисобланган ҳолатлар бундан мустасно. Бунинг учун солиқ органининг розилигини олиш керак.
Жорий йилнинг январь ойидан Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятининг Янгийўл туманида ижтимоий карталар чиқарила бошланди. Ягона ижтимоий карта ўндан ортиқ ҳужжатлар, жумладан, туғилганлик ҳақидаги гувоҳнома, ногиронлик гувоҳномаси, пенсия картаси, талабалик гувоҳномаси, банк картаси ва бошқалар ўрнини босади.
Карта жамоат транспортидан бепул фойдаланиш (аҳолининг муносиб тоифалари учун) ва электр энергияси, газ ва таълим тўловларини қоплаш имконини беради. Имтиёзлар ва ижтимоий ёрдамлар ҳам ушбу картага ўтказилади.
Ижтимоий ҳимояга муҳтож деб топилган фуқаролар, ўқувчилар, талабалар, уруш қатнашчилари ва уларга тенглаштирилган шахсларга мажбурий карта чиқарилиши кўзда тутилган.
