• Пн. Ноя 10th, 2025

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Россиянинг Украинадаги урушида қатнашган 27 ёшли самарқандлик йигит 3 йилга қамалди



15 сентябрь куни жиноят ишлари бўйича Пахтачи туман (Самарқанд вилояти) судида Россия-Украина урушида Россия томонидан қатнашган 27 ёшли фуқарога ҳукм ўқилди. Gazeta суд ҳужжати билан танишди.

Судланувчи А.Х. 2019 йил декабрь ойида ишлаш мақсадида Россиянинг Москва шаҳрига борган. Москва, Санкт Петербург, Владивосток шаҳарларида турли ишларни бажариб юрган, сўнг Челябинск шаҳрига келган.

«Челябинск шаҳрида иссиқхона қуриш ва унинг ичига мевали кўчатлар экиш ишларини бажариб юрганимда, 2021 йил 5 август куни кечаси биз ётган ётоқхонага Россия ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари келиб, барча фуқароларни қўлга олишди. Ётоқхонада тинтув ўтказиб, у ердан 43 грамм героин топишди. Сўнг бизни вақтинча сақлаш хибсхонасида 2022 йил 20 августгача сақлашди. Менга гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний савдоси билан шуғулланиш айби эълон қилиниб, суд томонидан 7 йил 1 ой муддатга озодликдан махрум қилиш жазоси тайинланди», — деди у.

Челябинск вилоятидаги қаттиқ тартибли колонияда жазо муддатини ўташ чоғида, 2024 йил июлида Россия ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари томонидан Россия ва Украина ўртасидаги ҳарбий ҳаракатларда иштирок этиш учун Россия қуролли кучлари сафига ҳарбий хизматга ёлланган. Бунинг эвазига уни жазодан озод қилиб, унга нисбатан қонуний чора кўрилмаслиги ваъда қилинган. У Луганск ва Курск вилоятида жойлашган жанг майдонида ҳарбий истеҳкомлар (блиндаж) қуриш ишларига жалб қилинган.

«Менга Россия фуқаролигини беришди, Украина давлати Луганск шаҳридаги ҳарбий полигонида икки ойлар давомида ҳарбий тайёргарликлардан ўтдим. Сўнг оддий аскар сифатида дастлаб Херсон шаҳрига, сўнг Запорожье вилоятига бордик, у ерда барча аскарлар билан ҳарбий истеҳком (блиндаж) қурдик», — деди А.Х.

Шундан кейин улар Курскка қайтиб келиб, 2025 йил январида топшириқ асосида Николай Дарина номли қишлоққа штурм уюштирган вақтида дронлар ҳужумига учраган. Унинг бир шериги ўша жойда ҳалок бўлгани, ўзи эса қўли ва ўнг оёғидан яраланиб жароҳат олган.

«Шерикларим билан фуқароларнинг бузилиб кетган уйи ертўласига бориб яшириндик, мен рация орқали командирга алоқага чиқиб вазият бўйича хабар бердим, у яраланган ҳолда ҳам жангга киришимизни буюрди, унинг буйриғига бўйсунмасдан рацияни ерга уриб синдириб юбордим. Сўнг дрондан биз турган жойга бомба ташлашни бошлашди, бошқа ертўлага қараб қочиб бориб ўша ерга беркинган аскарлар билан бирга 10 кун давомида ертўлада яшириниб ётдик», — деди судланувчи.

Сўнг улар билан эвакуация қилиш жойигача қочиб боришган, уларни Курск шаҳрига олиб кетишган ва А.Х.ни ҳарбий шифохонага жойлаштиришган. Кейинроқ уни шифокорлар Москвадаги Бурденко номли ҳарбий шифохона 5-филиалига олиб боришиб, у ерда операция қилишиб, 1 ҳафта даволашгани, сўнг Москва шаҳридаги 57-ҳарбий шифохонага олиб боришган, у ерда 2025 йил 12 март кунига қадар даволанган.

«Ўша вақтда отам билан уяли алоқа воситаси орқали гаплашган вақтимда, отам менга ИИБ ходимлари мени сўраб келишганини айтди. Отам орқали ИИБ ходими билан суҳбатлашдим, унга Москва шаҳрида эканлигимни, Россия қуролли кучлари таркибида Украинага қарши урушда иштирок этганимни айтиб, унга Telegram орқали ҳарбий гувоҳномам расмини ташлаб бердим. Мени Зеленограддаги даволаш ва дам олиш масканига юборишгач, у ердан қочиб кетиб, Москва шаҳридаги Ўзбекистон элчихонасига бордим. У ердаги ходимларга ҳужжатларимни йўқотиб қўйганимни важ қилиб ариза билан мурожаат қилдим, ҳужжатларим 10 кун ичида тайёр бўлишини айтишди, сўнг мен даволаниш ва дам олиш масканига қайтиб келдим», — деди у.

22 март куни отаси у билан Telegram орқали боғланиб, Ўзбекистонда унга нисбатан Жиноят кодексининг 155-моддаси (Терроризм) 1-қисми билан жиноят иши қўзатилиб, сиртдан қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилганлиги тўғрисидаги суд ажрими юборилганини маълум қилган.

«26 март куни элчихонадан менга ҳужжатлар тайёр бўлганини айтишгач, эртаси куни ҳужжатларни олиб, Москвадаги Внуково аэропортида Ўзбекистонга қайтиш учун билет сотиб олдим ва 28 март куни Бухоро шаҳрига самолётда етиб келдим. Аэропортдан ўзимнинг яшаш хонадонимга келиб, сўнг тўғри ИИБга бордим», — деди у. 28 март куни унга нисбатан «қамоққа олиш» тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.

А.Х. ҳеч қаерга қочиб яширинмагани, ҳозирда айбига иқрорлиги ва қилмишидан чин кўнгилдан пушаймонлигини айтиб, оилавий шароити ва моддий аҳволини инобатга олиб, қонуний енгиллик беришни сўради.

Судланувчи А.Х. Жиноят кодексининг 154-моддаси (Ёлланиш) 1-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилди ва Жиноят кодексининг 57-моддасини (Енгилроқ жазо тайинлаш) қўллаб, 3 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Жазо умумий тартибли колонияларда ўталиши белгиланди.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *