13 октябрь куни Тошкент Хитойдан келтирилган 202 та янги Yutong электробусларини қабул қилиб олди, деб хабар бермоқда Транспорт вазирлиги матбуот хизмати.

Автобусларни тантанали қабул қилиб олиш маросимида транспорт вазири Илҳом Махкамов янги ҳаракат таркибларини қабул қилиб олган ҳайдовчилар ва «Тошшаҳартрансхизмат» АЖ жамоасини самимий қутлади.

Хабарда қайд этилишича, Тошкент шаҳри жамоат транспорти ҳаракат таркибини янгилаш натижасида автобуслардан ҳавога чиқадиган зарарли моддалар миқдори ойига 93,3 тоннага камайган. 2030 йилгача Тошкент шаҳрида электробусларнинг жамоат транспортидаги улушини 50 фоизгача ошириш белгиланган.

Аввалроқ Транспорт вазирлиги сенатор сўровига жавобан, Тошкент шаҳри атрофи ёндош ҳудудларини шаҳар автобус йўналишлари билан қамраб олиш бўйича режалар доирасида октябрь ойида 200 дона янги электробус (12 метрли) харид қилинишини маълум қилган эди.

Улар ҳисобидан:

  • қўшимча 4 та янги автобус йўналиши ташкил этилади;
  • амалдаги 6 та йўналиш қатнов йўли ўзгартирилади;
  • амалдаги 4 та йўналиш жадваллари сони оширилади;

Тошкент вилоятида ташкил этилган 467, 470, 472, 473, 477-сонли автобус йўналишлари брутто-шартномаси асосида ҳаракатланувчи Тошкент шаҳри йўналишлари ҳисобига ўтказилади.

Шунингдек, Тошкент шаҳри ва агломерация ҳудудларини қамраб олиш мақсадида 2026 йилда қўшимча 1000 та автобус олиб келиниши белгиланган. Бунда, Тошкент шаҳри йўналишлари тармоғи, аҳоли пунктлари ва янги турар жой объектларидан келиб чиққан ҳолда мазкур автобуслар 48 та йўналишда брутто-шартнома асосида ҳаракатланиши таъминланади.