Давлат меҳнат инспекцияси томонидан олиб борилаётган мониторинг натижасида пахта йиғим-терими мавсумида мажбурий меҳнатга йўл қўйган 8 нафар мансабдор жазоланди, деб хабар бермоқда Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги матбуот хизмати. Уларга Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 51-моддаси 1-қисми (Меҳнатга маъмурий тарзда мажбурлаш — БҲМнинг 50 дан 100 бараваригача жарима билан жазоланади) билан чора кўрилди.

Чора кўрилган мансабдорлар орасида Сурхондарё вилояти Қумқўрғон тумани ҳокими ўринбосари Нигора Жумаева ҳам бор. Унинг оила ва хотин қизлар фаолларига пахта теримига теримчиларни жалб қилиш топшириғидан иборат аудиоёзувлар ижтимоий тармоқларда муҳокамаларга сабаб бўлган эди.

Бундан ташқари, мавсум давомида ҳозирга қадар умумий ҳисобда 74 та меҳнат қонунчилиги бузилиши ҳолати аниқланди. Меҳнат қонунчилигини бузган мансабдор шахсларга Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 49-модда 1-қисми (Меҳнат ва меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонунчиликни бузиш — БҲМнинг 5 дан 10 бараваригача жарима билан жазоланади) билан маъмурий жарима қўлланилди.

Шунингдек, 1400 нафардан ортиқ теримчилар билан мавсумий меҳнат шартномалари тузилишида ёрдам кўрсатилган.

Эслатиб ўтамиз, сентябрь охирларида пахта мавсумида мажбурий меҳнатга йўл қўйган 3 мансабдор жазолангани хабар берилган эди.

Сурхондарё вилояти Сариосиё туманида ҳоким ўринбосари Дилфуза Тошматова маҳалла фаолларидан одамларни пахта теримига жалб қилишни талаб қилганди. «Аёлмисан, йўқми, виждонсиз?!» — деган у мурожаатида. Меҳнатга мажбурлагани учун у БҲМнинг 50 баравари (20,6 млн сўм) миқдорида жаримага тортилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қишлоқ хўжалиги вазирлиги қўлда терилган 1 кг пахта учун 2000 сўм тавсиявий нарх белгилаган эди. Машина ёрдамида терилган 1 кг пахта учун эса 1373 сўм. Вазирлик кластер, фермер хўжалиги раҳбарлари ва теримчилар ўртасида келишув асосида терим нархи мустақил белгилаш амалиёти ҳам қўлланишини билдирди.