Футбол бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи Фабио Каннаваро Малайзияда Уругвайга қарши ўртоқлик ўйини (1:2, видео) натижаларини сарҳисоб қилиб, таркибдаги йўқотишларга қарамай, футболчиларнинг жонбозлик кўрсатганини таъкидлади ва терма жамоага номзодларни диққат билан кузатишда давом этишга ваъда берди.
«Терма жамоада ҳар доим вақтимиз кам бўлади. Афсуски, бу сафар тўққиз нафар футболчимиз жароҳат сабаб қатнаша олмади. Шунга қарамай, мен учун бу йиғин жуда муҳим эди — барча мавжуд ўйинчиларни кўриб чиқиш, улар билан кўпроқ вақт ўтказиш, айрим нарсаларни яхшилашга ҳаракат қилиш учун. Мен футболчиларнинг кайфиятидан жуда хурсандман. Уларнинг терма жамоа учун борини бериб ўйнаганидан ҳам мамнунман», — деди Каннаваро.
Шунингдек, у жамоа ўйиндан икки кун олдин Малайзияга учиб келганини, аммо «бундай вазиятда нормал дам олиш қийинлигини» таъкидлади.
Унинг сўзларига кўра, кучли Уругвай терма жамоасига қарши ўйин фойдали синов бўлди:
«Албатта, бундай ўйинларда гол уриш муҳим. Улар аввалроқ ҳам гол уришди, иккита-учтадан яхши имкониятлар бўлди. Барибир мен футболчиларга раҳмат айтишим керак, чунки топсиз ўйин жуда юқори темпда ўтди. Тўп билан эса яхши ғояларни амалга оширишга ҳаракат қилдик. Уругвайни қийин аҳволга солиш осон эмас. Уларнинг футболчилари жуда ақлли, кўпчилиги Бразилия чемпионатининг юқори лигаларида, бутун дунё бўйлаб ўйнашади», — деди мураббий.
52 ёшли италиялик мутахассис Қувайт ва Уругвайга қарши ўйинлардан кейин шогирдларининг ўйин сифатидан мамнун: «Жуда яхши жамоам борлигини биламан, аммо биз янада яхшиланишимиз мумкин».
Каннаваро учрашув натижасига таъсир қилган хатоларга эътибор қаратди. Унинг фикрича, Уругвайнинг биринчи голи офсайддан урилган, иккинчисида эса Ўзбекистон футболчилари «жуда кўп бўш жой» қолдирган.
«Баъзан жарима майдони ичида бир-бирига яқинроқ ўйнаши керак. Юқори даражадаги жамоаларга қарши ўйнаганда эса хатоларни камайтириш, диққат ва концентрацияни сақлаш жуда муҳим. Футболчиларга танаффусда ҳам эҳтиёт бўлиш кераклигини айтдим. Улар биринчи бўлимда жуда яхши ўйнашди. Аммо алмаштириш хонасига киргач, бироз тин олиб, агар концентрация 100 фоиз даражада бўлмаса, муаммолар пайдо бўлади — кўрдингизлар, бизни шундай ҳолатда жазолашди», — деди у.
Каннаваронинг таъкидлашича, ўйинчилар майдонга яхши кайфиятда тушишган, аммо иккинчи бўлимда «бироз тушкун кўринишган».
«Мен улар темпни ошириш, мотивацияни кўтариш кераклигини айтдим. Иккинчи бўлимда уларнинг бироз сустлашганини кўрдим, лекин кейин динамика ўзгарди. Биз битта гол урдик, яна гол уришга ҳаракат қилдик. Аввал айтганимдек, мен ҳозир кийим алмаштириш хонасида ҳам шуни такрорладим: жуда хурсандман. Фақат бугунги ўйиндан эмас, мен терма жамоага келганимдан бери ҳар бир футболчи борини бериб ўйнаяпти. Бу мен учун жуда муҳим», — деди Каннаваро.
Ўзбекистон ноябрь ойида Дубайда яна иккита ўртоқлик ўйини ўтказиши кутилмоқда.
Мураббий нафақат терма жамоада қизиқиш уйғотаётганларни, балки янги номзодларни ҳам кузатишда давом этишини маълум қилди:
«Эшитишимча, терма жамоа ноябрь ойида яна иккита ўйин ўтказади. Мен ўша пайтда Ўзбекистонда қолиб, чемпионат ўйинларини кузатаман. Шу сабабли машғулотларга ҳам бораман, ўйинчилар билан учрашаман, уларнинг мураббийлари билан танишаман. Чунки терма жамоа мураббийининг иши шундан иборат — имкон қадар кўпроқ футболчини кузатиш. Бизда вақт бор, лекин бу вақт ичида барча футболчиларни бутун дунё бўйлаб кузатишимиз керак. Фақат терма жамоага чақирилганларни эмас, балки чемпионатда яхши ўйнаётган футболчиларни ҳам эътиборга олиш зарур. Иложи бўлса, уларни ҳам чақириб, улар билан бироз вақт ўтказиш керак. Чунки ўйинчини телевизор орқали кўриш бир нарса, майдонда жонли кўриш эса бутунлай бошқа», — деди Каннаваро.