14 октябрь куни Олий Мажлис қонунчилик палатасида рецепт билан бериладиган дори воситаларининг ноқонуний айланмаси учун жавобгарликни кучайтиришни назарда тутувчи қонун лойиҳаси биринчи ўқишда концептуал жиҳатдан кўриб чиқилди. Бу ҳақда қуйи палата матбуот хизмати хабар қилди.

Қонун лойиҳаси билан Жиноят ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларига рецепт асосида бериладиган дори воситаларининг ноқонуний муомаласига қарши жазо чораларини кучайтириш таклиф этилмоқда.

Жумладан, таркибида кучли таъсир қилувчи моддалар мавжуд бўлган дори воситаларини рецепт бўйича чакана реализация қилиш тартибини бузиш, шундай ҳаракат учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин ёки кўп миқдорда содир этилган тақлирда, жиноий жавобгарлик белгилаш ва БҲМнинг 200 баравардан (амалда 100 баравари) 300 бараваргача миқдорда жарима солиш назарда тутилмоқда.

Шунингдек, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга таркибида кучли таъсир қилувчи моддалар мавжуд бўлмаган дори воситаларини рецепт бўйича чакана реализация қилиш тартибини бузганлик учун амалда белгиланган жарималар миқдорини базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 бараваридан 100 бараваргача ошириш. Таркибида кучли таъсир қилувчи моддалар мавжуд бўлган дори воситаларини рецепт бўйича чакана реализация қилиш тартибини бузганлик учун амалда белгиланган жарималар миқдорини 100 бараваридан 200 бараваргача оширишни кўзда тутувчи ўзгартиришлар киритиляпти.

Қайд этилишича, амалдаги қонунчиликда бундай ҳуқуқбузарликлар учун белгиланган санкциялар номутаносиб бўлиб, дори воситалари ва тиббий буюмларнинг ноқонуний муомаласига барҳам бериш ва олдини олиш бўйича ҳуқуқий механизмларни янада такомиллаштириш зарурияти юзага келмоқда.

Таҳлилларга кўра, Статистик маълумотларга кўра, 2021−2024 йилларда дори воситаларидан заҳарланган шахслар сони 18 000 нафардан ошган. Шундан 177 нафарида ўлим ҳолати кузатилган. 2022−2025 йиллар давомида 18 миллиард сўмлик 285 минг дона дори воситаси ноқонуний айланмадан олиб қўйилган. Биргина, 2024 йилда бундай ҳолатлар 2022 йилга нисбатан 3 бараварга кўпайган.

Қонун лойиҳаси депутатлар томонидан иккинчи ўқишда қабул қилинди.