АҚШ, Миср, Қатар ва Туркия раҳбарлари Шарм аш-Шайхдаги саммитда Ғазо секторида тинчлик декларациясини имзолади, деб хабар бермоқда BBC News.
«Бу нуқтага етиб келишимиз учун 3000 йил керак бўлди, тасаввур қиляпсизми? Ва бу келишув амалда бўлади», — деди АҚШ президенти Дональд Трамп якуний ҳужжатни имзоларкан. «Биз биргаликда ҳамма имконсиз деб ҳисоблаган нарсага эришдик. Ниҳоят Яқин Шарқда тинчлик ўрнатилди», — деди у.
«Трампнинг мустаҳкам тинчлик ва фаровонлик декларацияси» деб номланган ҳужжатда Ғазодаги можарони ҳал қилиш тамойиллари баён этилган.
«Биз президент Трампнинг Ғазодаги урушни тўхтатиш ва Яқин Шарқда мустаҳкам тинчлик ўрнатиш бўйича самимий саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлаймиз. Биз биргаликда ушбу келишувни минтақадаги барча халқлар, жумладан, фаластинликлар ва исроилликлар учун тинчлик, хавфсизлик, барқарорлик ва имкониятларни таъминлайдиган тарзда амалга оширамиз», — дейилади декларацияда.
Имзоловчилар «бўлажак низоларни куч ёки узоқ давом этадиган можаро билан эмас, балки дипломатик алоқалар ва музокаралар орқали ҳал қилиш» мажбуриятини олди. «Биз Яқин Шарқнинг узоқ давом этадиган урушларнинг доимий циклига, боши берк кўчага кириб қолган музокараларга ёки муваффақиятли келишилган шартларнинг қисман, тўлиқ бўлмаган ёхуд танлаб қўлланишига тоқат қила олмаслигини тан оламиз», — дейилади ҳужжатда.
Саммитда 20 дан ортиқ давлат, жумладан, Европа ва Яқин Шарқ етакчилари иштирок этди. Шунингдек, Шарм-ал-Шайхда Араб давлатлари лигаси бош котиби Аҳмад Абу Гейт, БМТ бош котиби Антониу Гутерриш, ФИФА президенти Жанни Инфантино ва Буюк Британиянинг собиқ бош вазири Тони Блэр ҳам бўлди.
Учрашувда низолашаётган томонлар — Исроил ва ҲАМАС вакиллари иштирок этмади.
Исроил ва ҲАМАС ҳозирча Трамп тинчлик режасининг биринчи босқичини амалга оширишнинг дастлабки босқичида турибди. Бир кун аввал ҲАМАС Ғазо секторида икки йилдан ортиқ вақт давомида асирликда бўлган сўнгги тирик исроилликларни — 20 кишини қайтарди. Исроил бунга жавобан Исроил қамоқхоналарида сақланаётган 250 нафар фаластинлик маҳбусни ва Ғазода қўлга олинган 1700 кишини озод қилди. Исроил армияси ҳам ўт очишни тўхтатиш режими доирасида келишилган чизиқларга чекинди.
Томонлар Ғазони урушдан кейин бошқариш, ҳудудни тиклаш ва Исроилнинг ҲАМАСни қуролсизлантириш талаби бўйича келишувга эриша олмади, дея таъкидлайди Associated Press. Ушбу бандлар бўйича музокаралар барбод бўлиши мумкин ва Исроил, агар унинг талаблари бажарилмаса, ҳарбий операцияларни давом эттириши мумкинлигига шаъма қилди.