Ўзбекистонда эндиликда «маҳалла еттилиги» ходимлари билан ҳар бир йўналиш бўйича алоҳида мажлис ўтказиш тақиқланади. Бу ҳақда президент матбуот котиби Шерзод Асадов хабар қилди.

Маҳалла тизимидаги ислоҳотларни янги босқичга олиб чиқиш бўйича видеоселектор йиғилишида давлат раҳбари «маҳалла еттилиги» иш вақтининг ярмини турли мажлис ва тадбирларда ўтказаётганини танқид қилди. Шунингдек, «еттилик» ходимларининг аниқ вазифаларини, KPI белгилангани билан маҳалладаги умумий натижадорликни баҳолайдиган тизим мавжуд эмаслигига тўхталди.

Йиғилишда қайд этилишича, бундан буён «маҳалла еттилиги» ходимлари билан ҳар бир йўналиш бўйича алоҳида мажлис ўтказиш тақиқланади.

Шунингдек, «еттилик» фаолиятида интизом ва самарадорликни баҳолаш масаласига эътибор қаратилди.

«Ҳозирда „еттилик“ аъзоларининг 1 минг 700 нафари маҳалла ҳудудидан 20−30 километр узоқдан қатнайди. Оқибатда ўтган йили 68 нафар „еттилик“ вакиллари бириктирилган маҳалласига бир неча ой келмаган», — дейилади хабарда.

Шу нуқтаи назардан, мутасаддиларга «еттилик» фаолиятини комплекс баҳолайдиган тизимни ишга тушириш топширилди. Шу билан бирга, туман ҳокимлари йил якунига кўра, яхши ишлаган 10 та «еттилик»ни мукофотлаш, уларга қўшимча устамалар беришни йўлга қўйиши белгиланди.

Маълумот учун, «маҳалла еттилиги»га қуйидагилар киради:

  1. Маҳалла раиси;
  2. Маҳалладаги ҳоким ёрдамчиси;
  3. Ёшлар етакчиси;
  4. Хотин-қизлар фаоли;
  5. Профилактика инспектори;
  6. Ижтимоий ходим;
  7. Солиқ инспектори.