14 октябрь куни Қозоғистоннинг Олмаота шаҳридан ота-она қарамоғисиз қолган уч нафар вояга етмаган Ўзбекистон фуқароси Тошкент шаҳрига олиб келинди. Бу ҳақда Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги матбуот хизмати хабар берди.

Уларни кузатиб келишда Ички ишлар вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда ИҲМА ходимлари иштирок этди.

Болаларнинг икки нафари дастлаб Тошкент шаҳридаги марказга, сўнгра ота-онаси бағрига қайтарилади, яна бир бола эса Навоий вилоятдаги оилавий болалар уйига жойлаштирилади, дейилади хабарда.

Таъкидланишича, вояга етмаган ушбу боланинг ижтимоий қўллаб-қувватланиши унинг кейинги яшаш жойи бўйича давом эттирилади.

Эслатиб ўтамиз, ҳозирда Ўзбекистон ИИВ, ИҲМА ҳамда ССВ ходимлари Россия ва Қозоғистонда хизмат сафарида бўлиб турибди. Тез орада Қозоғистондан яна 4 нафар вояга етмаган болани олиб келиш режа қилинган.