Зўравонликка қарши ҳар йиллик NeUyat 2025 фестивали жорий йилнинг кузида тўртинчи марта ўтказилади. 17 октябрдан 12 декабрга қадар Самарқанд, Фарғона ва Тошкентдаги арт-локациялар томонидан ўтказиладиган сайёр кўргазма унинг марказий тадбири бўлади.
Фестивал ташкилотчилари — зўравонликка қарши Nemolchi.uz лойиҳаси — санъатни сукунатдан чарчаганларга ўз овозини топиш имкониятини берадиган хотира ва қаршилик майдони сифатида кўради.
«Жамият учун зўравонлик ҳақида гапириш қийинлигича қолмоқда. Унинг оқибатлари кўпинча кўринмайди — сукунат, уят ва қўрқув ортида яширин. Зўравонликни бошдан кечирган аёллар ўз дардлари ҳақиқат эканини, уларнинг овози ишончга лойиқ эканини, уларнинг ҳикояси муҳокама қилинмаслиги кераклигини исботлашга мажбур бўлади. Шу тарзда шахсий жароҳатлар омманикига айланади», — дейилади пресс-релизда.
Бу йилги кўргазмада Лили Алтаева, Негина Алиева, Алена Юсупова, Ситора Брежнева, Ветлина Бурмистрова, Динара Бабаева, Маржона Зоҳидова, Бернара Рустам, Мери Шония, Мариам Гажимуродова ва Оля Маженко каби 11 нафар рассомнинг асарлари намойиш этилади.
Уларнинг расмлари, ҳайкаллари, видео-артлари, рақамли инсталляциялари ва перфоманслари зўравонлик қандай қилиб инсонни ичкаридан йўқ қилишини, травма қай тарзда шахсиятни бузишини ва оғриқ ва заифликка қарамай, аёллар ўзларини қайта тиклаш учун қандай куч топишини ўрганади. Асарлар ўзбек ва рус тилларида тақдим этилади.
Жойлашув манзиллари
- 17 октябрь — 2 ноябрь: Самарқанд — ArtStation Residency (Маҳмуд Кошғарий кўчаси, 85а);
- 6−20 ноябрь: Фарғона — Amulet галереяси;
- 23 ноябрь — 12 декабрь: Тошкент — Bonum Factum Gallery.
Фестивал Швейцариянинг Ўзбекистондаги элчихонаси кўмагида ўтказилмоқда. Кириш бепул, ёш чегараси — 18+.