Президент иштирокида 14 октябрь кунги маҳалла тизимидаги ислоҳотларни янги босқичга олиб чиқиш бўйича видеоселектор йиғилишида маҳаллаларда тадбиркорлик лойиҳаларини кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот хизмати хабар берди.

Таъкидланишича, яратилган имкониятлар ҳисобига 7 мингта маҳалла мева-сабзавот, гулчилик, асаларичилик, тикувчилик, мебелсозлик, савдо ва сервис каби 15 та йўналишга ихтисослашган. 3 минг 326 та маҳалладаги 50 фоиз хонадон бу тизим билан қамраб олингани учун 1,5 миллион оила даромадли бўлган.

Бундан ташқари, маҳалла банкирлари, ҳоким ёрдамчилари ҳар бир маҳаллада ўртача 40 тадан микролойиҳа қилиши учун уларга жорий йилда 6,5 триллион сўм ресурс берилган.

Лекин шунча ресурс берилса-да, ҳамма ҳокимлар ва «маҳалла еттилиги» ҳам бир хил ишламаяпти, таъкидлади Шавкат Мирзиёев. У худудлардаги 2 минг 356 та маҳаллада ҳали ихтисослашув даражаси анча пастлигини айтди.

Мутасаддиларга барча маҳаллада ихтисослашувни охирига етказиш кераклиги кўрсатиб ўтилди. Бунда маҳаллалар аҳолиси билан учрашиб, уларнинг салоҳиятидан келиб чиқиб, аниқ ихтисослигини белгилаш, камида 200 минг аҳолини банд қиладиган микролойиҳаларни шакллантириш топширилди.

Келаси йилдан мева-сабзавотга ихтисослашган 2682 та маҳаллага саноат олиб кириш учун имтиёзли ресурслар, аввало, сақлаш, қайта ишлаш ва қадоқлаш лойиҳаларига берилади.