• Пн. Ноя 10th, 2025

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Маҳалла раиси ва ҳоким ёрдамчиси 5 минг кв.гача давлат мулкини аукционга чиқара олади


Ўзбекистонда эндиликда маҳалла раиси ва ҳоким ёрдамчиси бўш турган давлат мулкини аукционга чиқариши мумкин бўлади. Бу ҳақда президент матбуот котиби Шерзод Асадов хабар қилди.

14 октябрь кунги видеоселектор йиғилишида давлат раҳбарининг қайд этишича, маҳаллаларга маблағ ажратилиб, шароит яратилгани учун шу йилнинг ўзида 237 минг оила камбағалликдан чиқди. Лекин ҳозирда 28 та кичик туманда ишсизликка қарши етарли чора кўрилмаяпти.

Шу сабабли маҳалла тизими учун масъул раҳбарларга шу кунданоқ ишчи гуруҳи тузиш ва ушбу 28 та туманга бориб, улардаги ишсизлик, камбағаллик ва жиноятчиликни келаси йили 2 карра қисқартириш бўйича чора-тадбирларни ишлаб чиқиш топширилди.

Маҳаллаларга 2 минг квадрат метргача бўш давлат объектларини аукционга чиқариш ваколати берилган. Масалан, Самарқанд шаҳар Шодлик маҳалласи 1,5 минг квадратли бино сотувидан маҳалла бюджетига 5 миллиард сўм туширган.

«Кўряпсизларми, қолган маҳаллаларда ҳам „еттилик“ изланса, 3 мингга яқин бундай биноларни сотиш орқали анча масалани ҳал қилса бўлади», — деди президент.

Таъкидланишича, энди маҳалла раиси ва ҳоким ёрдамчиси бўш турган 5 минг квадратгача бўлган давлат мулкини аукционга чиқариши мумкин бўлади. Сотувдан тушган маблағнинг 70 фоизи маҳалланинг ўзида қолади ва инфратузилмага сарфланади.

Шу йиғилишда Шавкат Мирзиёев маҳаллла ва кўчаларда озодалик талабларига риоя этилмаётганини танқид қилди ҳамда республикада тозалик ва озодалик ойлигини эълон қилди. ИИВ ва Миллий гвардия чиқинди ташлаганлик учун кунлик назорат ўрнатади, 24 соат ишлайдиган ободонлаштириш бригадалари ташкил этилади.

Бундан ташқари, эндиликда «маҳалла еттилиги» ходимлари билан ҳар бир йўналиш бўйича алоҳида йиғилиш ўтказиш тақиқланади. «Еттилик» фаолиятини комплекс баҳолайдиган тизим ишга туширилади. Туман ҳокимлари йил якунига кўра яхши ишлаган 10 та «еттилик»ни мукофотлаш, уларга қўшимча устамалар беришни йўлга қўяди.

Тадбиркорлар томонидан қурилиб, пастки қаватида «маҳалла еттилиги» жойлашадиган бинолар шаҳар ва вилоят марказларида 3 йил, қишлоқларда 7 йил муддатга ер ва мол-мулк солиғидан озод қилинади. Бино эгаси бу вақт ичида фойда ва айланмадан солиқни 50% пасайтирилган ставкада тўлайди.

Шунингдек, Ўзбекистонда «Энг яхши солиқ тўловчи маҳалла» рейтинги жорий этилади. Рейтингда 100 таликка кирган маҳаллаларда «Ташаббусли бюджет» доирасида аҳоли ўзи бошлаган лойиҳа харажатининг 75 фоизи бюджетдан тўлаб берилади.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *