Украина президенти Владимир Зеленский 17 октябрь куни Оқ уйда АҚШ президенти Дональд Трамп билан учрашишини маълум қилди. Бу Трампнинг Зеленский билан Вашингтонда йил бошидан буён учинчи учрашуви бўлади.
Зеленскийнинг сўзларига кўра, музокараларда ҳаво ҳужумидан мудофаа ва Украинанинг узоқ масофали зарбалар бериш имкониятлари муҳокама қилинади.
Шунингдек, у Америка мудофаа ва энергетика компаниялари вакиллари ҳамда АҚШ Конгресси аъзолари билан учрашишини қўшимча қилди.
Axios портали манбаларга таяниб ёзишича, Трамп ва Зеленский музокараларининг мавзуларидан бири Киевга Tomahawk қанотли ракеталарини топшириш бўлиши мумкин. «Телефон орқали муҳокама қилиш мумкин бўлмаган айрим масалалар бор», — деди нашр суҳбатдошларидан бири.
Ўтган якшанба куни Трамп журналистларга Зеленский билан дам олиш кунлари бўлиб ўтган телефон суҳбатида АҚШ Украинага Tomahawk ракеталари ва Patriot ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларини етказиб бериш имкониятини муҳокама қилганини айтганди.
Трампнинг таъкидлашича, у Россия президенти Владимир Путин билан Tomahawk ракеталарини етказиб бериш масаласини муҳокама қилиши мумкин. «Tomahawk`лар улар томонга учиб келишини хоҳлашяптими? Ўйламайманки… Мен унга (Путинга — таҳр.) айтардим: агар бу можаро ҳал қилинмаса, мен Украинага Tomahawk ракеталарини бераман», — деди Америка етакчиси.
Узоқ масофали ракеталар Украинага Россиянинг ичкарисидаги нишонларни, жумладан, Москвани нишонга олиш имконини беради, дея таъкидлайди Axios.
Кремль вакили Дмитрий Песков аввалроқ Кремль Украинага Tomahawk етказиб бериш имкониятидан хавотирда эканини, чунки бу ракеталар ядровий каллакларни ташишга қодир эканини айтганди. Путин, ўз навбатида, Tomahawk`лардан фойдаланиш АҚШ ҳарбийларининг бевосита иштирокини талаб қилишини ва бундай кескинлашув АҚШ ва Россия ўртасидаги муносабатларга жиддий зарар етказишини таъкидлаган.