Ўзбекистонда Centrum Air авиакомпанияси, My Freighter юк авиакомпанияси ва Centrum Logistics логистика компаниясини ўз ичига олган Centrum Holding 2026 йил охиригача халқаро бозорга акцияларини оммавий жойлаштиришни (IPO) режалаштирмоқда. Бу ҳақда холдинг матбуот хизмати Gazeta’га маълум қилди.
Президент Шавкат Мирзиёевнинг Нью Йоркка ташрифи доирасида компания бошқарув раиси Абдулазиз Абдураҳмонов Американинг Citigroup молиявий конгломерати ва Oppenheimer Holdings мустақил инвестиция банки билан келишувлар имзолади.
Бу келишувлар компанияни халқаро фонд бозорларига чиқишга тайёрлашга кўмак беришни назарда тутади. «2026 йил охиригача биз Citigroup ва Oppenheimer ҳамкорлигида IPO ўтказишни режалаштирмоқдамиз. Бу бизнинг беш йиллик меҳнатимиз самарасидир», — деди Абдулазиз Абдураҳмонов.
Абдулазиз Абдураҳмонов (чапдан иккинчи).
IPO ўтказишнинг асосий мақсадлари — ўсиш, обрў ва глобал кенгайиш
Компания таъкидлашича, акцияларни оммавий жойлаштиришнинг асосий вазифаларидан бири — барқарор ўсиш учун инвестициялар жалб этишдир. Бу флотни кенгайтириш, янги йўналишларни очиш, техник базани мустаҳкамлаш ва инфратузилмани ривожлантириш ҳисобидан амалга оширилади.
«IPO ўтказгач, компания юқори даражадаги корпоратив бошқарув, очиқлик ва ҳисобдорлик стандартларига амал қилиш талаб этилади. Бу институционал инвесторлар, ҳамкорлар, акциядорлар ва регуляторлар ишончини оширади. Шаффофлик даражаси ошиши натижасида компания халқаро майдонда янада ишончли ва рақобатбардош бўлади, молиялаштириш имкониятлари эса кенгаяди», — дея таъкидлашди Centrum Holding`да.
Биржага чиқиш, шунингдек, компаниянинг халқаро обрўсини мустаҳкамлаш, Марказий Осиё ташқарисидаги йўналишлар географиясини кенгайтириш ҳамда мультимодал логистика глобал маконида ҳамкорликларни чуқурлаштириш воситаси сифатида кўрилмоқда.
Платформа ва жойлаштириш ҳажми
Компания IPO ўтказиш майдонини ҳали аниқ белгиламаган — бир нечта вариантлар кўриб чиқилмоқда.
Centrum Holding камида 25 фоиз акцияларни жойлаштиришни режалаштирмоқда. Капитализация қиймати бозор шароити ва мустақил маслаҳатчилар хулосасига боғлиқ бўлади, аммо холдинг ўзининг ўзига хос позицияси ва даромад манбалари диверсификациясини ҳисобга олган ҳолда «адолатли баҳоланиш»ни кутмоқда.
Жалб қилинган маблағлар нимага йўналтирилади?
IPO орқали жалб қилинган маблағларни инфратузилма лойиҳаларини ривожлантиришга сарфлаш режалаштирилмоқда:
«IPO орқали тушадиган маблағларни асосан инфратузилмани янада ривожлантиришга — жумладан, жаҳон логистика бозорида Ўзбекистоннинг ўрнини мустаҳкамлашга хизмат қиладиган капиталталаб лойиҳаларга йўналтиришни режалаштирганмиз», — дея таъкидлашди холдингда.
Авиафлотни кенгайтириш
Ҳозирги вақтда Centrum Air авиапаркида Airbus компаниясининг 12 та самолёти мавжуд. 2025 йил охиригача компания паркни яна икки самолёт билан тўлдиришни режалаштирган: бири — тор фюзеляжли A320, иккинчиси — кенг фюзеляжли A330, шу тариқа самолётларнинг умумий сони 14 тага етказилади.
«2026−2027 йиллар давомида авиапаркдаги самолётларни 25 ва ундан кўпроққа етказиш режалаштирилган. Бу фақат йўловчи самолётларидир. Бундан ташқари, биз юк ташувчи авиапаркни ҳам, транспорт воситаларининг ер усти паркини ҳам кенгайтириш устида иш олиб бормоқдамиз», — дея маълум қилишди компанияда.
Янги йўналишлар — ички тармоқ ва Европа
Жорий йил бошидан буён Centrum Air йўналишлар тармоғига 40 дан ортиқ янги рейслар, жумладан, ҳудудий аэропортлардан амалга ошириладиган халқаро парвозлар қўшилди. Қишки жадвал доирасида қуйидагилар режалаштирилган:
- Санкт Петербург, Грозний ва Пхукетга рейслар;
- Самарқанддан Тель Авивга, Бухородан Владивостокка, Тошкентдан Фукуок оролига тўғридан-тўғри рейслар;
- Тошкент — Бухоро йўналишини кучайтириш.
2026 йилда Европага рейслар очиш масаласи кўриб чиқилмоқда, авиация ҳукумати ва ҳамкорлар билан йўналишларга тайёргарлик олиб борилмоқда.
Компания ҳозирги молиявий натижалар ва IPO`гача фойдалиликка эришиш режалари ҳақидаги саволга жавобан аниқ маълумотларни тақдим этмади, аммо барча бизнес йўналишларини ривожлантириш босқичма-босқич ва «2030 йилгача мўлжалланган стратегияга мувофиқ» амалга оширилаётганини таъкидлади.
My Freighter компанияси 2019 йил охирида ташкил этилган. Устав капитали 6,42 миллиард сўм бўлган компания таъсисчилари— Ҳафизжон Ғафуров ва Абдулазиз Абдураҳмонов. 2023 йилда эса унинг лоукостер форматидаги шўъбаси — Centrum Air йўловчи авиакомпанияси иш бошлади.
Ҳозирги пайтда Centrum Air авиапаркида жами 12 та самолёт мавжуд: олтита Airbus A320, учта A321 ва учта A330−300. Ҳаво паркининг ўртача ёши 12 йилни ташкил этади. Компания ўз авиапаркини фаол кенгайтирмоқда — сентябрь ойи бошида учинчи кенг фюзеляжли Airbus A330−300 самолёти етиб келди.
