• Сб. Июн 6th, 2026

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Бутун республикада тозалик ва озодалик ойлиги эълон қилинади – Ўзбекистон янгиликлари – Gazeta


Шавкат Мирзиёев маҳаллла ва кўчаларда озодалик талабларига риоя этилмаётганини танқид қилиб, бутун республикада тозалик ва озодалик ойлигини эълон қилди, дея хабар бермоқда президент матбуот хизмати.

«Маҳалланинг озодалиги шу ерда яшаётган аҳоли, „маҳалла еттилиги“, ҳокимнинг „юзи“. Шундай бўлса-да, айрим маҳаллалар, кўчалар, қурилишлар атрофи, ариқлар, хиёбонларда озодалик талабларига риоя этилмаяпти. Шу боис, бутун республикада тозалик ва озодалик ойлиги эълон қилинади», — деди давлат раҳбари.

Ҳар бир туман ва шаҳар ҳокими кўчаси, йўли, ариғи, хиёбонини тартибга келтириб, доимо озода тутиши шартлиги қайд этилди.

Ободонлаштиришга масъул ҳоким ўринбосарларига бугуноқ 24 соат ишлайдиган бригадалар ташкил қилиб, кўча, хонадон, кўп қаватли уй, ижтимоий объектлар атрофини тозалаш топширилди. «Тоза ҳудуд» корхоналарига қарашли махсус техникалар ҳам бунга тўлиқ сафарбар қилинади.

Ички ишлар вазирлиги ва Миллий гвардияга чиқинди ташлаганлик учун жарима қўллаш ваколати берилгани қайд этилиб, уларга жойларга чиқиб, шаҳар ва туман марказларида кунлик назорат ўрнатиш топширилди.

Шавкат Мирзиёевнинг сўзларига кўра, маҳаллалар аҳолиси ўзлари дарахт экиб, парвариш қилишга, яшил ҳудудларни кўпайтиришга тайёр. Лекин бирорта ҳоким ёки маҳалла раиси тайинли жойни кўрсатиб бермаяпти.

Эндиликда «еттилик», маҳалла аҳолиси яшил ҳудуд қилиш ташаббуси билан чиқса, туман ҳокими 10 сотихгача ер майдони ажратиб беради. Ҳокимлар ва «еттилик» бунинг устидан таъсирчан жамоатчилик назорати ўрнатилиши, бу ерлар бошқа мақсадларга бериладиган бўлса, қонун устувор, жазо муқаррар бўлиши ҳақида огоҳлантирилди.

Бош прокуратурага бошқа мақсадлар учун бериб юборилган яшил ҳудуд, спорт майдончаси, болалар ўйингоҳларини жойига қайтариш бўйича топшириқ берилган эди. Тўрт ой ичида 20 гектар яшил ҳудуд, 107 та спорт майдончаси ва болалар ўйингоҳи тикланди.

Президент бундай жойларнинг барчаси жой-жойига қўйилмагунча ишни давом эттириш вазифасини қўйди.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *